ТИНЧ ВА ЭРКИН, ОБОД ВА ФАРОВОН ҲАЁТ УЧУН ОВОЗ БЕРИЛДИ


«Янги Ўзбекистон жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрў-эътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон  мамлакатга айланади. Мен бунга нафақат ишонаман, балки шу йўлда бор билим ва тажрибамни, куч-ғайратимни сафарбар этишга ҳамиша тайёрман. Барча юртдошларимизни ана шундай улуғ сафда – Янги Ўзбекистон бунёдкорлари қаторида бўлишга даъват этаман».

Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Мамлакатимизда жорий йил 24 октябрда очиқ-ошкора, эркин ва адолатли, ­демократик тамойиллар асосида Президент сайлови бўлиб ўтди. Қайд этиш керак, барча Президентликка номзодларнинг сайловолди дастурлари Янги Ўзбекистонни яратиш, юртимизда тинч ва ­эркин, обод ва фаровон ҳаётни барпо этиш ғояларини ўзида мужассам этди. Халқимиз ўзи ишонган ва севган, ўзининг куч-ғайратини жонажон Ватанимизнинг буюк ­келажаги учун сафарбар этган, ­халқимиз ва дунё ҳамжамиятида катта обрў ва ҳурматга ­сазовор бўлган муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёевни сайлади ва ишонч билдирди.

Ҳақиқатдан ҳам ривожланган демократик давлатлар қаторидан муносиб ўрин олиш мақсадида мамлакатимизда кенг қамровли ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий-маърифий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг ташаббуси билан бундан беш йил аввал қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар страте­гиясида белгиланган мақсад ва вазифаларнинг юксак даражада самарали амалга оширилиши, кейинги йилларда эришган ютуқларимиз ривожланишнинг янги босқичи — Янги Ўзбекистонни барпо этишда мус­таҳкам асос бўлди.

Ўзбекистон бугунги кунда нафақат халқимиз балки дунё ҳамжамияти томонидан ҳам инновацион ғоя ва технологияларни жорий этиб, иқтисодиётда барқарор  ўсиш суръатларига эришаётган, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий шароити тубдан яхшиланиб ҳаёт даражаси юксалаётган, айниқса, одамларда адолатга, ҳақиқатга ишонч пайдо бўлган, чет эллар билан мустаҳкам дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини кенг миқёсда олиб бораётган очиқ ва демократик давлат сифатида эътироф этилмоқда.

Айни дамда бундан беш йил аввал бўлган бир воқеа ёдимга тушди. Тошкентда ўтказилган халқаро анжуманларнинг бирида чет эллик меҳмон, сизнинг газеталарингизнинг ҳар кунги сонида Президент фармонлари ёки қарорларини кўрамиз. Нима учун бунча кўп? — деди. Шунда биз, — Сиз Ўзбекистонга шундай пайтда келдингиз, яқинда янги Президент сайланди. Президентимиз раҳбарлигида халқ хўжалигининг барча соҳалари чуқур таҳлил қилиниб, энди янги, бугунги замон талабидан келиб чиқадиган, Ватанимизни янада тараққий эттиришга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилади, янги давлат дастурлари қабул қилинади. Ушбу ислоҳотларни амалга ошириш учун Президент фармонлари ва қарорлари қабул қилинмоқда. Ўзбекистонга яна бир бор келсангиз ушбу ислоҳотларнинг мисли кўрилмаган ижобий натижасини кўрасиз, — дедик.

Дарҳақиқат, чуқур ўйланган, стратегик аҳамиятга эга бу моделга асосланиб қабул қилинган  2017 йилда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари  йили”, 2018 йилда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”, 2019 йилда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”, 2020 йилда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, 2021 йилда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастурлари бўйича амалга оширган  ислоҳотларимиз ўз самарасини бериб, тарихий аҳамият касб этди. Маълумки, Ҳаракатлар стратегияси доирасида 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Президент Фармони ва қарорлари қабул қилинди.

Қайд этиш зарур, сиёсатчилар таъкидлаганидек, “…ҳар қайси мамлакатда ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши унинг раҳбарининг сиёсий иродаси ва фаолияти билан боғлиқдир”. Етакчи маҳаллий ва хорижий экспертлар, нуфузли сиёсатчи ва иқтисодчилар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва раҳбарлигида мамлакатимизда амалга оширилган тарихий аҳамиятга эга (15 та ) энг муҳим ислоҳотларга юқори баҳо берди. Бу ислоҳотлар янги тараққиёт даври — Янги Ўзбекистонни яратишда мустаҳкам пойдевор бўлди.

