Таълим соҳасидаги имкониятлар — Ёшларга мотивация бермоқда


Бугунги кунда мактаб таълимини ривожлантириш, соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, ўқитувчининг жамиятдаги нуфузини янада ошириш, хусусий мактаблар билан бир қаторда ижод, ихтисослаштирилган мактаблар фаолиятини йўлга қўйиш, ўқувчи ёшларни миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мамлакатимизда таълим соҳасига қаратилаётган мана шундай юксак эътибор ва имкониятлар самарасини бугунги кунда Нукус шаҳридаги 37-сонли ихтисослаштирилган давлат умумий ўрта таълим мактаби мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Бугунги кунда мазкур мактаб нафақат республика, балки мамлакат миқёсида ҳам юқори кўрсаткичларга эришиб келаётган намунали илм масканларидан.

Таъкидлаш жоизки, мактабимизнинг ютуқлари жуда кўп. Ўқувчиларимиз ҳар йили ўтказиладиган “Билимлар беллашуви”, “Фан олимпиадалари”, шунингдек республика ҳамда мамлакат миқёсида ўтказиб келинаётган турли хил кўрик танловлар ҳамда спорт мусобақаларида фахрли ўринларни эгаллаб келмоқда. Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан илгари сурилган бешта муҳим ташаббус доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳам ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Албатта, бу каби ютуқлар замирида ўқувчиларимизнинг илмга бўлган қизиқиши, интилиши билан бирга ўқитувчиларимизнинг ҳам тинимсиз меҳнати, саъй-ҳаракатлари мужассам.

Мактабимизнинг 9 –синф ўқувчиси Нуржайна Орингалиева ҳам ана шундай илмга иштиёқи баланд, тиришқоқ ва зийрак қизлардан. У  рус, инглиз, ўзбек тиллари ҳамда математика фанига жуда қизиқади.

Нуржайна нафақат мактабимизда, балки шаҳар, республика миқёсида ўтказилиб келинаётган маънавий-маърифий тадбирларда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда. Жумладан, у Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги муносабати билан ўтказилган “Ўзбек тилим-ифтихорим” мавзусидаги иншолар танловининг шаҳар, республика босқичларида фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Буюк сиймо, ўзбек тилининг асосчиси, ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан ўтказилган “Ўзбек тилининг асосчиси-Алишер Навоий” мавзусидаги иншолар танловининг шаҳар босқичида биринчи ўринни эгаллади. Шунингдек, жорий йилнинг октябрь ойида ўтказилган “Фан олимпиадаси”нинг шаҳар босқичида  ўзбек тили ва адабиёти фани йўналиши бўйича фахрли биринчи ўринни олди. Нуржайна эндиликда мазкур беллашувнинг республика босқичига тайёргарлик кўрмоқда.

Нуржайна билан суҳбатлашсангиз кўнглингиз ёришади. Унинг содда, самимий, шу билан бирга теран мулоҳазали фикрларини тинглаб юртимизнинг эртанги куни, ёрқин келажаги мана шундай баркамол, зийрак, ташаббускор ёшлар қўлида эканлигига ишонч ҳосил қиласиз.

— Болалигимда шифокор бўлишни орзу қилардим, — дейди Нуржайна Орингалиева. — Аммо, кейинчалик мактабимизда ўтказилган турли хил адабий кечаларда, кўрик-танловларда иштирок этиб, фахр­ли ўринларни қўлга киритганимдан сўнг, ўзбек тилига бўлган ҳурматим, меҳрим, эътиборим янада  ошди. Қизиғи шундаки, мен ўзим қозоқ миллатига мансубман. Аммо, бугунги кунда чет тилларига қаратилаётган эътибор ва имкониятдан фойдаланган ҳолда рус тили синфида ўқияпман. Келажакда эса, ўзбек тили ва адабиёти фанини янада чуқур ўрганиб, ўқитувчи бўлиш ниятидаман.

Нуржайна ҳар қандай мақсадга эришиш ўқувчининг ўзига боғлиқлигини шунингдек, бу йўлда унга устозлар тўғри йўл кўрсатиб йўналиш бериши мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидлайди. Шу боис мана шундай шароит ва имкониятлар яратиб берган оиласи, мактаб директори ҳамда ўқитувчилари Умида Ендирбаева, Эркиной Утегеноваларни ҳурмат билан тилга олади.

Ҳа, бугун мактабимизда Нуржайнага ҳавас қилиб, хорижий тилларни ўрганишга, илм сирларини эгаллашга қизиқаётган, санъат, адабиёт, шеъриятга ошно ўқувчиларимиз жуда кўп.

Зеро, бугунги кун талаби ҳам мактаб фақатгина ўқувчига таълим берадиган маскан эмас, балки, барчамиз учун юксак маънавият бешиги, фарзандларимизни болаликдан бошлаб касбга ўргатувчи даргоҳга айланиши зарур.

Элмира Бермаханова, 

Нукус шаҳридаги 37-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси