Нукус шаҳрининг “Наврўз” маҳалласида яшовчи Парахат оға Буханов ҳамда унинг турмуш ўртоғи Жумагул опа Абдановани бугун нафақат нукусликлар, балки, Қорақалпоғистоннинг кўпчилик аҳолиси яхши билишади. Тонг сахардан яхши ниятлар билан очилган хонадон эшиги кечаси соат бир-икки бўлса ҳамки, қулфланмайди. Халқимизга хос бўлган оғизбирчилик, самимийлик, меҳмондўстлик бу хонадон эгаларининг халқ орасида мақтовини ошириб, обрў-эътиборини янада юксалтирди.
Бу хонадон эгалари нима қилибди, ёхуд нима иш билан шуғулланадики, довруғи достон дерсиз?! Маълумки, инсон қайси ҳунарни эгаллаб, қандай касб билан шуғулланмасин, аввало ундаги самимийлик, муомала, камтарлик гўёки унинг либоси мисол. Мақола ёзиш учун хонадонга ташриф буюрар эканман, аввало хонадон эгаларидаги мана шу хислату-фазилатлар кўнглимни тоғдек кўтарди.
Маълумки, “Саҳро кемаси” деб аталувчи туялар бугунги кунда ҳам одамларнинг яқин ҳамроҳи, даромад манбаи сифатида қадрланади. Туялар узоқ йиллар давомида кўпгина давлатларда транспорт вазифасини бажарган. Эътиборлиси, чўлга чидамли бўлган бу туялар 300-400 килограмм оғирликдаги юкларни ўз манзили томон етказиб берган. Туя сути ўзининг шифобахш хусусиятига эга. Бу ҳақида табобат илмининг султони Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китобида ҳам алоҳида қайд этилган. Яъни, туя сути ўпка сили, ошқозон ичак касалликлари, камқонлик каби кўпгина касалликларни даволашда қўлланилади. Туя жуни асосан баҳорда қирқилади. Қалин ва узун жунлари уни ёзнинг жазирамаси-ю, қиш қаҳратонидан сақлайди. Қолаверса, бугунги кунда туя жунидан тайёрланган маҳсулотлар танани иссиқ сақлаши ва даволаш хусусиятига эгалиги билан ҳам қадрлидир.
Авлоддан авлодга ота касб сифатида ўтиб келаётган туя боқиш анъанасини бугун Парахат оға Буханов ўғиллари, қизи-ю-келинига ҳам ўргатиб келмоқда. Айниқса, бу ишда унинг турмуш ўртоғи Жумагул опанинг ҳиссаси катта.
— Оила қурганимизга 40 йилдан ошди, — дейди Жумагул опа Абданова. — Мана шу йиллар мобайнида турмуш ўртоғим билан “сен-менга” бормаганмиз. Борига қаноат қилиб яшадик. Худога шукур уч ўғил, бир қизимиз бор. Катта ўғлимни уйлантирганман, 2 нафар неварам бор. Келиним ҳам ҳудди ўзим, чаққонгина.
Ҳа, оиланинг ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши кўпроқ аёл кишига ҳам боғлиқ. Шу боис ҳам халқимиз азал-азалдан аёл, она зотини улуғлаб, уларни уйимиз файзи, чароғбони, бахту-иқболи дея қадрлашади.
— Бугунги кунда хонадонимизда 11 бош туя бор, шундан 6 таси соғин туялардир. Улар асосан янтоқ, қамиш, билан озиқланади. Бир ҳафтага қадар сувсизликка чидаши мумкин. Лекин биз ҳар куни сув тутамиз. Кунига 3-4 маҳал соғамиз. Сути шифобахш бўлгани учун кўпчилик одамлар уйга келиб илиқлигида ичишади. Шубат ҳам тайёрлаймиз, — дейди онахон.
