ШҲТ миллий координаторларининг илк йиғилиши


Ўзбекистон Республикасининг 2021-2022 йиллардаги ташкилотга раислигида амалга ошириладиган ишларнинг устувор йўналишлари тақдимотида иштирок этган ШҲТга аъзо давлатлар миллий координаторлари ва экспертлари республикамизга ташриф буюрди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида нуфузли ташкилотга 2021-2022 йиллар мобайнида раислик қилиш даврида Ўзбекистон томонидан  амалга ошириладиган тадбирларга бағишланиб ШҲТ миллий координаторларининг илк йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Ҳиндистон, Қозоғистон, Хитой Халқ Республикаси,  Қирғизистон Республикаси, Покистон Ислом Республикаси,  Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси миллий координаторлари томонидан ташкилотга аъзо давлатлар ҳукумат раҳбарлари Кенгашининг яқинда бўлиб ўтадиган йиғилиши кун тартибидаги масалалар муҳокама этилиб, ШҲТ доирасида кўп қиррали шерикликни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган асосий устувор йўналишлар ва вазифалар бўйича фикр-мулоҳазалар бўлди.  Жумладан,  давлатимиз раҳбари томонидан  ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш бўйича 2023-2027 йилларга мўлжалланган комплекс дастурни тайёрлаш ва қабул қилиш таклифи билдирилган эди.ШҲТ миллий координаторларининг илк йиғилиши Нукус шаҳрида ўтказилаётгани бежиз эмас. Тадбир доирасида иштирокчилар Президентимиз ташаббуси билан  Оролбўйида, шу жумладан, Мўйноқ туманида, денгизнинг қуриган тубида амалга оширилаётган кенг кўламли лойиҳалар билан танишади. Эслатиб ўтамиз, Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида 17 сентябрь куни бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг юбилей мажлисида давлатимиз ташаббуси билан атроф муҳит соҳасида  ҳамкорликни янада ошириш мақсадида “ШҲТ яшил белбоғи” дастури қабул қилинган эди.

ШҲТ миллий координаторларининг йиғилиши давом этмоқда.

Д.Абибуллаев,

М.Ҳабибуллаев

олган сурат.