«XXI аср аёли» — зийрак, фаол, ташаббускор


Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши “Аёллар қаноти” томонидан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Маданият саройида «XXI аср аёли» кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ўтказилди.

Кўрик-танловда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Т.Романов, ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аъзолари,  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва шаҳар, туман Кенгаши депутатлари, ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Ижроия Қўмитаси девони ходимлари, “Аёллар қаноти” фаоллари, партия аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимиз ёшлари, айниқса, хотин-қизлари орасида истеъдод эгаларини кашф этиш, уларнинг маънавий, ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини юксалтириш, улар орасида сиёсий етакчиларни шакллантириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган мазкур танловнинг аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Жорий йилги танловда олий ўқув юрт­ларида илмий изланишлар олиб бораёт­ган талаба-қизлар ўз билим ва истеъдодини намоён этишди.

— Истеъдодли ёшларни аниқлаш, уларнинг маънавий, ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини юксалтириш, сиёсий етакчиларни шакллантириш, шунингдек ёшларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда ушбу танловнинг аҳамияти катта, — дейди университет талабаси, танлов иштирокчиси Динара Алламова. — Партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини амалга ошириш юзасидан хотин-қизлар ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларида қатнашиб, сиёсий билим ва кўникмаларимни ошириб бормоқдаман.

Танлов якунида Бердақ номидаги ҚДУнинг Қорақалпоқ филологияси ва журналистикаси факультети талабаси Улзада Балтабаева ғолибликни қўлга киритиб, танловнинг республика босқичига йўлланма олди.

Тадбир нафақат сиёсий руҳда ўтди, балки иштирокчиларнинг маданий ҳордиқ чиқаришларида ҳам муҳим аҳамият касб этди. Ёш ҳунармандлар томонидан тайёрланган кўргазма ва санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар барчага хуш кайфият улашди.

Кўрик-танлов ғолиблари Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан тайёрланган диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Гулзар Джумагулова,

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари бўйича етакчи мутахассиси.