Тўрткўлда “Женнет мекан” МТТ иш бошлади


Тўрткўл тумани “Оққамиш” овул фуқаролар йиғинида давлат-хусусий шериклик асосидаги “Женнет мекан” мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими Р.Шамуратов ва бошқалар мамлакатимизда мактабгача таълим ташкилотларининг фаолиятини такомиллаштириш, болаларни қамраб олиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди. Ташаббускор маблағи ҳисобидан бунёд этилган умумий қиймати 4 миллиард 260 миллион сўмлик давлат-хусусий шериклик асосидаги 100 ўринга мўлжалланган замонавий типтаги мактабгача таълим ташкилотининг фойдаланишга топширилиши чекка ҳудуд аҳолиси учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.

Тадбир иштирокчилари ишга туширилган икки қаватли мактабгача таълим ташкилоти биносида болажонлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда туманда 33 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 8 та давлат-хусусий шериклик асосидаги ҳамда 26 та нодавлат оилавий мактабгача таълим ташкилоти фаолият олиб бормоқда. Ҳудудда жами 17 811 нафар 3-7 ёшдаги бола бўлиб, шундан 12 713 нафари мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган ва қамраб олиш 71,5 фоизни ташкил этади.