Бугунги кунда мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, хотин-қизларнинг оиладаги, жамиятдаги нуфузини ошириш, бандлигини таъминлаш, сиёсий, ҳуқуқий, тиббий маданиятини юксалтириш масалаларига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.
Беруний тумани ҳокимлиги Ахборот хизматининг маълум қилишича, туманда “Нафосат аёллар” фестивали кўтаринки руҳда бўлиб ўтди.
Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва спорт бош бошқармаси, туман ҳокимлиги ва бир қатор тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган мазкур фестиваль хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги ўрни ва ролини янада ошириш, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган хотин-қизларга тўғри йўналиш бериш, тадбиркорлик билан шуғулланаётган аёллар фаолиятини янада ривожлантириш, умуман хотин-қизларнинг ҳар бир соҳадаги ташаббускорлигини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади.
Тадбирнинг очилиш маросимида туман ҳокими А.Сапарбаев, Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари М.Аҳмедова ва бошқалар сўзга чиқиб, бугунги кунда юртимизда хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, яратиб берилаётган имтиёз ва имкониятлар, мазкур фестиваль ва унинг аҳамияти хусусида тўхталиб ўтди.
“Нафосат аёллар” фестивали “Соғлом ҳаёт учун беш минг қадам” пиёда юриш марафони ҳамда эрталабки бадантарбия машқлари билан бошланди.
— Биз бугунги фестивалда жамоамиз билан иштирок этаяпмиз, — дейди “Муяссар Хумоюн” хусусий корхонаси раҳбари Муяссар Ешимбетова. — Ёшим 52 да. Шундай бўлса ҳам аёллардаги гўзалликни, нафосат ва шижоатни доимо қадрлайман. Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишни мақсад қилган корхонамизда гимнастика машқлари шунингдек, соғлом овқатланиш бўйича хотин-қизларга машғулотлар олиб борилади. Бу каби фестивалларнинг ўтказилиши хотин-қизларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш билан бир қаторда спортни кенг оммалаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда аҳамиятлидир.
Шунингдек, спортнинг шахмат, шашка ҳамда волейбол турлари бўйича ўтказилган мусобақалар иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирди.
Фестиваль доирасида кўргазмали ярмарка ташкил этилди. Энг моҳир уста ҳунармандлар ўз иқтидорини намойиш этиб, маҳорат дарсларини олиб боришди.
Гулистон маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Зевар Қутлимуратова анча йиллардан буён гилам тўқиш билан шуғулланади. Қўл меҳнатига асосланган бу гиламчилик соҳаси минг йиллик анъаналарни ўз ичига олади.
— Қадимий санъат тури бўлган бу соҳага ёшлик пайтимдан бошлаб қизиққанман, — дейди З.Қутлимуратова. — Тўқиган гилам (шолча)ларимга аҳолида қизиқиш катта. Буюртма асосида ҳам тўқийман. Ушбу ҳунарни бугунги кунда оила аъзоларим ҳамда шогирдларимга ўргатаяпман.
Ҳа, одамлар ҳузурланиб ишлатадиган бу маҳсулотнинг меҳнати анча машаққатли. Аммо, Зевар опа бунга асло парво қилмайди. Чунки у мана шундай гўзал санъатнинг моҳир ижодкори, яратувчиси бўлиб, уни шогирдларига ўргатаётганидан мамнун.
Фестивал доирасида “Аёллар дафтари”да турган 14 нафар оила фарзандларига суннат тўйлари ўтказиб берилди. Шунингдек, болажонларнинг ҳар бирига 1 миллион сўмдан тўёна ҳамда велосипед тантанали равишда топширилди. Туман ҳокими ва ёши улуғ кексаларнинг дуосини олган болажонлар ҳамда уларнинг ота-оналари бундай эътибор ва ғамхўрликдан миннатдор бўлишди. Инсон борки, фарзандининг бахту камолини кўришни, яхши кунларида ёнида бўлишни истайди. Айниқса, бу каби тўй-ю-тантаналар маҳалла, туман ҳокимлиги, мутасаддилар, ёши улуғ кексаларнинг олтин дуолари билан ўтса янада файзли бўлиши бугун яна бир бор ўз исботини топди.
Таъкидлаш жоизки, Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” ҳамда “Ёшлар дафтари” бугунги кунда кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар, хотин-қизлар ва ёшлар ҳаётида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Фестиваль доирасида 1 сектор ҳудудидаги “Аёллар дафтари”га киритилган 45 нафар ишсиз, эҳтиёжманд аёлларнинг бандлиги таъминланди. Уларга тикув машиналари ҳамда мини печкалар берилиб, ўзини ўзи банд қилишига эришилди. Эндиликда, аёлларимиз ўз севган касби билан шуғулланиши, оиласига озгина бўлса ҳам даромад келтириш имкониятига эга бўлишди.
“Аёллар дафтари” — “Обиҳаёт” маҳалласида истиқомат қилувчи Юлдуз Рахимбоеванинг ҳаётида ҳам кенг имкониятлар яратиб берганлиги айни ҳақиқат. У Халқбанки Беруний туман бўлими томонидан 33 миллион сўм кредит олиб, ўз уйида буюртма асосида ширинликлар тайёрлашни йўлга қўйди.
— “Аёллар дафтари” мен учун имконият манбаи, бўлди. Олдиндан ўзим қизиққан соҳа бўйича иш бошладим. Ҳозирда тайёрлаган ширинлик ва пишириқларимни буюртма асосида сотаяпман. Бу ишда менга фарзандларим ҳам ёрдам бермоқда. Ўйлайманки, давлатимиз томонидан яратиб берилаётган бу каби имкониятлар кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар учун жуда қўл келади. Зеро, излаган имкон топади, деганларидек, ҳаракат қилган одам албатта ўз мақсадига эришади, — дейди Юлдуз Рахимбоева.
Фестиваль доирасида “Энг моҳир ошпаз аёл”, “Менинг қўл меҳнатим” танловлари, “Она меҳри чексиздир” иншолар танлови, “Заковат” интеллектуал ўйини, “Тадбиркор аёл” мотивация лойиҳаси, либослар кўргазмаси ва шу каби бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди.
Тадбирда тумандаги маҳаллаларда фаолият юритаётган раис ўринбосарларига махсус ташаккурнома ҳамда совғалар тақдим этилди. Шунингдек, тадбир доирасида ўтказилган ҳар битта танлов ва беллашув ғолибларига ҳам ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Фестиваль якунида туман ҳокими А.Сапарбаев барча аёл-қизларга ўз мурожаатини йўллади.
Тадбир сўнггида туман Маданият бўлими хушовоз хонандалари иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Феруза Нуруллаева.