БУЮК ҚАДРИЯТ


Ҳар бир миллат тарихига назар солсак, албатта унинг тили муҳим аҳамият касб этади. Чунки тил ижтимоий ҳодиса бўлганлиги учун жамият ўзгариши тилда  ҳам ўз аксини топади. Тил орқали одамлар ўзаро мулоқотда бўлади. Ўз фикрини тингловчига етказиб беради.

Баъзи бир сўзлар давр талаби боис муомаладан чиқиб қолиши ва аксинча, жамият тараққий этгани сайин янги сўзлар кириб келиши ва улар асосий сўзларимиздек қўлланиши табиий ҳолат.Шу боис бугун тил илми бир жойда турган йўқ. Унда юз бераётган янги ўзгаришлар, янгиланишлар тил илмининг батафсил тадқиқот қилиниб, ўрганилаётганлигидан дарак беради.

Ўқувчиларга қорақалпоқ тилини ўргатишда нималарга эътибор бериш лозим, деган савол барча қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиларини ўйлантирадиган масалалардан биридир. Шу ўринда она тилимизни чуқур ўрганиш учун  бир нечта таклифларимни келтириб ўтмоқчиман.

Тил — миллат кўрки. Асосийси, соф ва тўғри сўзлаш барчамизнинг мақсадимиздир. Тилимизда ёзилишида қийинчиликлар туғдирадиган сўзларнинг тўғри ёзилиши ва талаффуз қилинишини таъминлаш мақсадида орфографик луғат тузилиши ва унинг бир неча  маротаба нашр этилиши бизнинг юқоридаги мақсадимизни ифодалайди.

Қорақалпоқ маданияти тарихида “Қорақалпоқ тилининг изоҳли луғати” тузилиб,   тўрт томлик бўлиб нашрдан чиқди. Тўрт томлик изоҳли луғатда 20 мингга яқин сўз ва турғин сўз бирикмалари қамраб олинган. Бу эса ўз навбатида жамиятда кўпгина сўзларнинг маъносини тушиниш ва тўғри қўлланиш имконини беради. Шунингдек, фразеологик сўзлардан фойдаланиш, уларнинг қўлланиш хусусиятларини билиш, ўқувчиларда ўз фикрини аниқ етказишда муҳим саналади.

Бугунги кунда хорижий тилларни ўрганишга эътибор кучаймоқда. Бунинг учун кенг имкониятлар яратилган. Бу орқали қорақалпоқ тилини бошқа тиллар билан таққослаган ҳолда унинг бошқа тиллардан тафовути, хусусиятлари, ўзига хос жиҳатларини ўрганамиз.  Хорижий тилларни ўрганиш, билиш яхши албатта. Лекин ўз она тилингни пухта, мукаммал билмай туриб, ўзга тилни ўргана олмайсан. Шу боис, она тилини севиш, уни ўрганишга бўлган талаб ва эътибор юқори бўлиши лозим. Қорақалпоқ тилини ўқитишда таққослаш методидан кенг фойдаланиш мақсадга мувофиқ.  Сабаби бу орқали бошқа халқларнинг тили билан қорақалпоқ тилидаги сўзларнинг талаффузи ва ёзилиш хусусиятлари ўқувчиларга тушинтирилади.

Ўқувчиларни   ўқитишда аввало лотин графикасига асосланган қорақалпоқ алифбосидаги ҳарфларнинг катта ва кичик кўринишидаги ёзилишини ўргатиш, ушбу ҳарфлардан сўзларни айтиш, ёзиш орқали сўзларнинг гапнинг боши, ўртаси ва охирида қўлланилишини билиб боради. Бугунги кунда ўқувчиларнинг тил бойлигини ривожлантиришда бадиий асарларни ўқитиш катта аҳамиятга эга. Боиси, бу орқали ўқувчининг адабиётга бўлган қизиқиши, меҳри, иштиёқи ортади. Тафаккур доираси кенгаяди. Мустақил фикрлаш, сўз бойлигининг ривожланишида ўзининг ижобий таъсирини кўрсатади.

Шунингдек, халқ оғзаки ижодидан достонлар, эртаклар, топишмоқ ва тез айтишларни ўргатиш уларни зийракликка, мантиқан фикрлашга, ёд олиш, эсда сақлаш қобилиятининг ошишига, сўз заҳирасининг кенгайишига асос бўлади. Ўқувчилар соф она тилида тоза сўзлашни ўрганади.

1 декабрь — Қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилган кун ҳар йили республикамизда кенг нишонланади. Бу йил она тилимиз ҳақидаги қонун қабул қилинганига 32 йил тўлади. Шу муносабат билан барча юртдошларимизни табриклайман. Ота-боболаримиз мерос қолдирган она тилимизга бўлган ҳурмат, эҳтиром, муҳаббат, уни ёш авлодга ўргатиш бизнинг асосий мақсадимиз бўлиб қолаверади.

Алтингул Мустафаева,

Нукус шаҳридаги 1-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.