Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида тиббиёт ходимларининг касб байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Д.Қурбаниязов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг соҳа ходимларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Қ.Камалов батафсил маъруза қилди.
Таъкидланганидек, ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда “Тиббиёт ходимлари куни” сифатида кенг нишонланади. Дарҳақиқат, экологик қийин шароитда яшаётган аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишда тиббиёт ходимларининг хизмати беқиёс.
Сўнгги йилларда Президентимиз раҳбарлигида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу борада қабул қилинаётган фармон ва қарорларнинг аҳамиятини халқимизга етказиш, аниқ дастур асосида ижросини таъминлаш келгусидаги мақсадларга эришишда асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда. Жаҳон тиббиёти амалиётининг энг сўнгги ютуқлари ҳамда етакчи технологияларни жорий этиш, малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, замонавий тиббиёт марказларини барпо этиш ва тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кўрсатилаётган тиббий хизматлар ва бирламчи бўғинни кенг қамраб олиш мақсадида келгуси 3 йилда 28 та оилавий шифокорлик пункти ва 3 та оилавий поликлиникани ишга тушириш юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан Қорақалпоғистон Республикасида 2021-2023 йилларда оилавий шифокорлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларни ташкил этиш бўйича тармоқ режаси тасдиқланди.
Президентимизнинг шу йил 25 майдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ республикамизда Тошкент шаҳридаги 5 та ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари (эндокринология, нейрохирургия, нефрология ва буйрак трансплантацияси, наркология) филиалларини ташкил этиш ишлари бошланиб, ҳозирги вақтда мутахассислар тайёрланмоқда. Таъкидлаш жоизки, ихтисослаштирилган марказлар филиалларининг ташкил этилиши натижасида 150 турдаги янги даволаш ва диагностика амалиёти жорий этилди. Натижада, эндокринологик касалликлар билан касалланиш 22 фоизга, сил билан касалланиш 30 фоизга, шунингдек, бошқа касалликларнинг камайишига эришилди. Тўрткўл, Қўнғирот ва Чимбой туманлари тиббиёт бирлашмалари таркибида туманлараро политравма ва ўткир қон-томир касалликлари марказларини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.
Жорий йилга мўлжалланган Инвестиция дастури асосида 8 объектга 48,3 миллиард сўм маблағ ажратилган. Шунингдек, йил давомида маҳаллий бюджет ва турли жамғармалар, грант маблағлари ҳисобидан жами 44 миллиард 770 миллион сўмлик 1014 дона зарур тиббий асбоб-ускуна олиб келинган.
Жорий йилда Қорақалпоғистон тиббиёт тарихида илк бор республика кўп тармоқли тиббиёт марказида буйрак кўчириб ўтказиш (буйрак трансплантацияси) жарроҳлик амалиёти амалга оширилди. Шунингдек, туғма кар касаллигига чалинган беморларга кохлеар имплантацияси жарроҳлик операцияси олиб борилмоқда. Қорақалпоғистон тиббиёт институтининг замонавий инновацион клиникаси ташкил этилди.
Тадбирда бир гуруҳ соҳа ходимларига кўкрак нишонлари ва фахрий ёрлиқлар топширилди.
Тантанали тадбирда республикамиз санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.