Бу муҳим ислоҳотлар:

  1. Марказий Осиёда янги қўшничилик муносабатлари ўрнатилди. 2. Валюта базори эркинлаштирилди, нақд пул билан боғлиқ муаммолар бартараф этилди. 3. Давлат хизматлари тизими ривожлантирилиши: давлат хизматлари марказлари ишга туширилди ва ортиқча ­бюрократияга барҳам берилди. 4. Туризмни ривожлантириш доирасида 90 мамлакат учун визасиз режим, 48 мамлакат фуқаролари учун визасиз транзит тартиби жорий этилди. 5. Инсон ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилиши ва шу жумладан мажбурий ва болалар меҳнатига барҳам берилди. 6. Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва давлат органларининг очиқлиги бўйича янги тизим жорий этилди. 7. Медиа муҳитининг кенгайтирилиши билан ОАВ нинг жамиятдаги, ҳукуматнинг муҳум қарорлари қабул қилинишидаги роли оширилди. 8. Гендер сиёсати янги босқичга олиб чиқилди ва Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ташкил этилди. 9. Университетларга қабул квоталари оширилди ва хорижий ОТМ филиаллари очилди. 10. Тадбиркорлик муҳитини яхшилаш мақсадида бизнесни рўйхатдан ўтказиш ва уни юритиш бўйича жараёнлар соддалаштирилди. 11. Камбағаллик расмий тарзда тан олинди ва уни қисқартириш бўйича комплекс ёндашув шакллантирилди. 12. Коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий ва институционал ўзгаришлар амалга оширилди. 13. Ёшларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими жорий этилди. 14. Ўзбекистонда 15 йил давомида доимий яшаган фуқаролиги бўлмаган шахсларга тўғридан-тўғри фуқароликни бериш тартиби жорий этилди. 15. Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон барпо қилинди. БМТ шафелигидаги Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди ишга туширилди. БМТ Бош Ассамблеясининг “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар худуди, деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюцияси қабул қилинди.

Бу ислоҳотларнинг ижобий таъсири ва самараси ҳар бир соҳа ва ҳудуд, туман ва қишлоқ, оила ва шахс ҳаётининг юксалишида намоён бўлмоқда. Ҳақиқатдан ҳам Президентимизнинг энг асосийси, ислоҳотларимиз натижасини юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ҳар бир оила ўз кундалик ҳаётида ҳис этиши керак деган таъкидлари бугун реал воқеликка айланмоқда.

Қайд этиш керак, Президентимизнинг яқинда чоп этилган 7 бўлимдан иборат “Янги Ўзбекистон стратегияси” асари барчамиз учун дастуриламал бўлмоқда. Унда Янги Ўзбекистонни барпо этиш ғояси, бу йўлда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ислоҳ қилиш борасидаги энг муҳим стратегик йўналишлар моҳияти очиб берилган. Ўтган даврда босиб ўтган йўлимизни, эришган катта  ютуқ ва натижаларимизни яна бир бор сарҳисоб ва таҳлил қилиб, олдимиздаги турган марраларимизни аниқ равшан белгилаб олганимиз, бугун биз ягона халқ бўлиб кўзлаган юксак мақсадларимиз сари дадил бораётганимиз қайд этилади.

Китобнинг биринчи бўлимида Янги Ўзбекистон орзуси, феномени, янгиланиш ва тараққиёт омиллари ва янгиланаётган Ўзбекистон тўғрисида сўз борар экан, унда халқимизни ёруғ келажакка чорлаб, умумий мақсадлар йўлида бирлаштириб турадиган яхлит маънавий асос ва мезонга айланиб бораётгани,  халқ орзуси тарихий тараққиётнинг барча даврларида миллатнинг етук вакилларини уни рўёбга чиқариш йўлида амалий ҳаракатларга ундаб келганлиги, душманларга қарши аёвсиз жанг бошлаган Тўмарис онамизнинг кучига куч қўшган қудратли куч халқ орзуси эканлиги, афсонавий Широқ, Спитамен, Жалолиддин ва Амир Темур боболаримизнинг қаҳрамонлиги халқимизнинг тарихий хотирасида абадий сақланиб қолади.

Китобда асрий орзу халқимиз эришган биринчи ренессансга асос солган Имом ал Бухорий, Имом ат Термизий, Муҳаммад ал Хоразмий, Абу Носир Форобий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райхон Беруний, Абу Али ибн Сино каби мутафаккир боболаримиз ва иккинчи уйғониш даври Темурийлар ренессансини яратган Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Али Қушчи, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк сиймоларимиз адолатли жамият, комил инсон ғояларини, фарзандларимизни юксак фазилатли инсон этиб тарбиялашда Машраб ва Комил Хоразмий, Мунис ва Огаҳий, Бердақ ва Ажиниёз каби замон маърифатпарвари, халқ эркинлиги ва саодати йўлида Беҳбудий ва Авлоний, Ҳамза ва Мунавварқори, Фитрат ва Чўлпон, Абдулла Қодирий ва Усмон Носир каби минглаб жадид боболаримиз халқ орзуси билан улуғ ишларни амалга оширгани қайд этилади.

