Қонликўлда кам таъминланган 20 та оилага уйлар топширилди


Қонликўл тумани “Қонликўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 20 хонадонга мўлжалланган турар жойлар калитлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. Бу ҳақида туман ҳокимлиги Ахборот хизмати маълум қилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти вакили О.Сагдиев, туман ҳокими А.Ибрагимов ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.  Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда кам таъминланган, ўзганинг кўмагига муҳтож оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаёт­ганини таъкидлади.

Ҳудуддаги қишлоқ шифокорлик поликлиникасининг бўш турган эски биносини турар жойга мослаштириш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан 1 миллиард 620 миллион сўмдан зиёд маблағ эвазига реконструкция ишлари амалга оширилди.

Икки қаватли бинода барча қулай шароитлар яратилган. Ҳар бир хонадон замонавий иситиш ускуналари билан таъминланган.

Тадбирда янги турар жой калитлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди. Ҳомийлар томонидан оилаларга кундалик маиший техникалар совға қилинди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.