Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги байрами арафасида Нукус шаҳрида янги бунёд этилган кўп қаватли уй ички ишлар органлари ҳамда Миллий гвардия ходимларига топширилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари М.Жуманов, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, полковник А.Темирханов, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи, полковник М.Юсупов йиғилганларни Бош қомусимиз қабул қилинганининг 29 йиллиги байрами ҳамда янги уйнинг фойдаланишга топширилиши билан қутлади.
Таъкидлаганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда давлат хизматчилари, айниқса, юртимизда жамоат тартибини сақлаш ва тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилаётган ходимларни турар жой билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 28 ноябрь кунги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, имтиёзли кредитлар асосида қуриб битказилган кўп қаватли уйдан 15 та хонадон Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар органлари, 15таси Миллий гвардия ходимларига тантанали равишда топширилди. Узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредити асосида берилган ушбу турар жой байрамга ажойиб туҳфа бўлди.
Тадбирда турар жойни қурган “СONCRET BUILDINGК” масъулияти чекланган жамиятига Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасининг Ташаккурномаси топширилди.
Тадбир иштирокчилари янги хонадонларда яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Янги уйни топшириш маросими санъат усталарининг концерт дастури билан давом этди.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.