Хонадон эгаларининг айтишича, ҳар бош туя 3-4 литрдан сут берар экан. Ушбу хонадонга маҳаллий аҳоли билан бир қаторда ҳаттоки Англия, Франция, Германия, Москва каби дунёнинг энг ривожланган давлатларидан ҳам сайёҳлар ташриф буюриб, туя сутидан тотиб кўришган экан.
— Биз олдин фақат шубат тайёрлаб сотар эдик, — дейди келини Гулбану Мусагалиева. — Аммо, тўрт-беш йиллар олдин бир воқеа сабаб бўлиб, сутини илиқлигида сота бошладик. Биздан сал нарида яшовчи маҳалладошимизнинг аёли саратон касаллигига чалиниб, ётиб қолибди. Ўшанда, унга кимдир туя сутининг фойдаси ҳақида айтган экан. Кейин у киши ҳар куни бизникига келиб сут олиб кетарди. Қайнотам жуда сахий инсонлар. Аёлинг касал бўлса пул бермай қояқол, шундоқ олиб ичавер, савоб учун, дерди. Аммо, у киши уялиб, пул ташлаб кетарди. Биласизми, ўша аёл соғайиб кетди. Эри ҳар замонда келиб, раҳмат айтиб кетади. Шу-шу бўлди-ю, бировдан-биров эшитиб, уйимизга ҳар куни одамлар шифо дея сут ичгани келишади.
Дарҳақиқат, туя сутининг шифобахш хусусиятлари жуда кўп. Жумладан, туя сути камқувватлик, камқонлик, сил, нафас ва ошқозон-ичак йўллари, жигар, буйрак, юрак, асаб касалликларини даволашда истеъмол қилинади. Туя сутидан тайёрланган ичимликларни нафақат беморлар, балки соғлом одамлар ҳам иммунитетни тиклаш учун ичиши мумкин. Бу ичимликлар чанқоқни босиб, организмни тетиклаштиради, очликдан сақлайди. Чунки, туя сути таркибида В1, В2 витаминлари, темир, фосфор, олтингугурт, кальций моддалари мавжудлиги мутахассислар томонидан исботланган. Шунингдек, бу сутни илк бор истеъмол қилган айрим беморларда ич сурилиши мумкин. Бунда организм танадаги ортиқча шлаклар, токсинлардан тозаланади.
Маълумки, туянинг жуни ҳам фойдали. Апрель-май ойларида туя жуни тулаб, қирқиб олинади. Туя жунидан Жумагул опа уй рўзғор учун керакли буюмларни тайёрлайди. Олинган жунни яхшилаб қўлда ювади, қуритади, кейин уни тозалаб, титади. Чивиқда савайди, тайёр ҳолга келган жундан қоплаб кўрпа, кўрпача тикади, пайпоқ, ёки тиззани, белни боғлайдиган белбоғлар тайёрлайди.
Уй шароитида туя боқиш қийинчилик туғдирмайдими, дея савол бергандим ҳамки, қўшни аёл биз ўтирган хонага кириб келди.
— Бу оила ҳақида мана мендан сўранг, — дейди Кенжегул опа Айдарова. — Мана салкам 50 йилдирки, қўшни яшаймиз. Хонадон эгаси жуда очиққўнгил инсон. Мен бундан тўрт йил аввал кўкрак бези саратони касаллигига чалиниб қолгандим. Жарроҳлик амалиётини ўтказдим, кимё терапиясини олдим. Эрим ҳам ногирон. Мана шундай қийин аҳволда менга доимо ушбу хонадон эгалари ёрдам қўлини чўзган. Қўшниларим дори-дармонингга ишлатарсан, деб пул йиғиб берарди. Жумагул дўстим менга мана шундан буён туя сутини ичгин, тузалиб кетасан, дея бепул беради. Биласизми, мана шундай яхшилик қилиш учун одамда озгина бўлса ҳам меҳр, инсонийлик, кенг қалб бўлиши керак. Парахат ва Жумагулда мана шу инсонийлик ҳислатлар бор. Инсон қанчалик кенг бўлса, Яратган ҳам унга насибасини, ризқини шунчалик кўп беради.
