Дунёда давлат рамзлари борки, у ҳар бир давлатнинг ўзлигини англатади. Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги ва озодлигининг тимсоли бўлиб келган. Ана шундай, энг муҳим рамзлардан бири бу байроқ саналади. Байроқ – бу миллат ва давлатни улуғ мақсадлар сари бошловчи буюк машъаладир.
Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, азалдан давлат рамзларига алоҳида сиёсий аҳамият берилган. Хусусан, буюк бобокалонимиз соҳибқирон Амир Темур даврида ҳам байроқ Ватан тимсоли сифатида муқаддас саналган. Буюк бобокалонимизнинг жанг майдонида бутун қўшиндан битта лашкар омон қолса ҳам, Ватан байроғини баланд тутишига фармон берганлиги бунинг ёрқин исботидир.
Ватанимиз, жонажон Ўзбекистон ҳам ўз мустақиллигига эришганидан сўнг, ўзининг тараққиёт йўлини белгилаб олди ва мустақил давлат сифатида ўз рамзларига эга бўлди. Барчамизга маълум бўлганидек, «Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи тўғрисида»ги Қонун 1991-йил 18-ноябрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг VIII сессиясида қабул қилинди. Давлат байроғи – бизнинг буюк ўтмишимиз, бугунги кунимиз ва келажагимиз рамзидир. Шу боисдан ҳам, муҳим давлат рамзларидан бири саналган байроғимизда Ватанимиз ҳудудида илгари мавжуд бўлган қудратли давлатлар байроқларига хос бўлган қадимий анъаналаримиз, халқимизнинг азалий орзу-истаклари, шижоати, миллий ва маданий ўзлиги акс эттирилган.
Ўзбекистон Республикаси давлат байроғида акс эттирилган ҳар бир ранг алоҳида маънони англатиб, ўзига ҳос жиҳатлари билан ажралиб туради.
Бугунги кунда, мағрур ҳилпираётган байроғимиз юртимиздаги тинчлик ва ободлик, миллатлараро тотувлик, биз эришаётган ютуқлар ва албатда буюк келажакка бўлган мустаҳкам ишончимиз рамзи сифатида ҳар биримизга туганмас ифтихор бағишламоқда.
Эркинлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли саналган байроғимиз бугун мағрур ҳилпирамоқда. Ўзбекистон Республикаси «Давлат байроғи тўғрисида»ги Қонунда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир», деб алоҳида белгилаб қўйилган. Шу боисдан, 1992 йил 2 мартидан Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош қароргоҳида дунёдаги суверен давлатлар байроқлари қаторида турибди. Шунингдек, дунё мамлакатларидаги кўплаб элчихоналаримиз бинолари, қатор халқаро ташкилотлар қароргоҳларида байроғимиз Ўзбекистон рамзи сифатида ўрин олган.
Нуфузли халқаро мусобақаларда ёшларимизнинг эришаётган ютуқлари натижасида юртимиз байроғининг баланд кўтарилётганлигини кўриш, ҳар биримизнинг қалбимизни ватанпарварлик туйғусига тўлдирмоқда. Ёшларимизни Ватанимизга ва энг муҳим рамзимиз бўлган байроғимизга меҳр-муҳаббат ва садоқат туйғулари ила тарбиялаш асосий вазифаларимиздан саналади. Зеро, байроқ бу – халқнинг эркинлиги, тинчлиги ва барқарорлигининг тимсолидир.
Абдулла Мамедов,
Тахиатош туманидаги 22-сонли умумий ўрта таълим мактабининг Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.