Якунланаётган йил биз Қораўзак тумани халқи учун ҳам самарали бўлди. Эътиборлиси, ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланиш ва бунёдкорликлар ҳудуд аҳолисининг осойишта ва фаровон ҳаётини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда Қораўзак туманида 53 мингдан ортиқ аҳоли ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Хонадонбай”, “Маҳаллабай” ишлаш тизими орқали бириктирилган масъуллар ҳудуддаги ҳар битта хонадонда бўлиб, хонадон аъзолари билан алоҳида суҳбатлар ўтказилди ва яшаш шароитлари ўрганилди. Натижада аҳолини асосан, бандлик, кредит, ер ажратиш, ижтимоий инфратузилмани яхшилаш каби масалалар қийнаб келаётганлиги аниқланди. Айни пайтда бу борадаги масалалар ўз ечимини топмоқда. Шунингдек, туман ҳудудидаги 13 та маҳаллада ихтисослаштириш ва ривожлантириш драйверлари белгилаб олинди.
Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида шакллантирилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ҳамда “Маҳаллабай” ишлаш тизими бугунги кунда ўз самарасини бериб, аҳолининг аксарият қисми иш билан таъминланди. Жумладан, “Темир дафтар”га киритилган 1060 та оиланинг 1022 таси, “Аёллар дафтари”га киритилган 1213 нафар хотин-қизларнинг деярли барчасига амалий ёрдамлар кўрсатилди. Хусусан, 334 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди, 251 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 67 нафарига томорқадан фойдаланиш учун ёрдам кўрсатилди, 206 нафарига ўз тадбиркорлигини бошлаши учун кредит маблағлари ажратилди, 7 нафар хотин-қиз уй-жой билан таъминланди, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган аёл-қизларга моддий ёрдамлар кўрсатилди. Бундан ташқари уларга тиббий, ҳуқуқий ҳамда психологик ёрдамлар бериб борилмоқда. Самарқанд, Хоразм ҳамда маҳаллий тарихий қалъаларга саёҳатлар уюштирилди.
Бугунги кунда ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Зеро, билимли, фаол ва ташаббускор ёшлар мамлакатимиз таянчи, келажаги сифатида эътироф этилади. Бу борада туманимизда ҳам самарали ишлар амалга оширилиб, ҳар бир ёшнинг қизиқиш ва имкониятлари ҳисобга олинмоқда. 2020 йилда ҳудуддаги 9035 нафар ёшлар анкета сўровномалари асосида хатловдан ўтказилиб, натижада 1398 нафар ишсиз ва муаммоси бор ёшлар аниқланди ва “Ёшлар дафтари”га киритилди. Айни пайтгача уларнинг 1367 нафари ўз хоҳиш ва истаклари асосида кредит, ер майдонлари, субсидия маблағларини ажратиш ҳамда моддий ёрдам кўрсатилиши натижасида “Ёшлар дафтари”дан чиқарилди. Ўтган 2021 давомида 8 та йўналиш бўйича 708 та янги иш ўрни яратилиб аҳоли бандлиги таъминланди.
Айтиш жоизки, бугун республикамизнинг қайси бир ҳудудига ташриф буюрманг ободлик, бунёдкорлик ва янгиланишларнинг гувоҳи бўласиз. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ободонлаштириш, инфратузилмасини яхшилаш, йўл, газ, электр энергияси таъминоти, сув тармоғини яхшилаш, аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш мақсадида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида 45,4 млрд. сўмлик ишлар амалга оширилиши белгиланган эди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг 2021 йил 4 майдаги “2021-2022 йилларда Қораўзак туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга маблағ ажратиш тўғрисида”ги қарори асосида туман ҳудудида 5,6 млрд. сўмлик реконструкция ва йирик таъмирлаш ишларини бажариш белгиланган бўлиб, бугинги кунда бу борадаги ишлар қизғин давом этмоқда. Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 8 июндаги фармонига мувофиқ, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ҳамда ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши белгиланган эди. Шу боис, 2022 -2025 йилларда жами туман ҳудудидан 1024 гектар ер майдонини очиқ электрон танлов асосида ижара ҳуқуқи билан аҳолига ажратиб бериш режалаштирилди.
Туманнинг ўсиш нуқтасидан келиб чиққан ҳолда йирик ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бугунги кундаги энг муҳим масалалардан. Ўтган 2021 йил давомида туманда кичик бизнес субъектлари сони 564 тани ташкил этди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 663 нафар фуқарога 12 млрд. 149,7 млн. сўм кредит маблағлари ажратиб берилди. 2021 йилда жами 52 млрд. сўм миқдорида 18 та лойиҳа ишга туширилиб, натижада 104 та янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, қўшимча лойиҳалар амалга оширилишида акционерлик банкларнинг хорижий кредит линиялари ҳисобидан жами 778 минг доллар миқдорида инвестициялар ўзлаштирилди. Келгусида 60 млн. долларлик лойиҳани амалга ошириш натижасида 50 МВТ қувватга эга қуёш электр станцияси, сунъий гранит заводи, 120 ўринга мўлжалланган 4 юлдузли меҳмонхона, 5 гектар яшил ҳудуд каби жуда кўплаб ижтимоий бинолар ишга туширилиши белгиланган.
Туман ҳудудидаги 21 та маданий мерос объектларини асраб-авайлаш ва уларни ўз ҳолича сақлаш, келгуси авлодларга етказиб бериш борасида ҳам амалий ишлар қилинмоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, 2021 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказилган танловда туманнинг ҳар бир жабҳадаги кўрсаткичлари, жумладан, хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида олиб бораётган ишларимиз эътиборга олиниб, юқори натижага эришдик.
Мухтасар айтганда, ҳудудимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ўзгаришлардан кўзланган мақсад, аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, янги иш ўринлари, муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратишдан иборат. Бу борадаги ишларни янада самарали амалга ошириш биз раҳбар мутасаддиларнинг асосий мақсад ва вазифамиз бўлиб қолаверади.
Узакберген Утамбетов,
Қораўзак тумани ҳокими, «Содиқ хизматлари учун» медали соҳиби.