Асарнинг иккинчи бобида стратегик масалалар қаторида   инсон, унинг ҳақ-ҳуқуқлари ва бахт-саодати давлат сиёсати, барча давлат органлари фаолиятининг энг устувор мақсади бўлиши лозимлиги қайд этилади. Жамият қурилиши ва давлат сиёсати ана шу ғояга таяниши ҳамда “Давлат-инсон учун” тамойили асосида ташкил этилиши лозимлиги кўрсатилган.

Қайд этиш керакки, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро рейтинглар ва индекслар бўйича дунёдаги 50 та етакчи мамлакат қаторига кириши бизнинг энг катта ютуғимиздир.

Биргина шахсий ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш соҳасида бу борада давлат органлари мансабдор шахсларнинг маъсулиятини ошириш, халқаро ҳуқуқ устуворлиги принципини  амалга оширишнинг самарали механизмини яратиш, ”Хабеас корпус” институтини янада такомиллаштириш йўли билан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда суд ҳокимиятининг ролини ошириш, инсон ҳуқуқлари соҳасида ихтисослашган ҳуқуқшуносларни тайёрлаш, аҳолининг заиф қатлам вакилларини камситишлардан ҳимоя қилишни таъминлаш, бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, одам савдосидан жабрланганларни халқаро стандартларга мувофиқ идентификация ва реабилитация қилиш механизмини янада такомиллаштириш, қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизм тўғрисидаги қонун қабул қилиш, Конституциявий  шикоят институтини ҳаётга тадбиқ этишда Конституциявий суднинг ролини ошириш, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ нинг ролини янада кучайтириш  стратегик мақсад этиб қўйилмоқда. “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари”, “Болалар ҳуқуқлари” ўқув курслари жорий этилади. Ўзбекистон БМТнинг ”Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват” ташаббусини илгари суриш учун барча шериклар билан яқин ҳамкорликни давом эттиради.

Муҳтарам Президентимиз  Стратегияда мустақил ва одил  суд тизимига алоҳида тўхтаб ўтиб, Амир Темур бобомизнинг “Адолат – давлатнинг асоси ва ҳукмдорлар – шиоридир”, Алишер Навоий бобомизнинг “Зулм қилма, инсофли бўл, халқ учун адл қасри, яъни адолат қўрғонини бунёд эт” деган улуғвор ғоялари инсоннинг қадр қимматини олий даражага кўтариш борасидаги амалий ҳаракатларимизнинг пойдеворига айланганини қайд этади.

Суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга ошириш ва аҳолининг адолатли судловга ишончини мустаҳкамлаш мақсадида “Судлар тўғрисида”ги кодекс қабул қилинади, ”Электрон ва рақамли суд” концепцияси амалга оширилади, ”Мустақил адвокатура концепцияси ишлаб чиқилади, Адвокатлар академияси ташкил қилинади, Болалар омбудсмани институти янада кучайтирилади, Медиа – омбудсман институти тузилади.

Стратегияда барча ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияни такомиллаштириш бўйича мақсадлар белгиланиб, Президентимиз қайд этганларидек, жамиятимизда “Қонун ва адолат – устувор”, “Жиноятга жазо муқаррар” деган муҳим тамойиллар таъминланади ва Ўзбекистон дунёдаги “қонун устуворлиги индекси” юқори даражада бўлган давлатлар қаторидан ўрин олади.

“Янги Ўзбекистон стратегияси” асарининг кейинги бўлимларида миллий иқтисодиётни ривожлантириш, адолатли ижтимоий сиёсат, маънавий тараққиёт, хавфсизлик ва ташқи сиёсат, Ўзбекистон ва умумбашарий муаммолар масалалари чуқур таҳлил қилиниб, олдимизда турган стратегик мақсадлар белгиланган. Ушбу асарни ўқиган ҳар бир юртдошимиз  Янги Ўзбекистон — ўзгариб, янгиланиб, ривожланиб куч-қудратга тўлиб бораётган, дунё аҳли эътироф этаётган янгиланган жамият, дунёга юз тутаётган эркин бир ўлка эканлиги билан ғурурланади. Бугунги кунда “Янги Ўзбекистонни биргаликда барпо этамиз” деган улуғвор мақсад умумхалқ ҳаракатига айланмоқда.

Ботир Матмуратов,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари.