Бугунги кунда ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантириш, иқтидорли болаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, уларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш таълим соҳасидаги энг муҳим йўналишлардан биридир.
Айниқса, бу борада нодавлат мактабларнинг ташкил этилиши халқ таълими тизимида соғлом рақобат муҳитини яратиш, таълим сифатини янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жорий йилнинг сентябрь ойида Тўрткўл туманида ўз фаолиятини бошлаган “Асл Смартум” нодавлат умумтаълим мактаби қисқа вақт ичида кўпчиликнинг севимли масканига айланиб улгурди.
Бу йил мактаб илк қалдирғочларини кутиб олди. Ўқувчиларни ўқитиш ва билимини баҳолашнинг замонавий услублари, шунингдек, таълим дастурларининг интеграциялашувига асосланган мазкур мактабда таълим ўзбек ва рус тилларида олиб борилади.
-Мактабимизда табиий ва аниқ фанларни чуқур ўргатиш, хорижий тилларда эркин мулоқот қилиш, ахборот технологияларни ўзлаштириш, ўқувчиларнинг инновацион ғояларини ривожлантириш учун зарур шароитлар яратилган, -дейди мактаб директори Гулистон Удаева. – Шунингдек, мактабимизда асосий ўқув дастури билан биргаликда ўқувчиларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда синфдан ташқари амалий машғулотлар олиб борилади. Ҳозирда ўқувчиларимиз ментал арифметика, рус тили, инглиз тили, мантиқ, гимнастика, каратэ, шахмат, тез ўқиш, ҳуснихат, рассомчилик тўгаракларида ўз билимларини мустаҳкамлаб бормоқда.
Эътиборлиси, мактаб фаолиятига унчалик кўп вақт бўлмаган бўлса ҳам ўқувчилар кўпгина кўрик-танлов ва мусобақаларда ғолибликни қўлга киритиб келмоқда.
Дарҳақиқат, нодавлат мактабларда яратилган шарт-шароитлар барча талабларга жавоб беради. Уларда қўлланилаётган ўқув режа ҳамда ўқув дастурлари асосида ҳар бир ўқувчига алоҳида-индивидуал ёндашилади. Яъни, ўқувчиларнинг ўз устида мустақил ишлаши учун барча қулайликлар яратилади. Қизиқишлари ва иштиёқидан келиб чиқиб таълим берилади, икки-учта хорижий тил ўргатилади. Ўқишдан ташқари муассасанинг ўзида ташкил этилган турли фан тўгараклари, спорт машғулотлари самарали олиб борилади. Бу эса ўқувчининг келажакда билимли, зийрак ва салоҳиятли, маънавий етук бўлишида аҳамиятлидир.
Ибодат Қурбанбаева,
ҚДУ талабаси.