Бу йил давлатимиз фахри, ор-номуси, асосий рамзларидан бири ҳисобланган байроғимиз қабул қилинганига 30 йил тўлади.
Маълумки, давлат рамзлари — муайян суверен давлатнинг мавжудлиги (ўзига хослиги) ни яхлит ифодаловчи тарихан шаклланган тимсоллардир. Уларда халқнинг азалий орзу истаклари, ҳаётий идеаллари, эзгу ниятлари акс этади. Рамзлар халқ, миллат ҳаёти, руҳияти, анъаналари, тарихи, маданияти билан узвий боғлиқдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 5-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон қонун билан тасдиқланадиган ўз давлат рамзлари — байроғи, герби ва мадҳиясига эга.
Давлат рамзларининг мавжудлиги Ўзбекистоннинг амалда мустақиллиги ва эркинлигини яққол тасдиқлайди.
Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг рамзлари муқаддас бўлиб, уларни ҳар қандай йўл билан таҳқирлаш қонун билан жавобгарликка тортилади.
Давлат рамзлари ҳақида гапирар эканмиз, аввало уларнинг моҳияти, нима учун зарурлиги ва тарихий келиб чиқиши ҳақида ҳам билиб олиш керак. Шундагина уларнинг давлат ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти тушунарли бўлади.
Байроқ қадим-қадимдан ҳар бир халқ учун мустақиллик, озодлик, тинчлик ва барқарорлик тимсоли бўлиб келган. Аждодларимиз ҳам юрт байроғини муқаддас билиб, уни кўз қорачиғидек асраганлар. Хусусан, соҳибқирон Амир Темур салтанатида ҳам байроқ давлат ва миллат ғурури саналиб, энг ишончли баҳодирлар, саркардалар томонидан қўриқланган.
Ўзбекистоннинг давлат байроғи мамлакатимиз ҳудудида илгари мавжуд бўлган ғоят қудратли салтанатлар байроғига хос бўлган энг яхши анъаналарни давом эттирган ҳолда, республиканинг бугунги табиатига мувофиқ келадиган хусусиятларни, халқимизнинг миллий ва маданий ўзлигини ҳам акс эттиради. У давлатимиз мустақиллиги, қудрати ва шукуҳининг буюк тимсолидир.
Қонунда байроқнинг ҳажми, доимий равишда ва алоҳида тартибда кўтарилиши белгиланган жой ва объектлар, Давлат байроғининг тасвири белгиси туширилиши мумкин бўлган объектлар, давлат байроғи белгиларидан фойдаланиш мумкин бўлмаган ҳолатлар, давлат байроғини кўтариш ва тушириш вақтлари, бошқа байроқлар билан кўтарилганда уларга нисбатан тутган ўрни ва бошқалар белгиланган.
Қонунга биноан, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи — байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг, оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги мато бўлиб, узунлиги 250 сантиметрга, кенглиги 125 сантиметрга тенг.
Мовий ранг, оқ ранг ва яшил рангли энларнинг кенглиги бир хил. Ҳар бир эн 40 сантиметрга тенгдир. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг ўртасидаги оқ рангли эннинг четларидан кенглиги 2,5 сантиметрга тенг қизил ҳошиялар ўтказилган (4-модда).
Байроқдаги ҳаво ранг бўёқ – зангори осмон ва мусаффо сувнинг, шунингдек ер ва осмондаги ҳаёт манбаларининг рамзидир. Маълумки, буюк Амир Темур давлатининг байроғи ҳам ҳаво ранг бўлган.
Оқ ранг эса – тинчлик ва поклик тимсолидир. Байроғимиздаги оқ ранг ёш мустақил давлатимиз ошиб ўтиши лозим бўлган довонлардаги йўлнинг ёрқин ва чароғон бўлиши учун эзгу ният тимсоли сифатида қўйилган.
Байроқнинг қизил рангдаги йўллари – ҳар бир тирик жон қон томирида жўшиб турган ҳаётий кучнинг, барҳаётликнинг ифодасидир.
