Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳамда Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ташаббуси билан «Тоза шаҳар» лойиҳаси доирасида оммавий кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш тадбири ўтказилди.
Ёшларнинг экологик маданиятини ошириш, атроф-муҳитга бўлган эътиборини кучайтириш, она табиатни асраб-авайлаш, экологик вазиятни яхшилаш ва унинг салбий таъсири олдини олиш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Нукус шаҳрида тадбир ташкил этилди.
Акцияни амалга ошириш учун биринчи навбатда ёшлар етакчилари ҳамда фаол ёшлардан ташкил топган ишчи гуруҳ томонидан Нукус шаҳрида ободонлаштириш талаб қилинадиган 27 та объект аниқланди. Натижада 2 минг нафардан зиёд кўнгилли ёшлардан иборат 38 та отряд томонидан тегишли объектларда, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида оммавий кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Тадбир давомида вазирликлар, корхона, ташкилот ва муассасалар, кўнгилли ёшлар томонидан 45 га яқин майдон ободонлаштирилди, 35 тонна қурилиш ва маиший чиқинди чиқариб ташланди. Ушбу ҳудудларда 3 мингдан зиёд манзарали дарахт кўчати экилди. Шунингдек, “Нуронийлар эъзозимизда” акцияси доирасида 30 нафар кўнгилли ёшдан иборат 3 та патронаж ёшлар отряди ташкил этилди. Улар томонидан кекса ва ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисини йўқотган ёлғиз кишилар тиббий кўрикдан ўтказилди ва уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашилди.
Д.Абибуллаев.