Нукус шаҳрида “Ўзбекистон ёшлари форуми – 2021” доирасида “Street workout” мусобақаси финал босқичи бўлиб ўтди.
Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Туризм ва спорт бош бошқармаси томонидан ҳамкорликда ташкил этилган мусобақа финалида шаҳар ва туман босқичларининг ғолиблари иштирок этди. Иштирокчилар турникда тортилиш, параллель брусда қўл машқлари, ерга таянган ҳолда қўл ва оёқ машқлари бўйича белгиланган вақт мобайнида маҳоратларини намойиш этди.
Мусобақа якунида Нукус шаҳридан Мийрас Тангирберганов биринчи, Жамал Абибуллаев иккинчи, Тахиатош туманидан Данил Цой ва Чимбой туманидан Мийрас Бийсенбоев учинчи ўринларни эгаллади. Уларга ташкилотчилар томонидан диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ғолиб Мийрас Тангирберганов мамлакатимиз миқёсида ўтказиладиган кейинги босқичга йўлланмани қўлга киритди.