Ҳа, “Олисдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши”, деганларидек, бу оилани барча қўни-қўшни бирдек яхши кўриб, ҳурмат қилади. Бунинг ўзига яраша сабаблари ҳам бор. Қўшни аёлнинг айтишига қараганда, уй соҳиби кўнгли очиқлиги, сахийлиги шунча, маҳаллада бўладиган тўй-маракаларга ҳам сут, шубат элтиб, “ховур бости”га ичар экан. Қолаверса, ошна-оғайниларни ҳам уйга таклиф этиб, бир косадан илинар экан. Яна бир эътиборли жиҳати, бундан анча йиллар аввал бу хонадонда таниқли актёр ва қизиқчи Валижон Шамшиев ижросида туялар билан боғлиқ фильм тасвирга олинган.
Бугун туя боқиб, рўзғор тебратаётган оиланинг даромади анча яхши. Янги ҳовли, автоулов, сигирлар, товуқлар, туятовуқлар буларнинг барчаси мана шу туячиликдан келаётган даромади сабаб.
Келини Гулбану Мусагалиеванинг айтишича, баъзан хонадонига ҳомиладор аёллар келиб тураркан. Яъни, ҳомиласи 9 ойдан ўтиб, туғишда қийналаётган аёллар келиб, туянинг тагидан ўтишаркан. Агар шундай қилинса, тўлғоқ тутиб, аёл тез туғиши мумкин экан. Аммо, Гулбану бу иримларга унчалик ишонмайди. Чунки, у ўзи ҳомиладор ҳолига туя сути, шубат ичиб, чақалоғини ўз вақти-соатида дунёга келтирган. Дарҳақиқат, туя ҳақидаги ривоят, афсоналар қанчалик ҳақиқатга тўғри келишини билмадигу, аммо, халқимиз орасида шу каби иримлар ҳам мавжуд.
— Биз туяни уй шароитида боққанимиз билан уларни эрталаб соат еттидан кечги соат олти-еттиларга қадар яйловда ўтлатамиз. Бунинг учун махсус чўпон (туябоқар) ёллаб қўйибмиз. Туялар йилига бир туғади. Баъзан ўзимизникига қўшимча республикамизнинг Дўстлик, Қоратоғ томонлардан ҳам сотиб оламиз. Бир туянинг нархи 25-30 миллион сўм. Бир қараганда туяларни бир-биридан ажратиш қийин. Аммо, туяларимизнинг ўз номлари бор, —дейди онахон.
Шу ўринда онахондан оналик, аёллик бахти ҳақида сўрадим. Шунда онахон, аёлнинг онанинг бахти, бу оиласининг хотиржамлигида, элу юртининг тинчлигида, фарзандлари саломатлиги-ю камолида. Аёл борига, бир бурдага ҳам қаноат қилади, аммо аёлнинг меҳри, севгиси бутун дунёга етади, дейди. Бу жумлалар оддий ва одатий бўлиши мумкин, аммо бу сўзлар замирида олам –олам маъно мужассам. Зеро, аёл, она дуоси билан бу дунё гўзал ва ободдир.
Парахат оға ва Жумагул опанинг мақсадлари катта. Келажакда туялар сонини янада кўпайтириб, туя сути билан даволашга ихтисослаштирилган марказ очиш.
Ҳа, инсон яшар экан орзу, мақсад қилишдан чарчамайди. Туячиликни ривожлантириб, чорвани кенгайтиришни мақсад қилган бу оиланинг бахтига кўз тегмасин, дегимиз келади. Зеро, “Қаловини топса, қор ҳам ёнади”, деган ибратли нақл айнан ушбу оила мисолида айтилгандек.
Феруза Нуруллаева.