Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театрида 5 декабрь — Халқаро волонтёрлар кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Матильда Димовска, Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фуджияма, БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги вакили Ю.Ю, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири М.Қурбанов сўзга чиқиб, экологик қийин шароитда яшаётган аҳолининг саломатлигини мустаҳкамлашда ҳамкорликдаги лойиҳаларнинг аҳамияти, COVID-19 ва бошқа касалликларнинг олдини олиш ва уни даволаш, аҳоли орасида тарғибот ишларини амалга оширишда тиббиёт ходимлари билан бир қаторда волонтёрларнинг ҳам меҳнати алоҳида эканлигини таъкидлади.
Таъкидланганидек, БМТ Тараққиёт Дастури, Аҳолишунослик жамғармаси билан биргаликдаги “Оролбўйи ҳудудидаги аҳолининг иқтисодий, экологик ва саломатлигини сақлаш масалаларидаги хавфсизликни бартараф этиш орқали ҳаёт барқарорлигини мустаҳкамлаш” лойиҳаси доирасида Мўйноқ, Қўнғирот, Шўманой, Қонликўл, Хўжайли, Нукус, Кегейли, Чимбой, Бўзатов, Қораўзак ва Тахтакўпир туманларида фаолият юритаётган волонтёрларнинг сони бугунги кунда 2081нафарни ташкил этади. Улар аҳоли орасида COVID-19, шунингдек нафас олиш йўллари, юрак-қон томир, ошқозон-ичак касалликларининг олдини олиш ва касалликдан кейинги ҳолатни даволаш, она-бола саломатлигини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли тарғибот ишларини олиб бормоқда.
Айниқса, юртимизда карантин даврида турли касалликлар профилактикаси бўйича амалга оширилган ишларни алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлидир. Улар уяли алоқа воситалари ҳамда ижтимоий тармоқлар орқали ҳам ҳудудидаги фуқаролар ҳолидан хабар олиб, зарур маслаҳатлар бериб борди.
Ўтказилган мониторинг натижасида жорий йилнинг январь-ноябрь ойлари оралиғида волонтёрлар томонидан жойларда 47924 та суҳбатлар ўтказилиб, жами 25905 оила қамраб олинди. Касалликларнинг олдини олиш бўйича 31242 нафар фуқарога маълумот берилди.
Тадбирда «Энг кўп ахборот сиёсатини юритган волонтёр», «Азиз волонтёр» қўшиғига куй басталаган волонтёр», «Фаол волонтёр-туман тиббиёт бирлашмасининг бош ҳамшираси» номинациялари бўйича ғолиблар аниқланиб, уларга қимматбаҳо совғалар топширилди.
Тадбир республика санъат усталарининг концерт дастури билан давом этди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.