Яшил ранг эса – табиатнинг тимсоли, гуркираб яшнаётган ҳаёт ва ҳосилдорликнинг рамзидир. Байроқдаги ярим ой – ўзбек халқининг кўп асрлик анъаналарига мувофиқ келади. Чунончи, ярим ой ва юлдузлар мусаффо осмоннинг, тинчликнинг рамзидир. 12 рақами – қадимдан халқларимиз орасида мукаммаллик тимсоли бўлиб келган. Шу боисдан ҳам байроғимизга ўн икки юлдузнинг тасвири туширилган. Давлат байроғи бизнинг кўҳна ўтмишимиз, ҳозирги кунимиз ва буюк келажагимизнинг рамзидир.
Давлат байроғи — бу тавсири қонун томонидан (кўпинча Конституция билан) ўрнатиладиган, бирор давлатни бошқа давлатлардан фарқловчи расмий белгиси, нишонидир. У давлат мустақиллиги, суверенитети рамзи ҳисобланади. Давлат байроқлари, уларнинг ранги, тузилиши ва эмблемалари ўзбошимчалик билан, ихтиёрий суратда белгиланмайди. Улар маълум рамзий аҳамиятга эга бўлиши керак.
Давлат байроқлари давлат муассасалари, элчихоналар, консулликлар, миссиялар, божхоналар ва шу каби идораларнинг биносида кўтарилади. Элчихоналар, миссиялар, консулликлар миллий байрамлари куни ўз мамлакатларининг байроқларини осиб қўядилар. Давлат байроқлари, шунингдек халқаро конференсиялар очилишида, расмий маросим-учрашувлар вақтида, халқаро спорт совринлари берилаётган вақтда ва ҳоказо ҳолатларда ҳам кўтарилади.
Ўзбекистон давлати мустақиллигини билдирувчи тимсол сифатида ўзининг байроғига эга бўлиши, илк бор Олий Кенгашнинг 1990 йил 20 июндаги «Мустақиллик декларацияси»да, 1991 йил 31 августда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги қонунда ўз ифодасини топди.
Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи муқаддас ва дахлсиздир, у давлатимиз мустақиллигининг рамзий белгисидир.
Қонунда байроқ кўтариладиган жойлар ва унинг кўтарилиш вақтлари ёзиб қўйилган:
— Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро майдонда: Ўзбекистон Республикаси расмий делегацияларининг хорижий мамлакатларга сафарлари чоғида, халқаро ташкилотларда, конференцияларда, жаҳон кўргазмаларида, спорт мусобақаларида Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи билан бир вақтда бошқа давлатнинг байроғи кўтарилса, Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи (бинонинг олд томонига қараб турганда) ўнг томондан, бошқа давлатнинг байроғи чап томондан кўтарилмоғи керак.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи билан бир вақтда бир қанча давлатларнинг байроқлари кўтарилганида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи алоҳида, қолганлари эса ўзбек алифбоси бўйича кўтарилади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи бошқа давлатларнинг байроқлари билан бир хил баландликда жойлаштирилиши керак.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи биноларнинг асосий кириш жойида ёки бунинг учун мақбул бўлган бошқа жойда, ёхуд тегишли тутқичи бўлган дастада, ё бўлмаса флагштогда байроқнинг дастаси бинонинг олд томони билан кўпи билан 45 градусли бурчак ҳосил қиладиган тарзда кўтарилади.
Кўтарилиб қўйилган Давлат байроғининг матоси ердан камида 25 метр баландликда бўлиши керак.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи ва унинг тасвири катта-кичиклигидан қатъи назар, ҳамма вақт ушбу қонунга илова қилинаётган рангли ва схематик тасвирга аниқ мос бўлиши керак.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, шунингдек, Ўзбекистонда турган бошқа шахслар Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини ҳурмат қилишлари шарт.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини беҳурмат қилганлик Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда жазоланади.
Т.Кудайбергенова,
Ажиниёз номидаги НДПИ доценти, п.ф.н.