Бугунги кунда ички ва ташқи меҳнат бозорида талаб ортиб бораётган қурилиш соҳаси мутахассисларини қисқа ўқув курси доирасида тайёрлаб берувчи Нукус қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш марказида таҳсил олган навбатдаги битирувчиларга сертификатлар топширилди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 январдаги “Вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун хорижий давлатга кетаётган шахсларни ва банд бўлмаган аҳолини ўқитишни ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан шу йилнинг апрель ойида Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти ва ҳудудий ҳарбий-маъмурий сектори томонидан Нукус шаҳридаги Транспорт коллежи негизида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги назорати остида Нукус қурилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш маркази ўз фаолиятини бошлаган эди. Жорий йилнинг июль ойида мазкур таълим муассасасининг илк битирув маросими ўтказилган.
Муассасада темир-бетон ишлари устаси, ғишт терувчи, электро-газ пайвандчи, дурадгор, сувоқчи, бўёқчи-безакчи, сантехника ишлари устаси, электро-монтажчи, кўтарма кран бошқарувчисининг ёрдамчиси, қопловчи-плиткачи, пўлат ва темир бетон конструкциялар монтажчиси, гипсокартон монтажчиси йўналишида 3 ойлик курсларни тамомлаган фуқаролар эндиликда маълум бир касбнинг устаси, мутахассис эканлигини гувоҳлаб берувчи халқаро даражадаги ҳужжатга эга бўлишди.
Шунингдек, таълим даргоҳида кўтарма кран машинисти йўналишида таҳсил олаётган 23 нафар ўқувчи таълим соҳасининг масъулияти инобатга олиниб, 3 ой ва 3 ҳафта давомида ўқиши белгиланган.
Тадбир давомида таълим жараёнида тиришқоқлиги, намунали ҳулқи, шахсий масъулияти учун бир гуруҳ ўқувчи ва ўқитувчилар фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Битирув маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Транспорт вазири Султанбай Сапаров, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Юлдаш Алимов, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда марказ шахсий таркиби қатнашди.
Тадбирда таъкидланганидек, бугун хорижий мамлакатлар, шу ўринда юртимизда жадал олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари ўз ўрнида ҳам ташқи, ҳам ички меҳнат бозорида қурилиш соҳасининг малакали мутахассисларига талаб ортаётганини, бу ўз навбатида аҳоли бандлигини таъминлаш, талаб ошаётган соҳага ўз касбининг моҳир мутахассисларини тайёрлаш тизимини тубдан яхшилашни тақозо этмоқда.
Ривожланиб бораётган қурилиш соҳасида замонавий технологиялар ёрдамида ишлашни ўргатиш мақсадида таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларни, илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларини кенг жорий этиш тизими йўлга қўйилган.
Марказ учун ажратилган ижтимоий объектларда капитал таъмир ва реконструкция ишлари натижасида замонавий андозаларга асосланган 14 та ўқув ва амалиёт хоналари, 300 ўринли иккита ётоқхона, уч маҳал овқат пишириб бериш қувватига эга бўлган шинам ва кўркам ошхона, маънавият ва маърифат маркази, кутубхона ҳамда спорт зали қайта таъмирланди.
Муҳандислик тармоқларини таъмирлашга ихтисослашган амалий машғулотлар устахонаси ҳар бир мутахассислик бўйича алоҳида жиҳозлар, керакли дастгоҳ ва ўқув буюмлари билан таъминланган.
Марказда таҳсил олувчилар олган назарий билимларини амалда мустаҳкамлашлари учун 3 гектардан иборат бўлган ўқув полигони учун ер майдони берилган.
Бу ўз навбатида битирувчиларга мутахассислиги бўйича жаҳоннинг энг илғор ва етакчи ишлаб чиқариш корхоналари ва хизмат кўрсатиш ташкилотларида фаолиятларини давом эттириш имконини беради.
Ҳукуматимиз томонидан халққа бўлган бундай эътибор ва ғамхўрликларга марказда таълим олганлар мамлакат тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиши билан жавоб қайтаришга ваъда беришди.
Марказда қурилиш соҳасидаги касблар бўйича ўқитиш World Skills каби халқаро стандартларга мувофиқ ҳамда потенциал хорижий иш берувчиларнинг талабларини ҳисобга олган ҳолда, хорижий, яъни рус ва бошқа тиллар бўйича ўқитиш етакчи маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасаларининг ўқув дастурлари асосида амалга оширилади.
Тимур Нарзиев,
Майор, Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати бошлиғи.