Президентимизнинг 2017 йил 16 октябрдаги “Республикамизда асаларичилик тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил 15-30 ноябрь оралиғида республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида асал маҳсулотлари ярмаркалари “Асал байрами” бўлиб ўтмоқда.
Шу муносабат билан Нукус марказий деҳқон бозорида тадбирнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда иштирок этганлар республикамизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган асаларичилик хўжаликлари маҳсулотларининг кўргазмаси билан танишди.
Тадбирда таъкидланганидек, Президентимизнинг асаларичилик тармоғини янада ривожлантиришга оид тегишли қарори асосида берилган имтиёзлар соҳани ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда.
Жумладан, соҳада қўлланиладиган ускуналар, асалари уяларини ташиш учун махсус транспорт воситалари ва асални қадоқлаш технологиялари лизинг асосида етказиб берилмоқда. Шунингдек, мазкур қарор асосида асал етиштириш ва уни қайта ишлаш кўламини кенгайтиришга, асаларичилик билан шуғулланувчи хўжаликларни асалари уялари билан таъминлаш, асал етиштиришнинг замонавий усулларини жорий қилишга йўналтирилган 2017-2021 йилларда асаларичилик тармоғини комплекс ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланган.
Асаларичилик хўжаликлари асал йиғиш мавсуми давомида ўрмон фонди ерларидан, қўриқланадиган табиий ҳудудлардан фойдаланмоқдалар.
— Бу каби тадбирларнинг ташкил қилиниши етиштирган маҳсулотларимизни сотиш, шу билан бирга асал етиштирувчилар ўзаро тажриба алмашиши учун муҳим аҳамиятга эга, — дейди Нукус туманидаги асаларичиликка ихтисослаштирилган “Шарипбай” фермер хўжалиги раҳбари Азат Қурбаниязов. — Ўтган йили “Ёшлар — келажагимиз бунёдкорлари” шиори остида ўтказилган кўргазмада иштирок этиб, “Энг яхши маҳсулот” номинацияси ғолиби бўлган эдим.
Тадбир иштирокчиларига С.Хожаниязов номидаги Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театри ижодий жамоасининг байрам томошаси қўйиб берилди.
Д.АБИБУЛЛАЕВ.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.