Халқимизга янги йил табриги


Қадрли ватандошлар!

Азиз дўстлар!

Барчангизни ўзида улуғ мақсад ва энг эзгу ниятларни мужассам этган, халқимизга ўзгача қувонч ва умид бағишлаб, катта бунёдкорлик ишларга руҳлантираётган Янги йил байрами билан қизғин табриклайман.

Бугун халқимиз тинч ва осойишта ҳаётда, аниқ мақсадлар билан келажакка ишончли қадам ташламоқда.

Якунланаётган йил юртимизнинг янги тарихида ўзининг унутилмас тарихий воқеалари, ҳаётимизнинг барча соҳаларидаги ўзгаришлар ва янгиланишлари билан ажралиб турадиган давр сифатида ёзилиб қолмоқда.

Айниқса, сўнгги йилларда Ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида барча соҳаларда ислоҳотларнинг чуқурлашиб бориши, тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишларнинг янада такомиллаштирилиши, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масалаларининг давлат сиёсати даражасига кўтарилганлиги, ёрдамга муҳтож инсонларнинг қўллаб-қувватланиши, “Маҳаллабай” ишлаш тизимининг йўлга қўйилганлиги-буларнинг барчаси халқимизни ҳаётдан рози қилиш мақсадида амалга оширилаётган эзгу ишлардан саналади.

Якунланаётган “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини ­мустаҳкамлаш йили”да халқимиз  манфаати йўлида хизмат қиладиган бир қатор корхоналар, ижтимоий-маданий, инфратузилма ва бошқа объект­ларнинг ишга туширилганлигини алоҳида мамнуният билан таъкидлаш ўринли. Жумладан, “Imzo”  компанияси томонидан Нукус шаҳрида пластик маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган корхонанинг ишга туширилиши, Тахиатош туманида тиббий диагностика маркази ҳамда тикувчилик цехининг ташкил этилиши, Қорақалпоғистон тиббиёт институти клиникасининг фойдаланишга топширилиши, Ўзбекистон давлат консерваторияси Нукус филиалининг очилгани, Опера ва бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган  мактаб-интернатининг иш бошлагани, Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтининг ташкил этилгани, Нукус шаҳрида Шайх Халифа бин Зоид Ал Наҳаён жамғармаси томонидан Аёллар ва болалар шифохонасининг қурилиш ишлари бошланганлиги каби кўпгина мисоллар ҳаётимизда юз бераётган қувончли воқеалар сирасидандир.

Мана, тараққиётнинг янги босқичига кўтарилаётган Янги Ўзбекистонда Ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида ўтган қисқа вақт ичида барча ҳудудлар қатори Қорақалпоғистон Республикаси ҳам ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан янгича ривожланиш йўлига ўтмоқда. Энг чекка Қўнғирот, Мўйноқ, Қонликўл, Тахтакўпир ва Бўзатов туманларида катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Ҳурматли Президентимизнинг 2020 йил 11 ноябрдаги “2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги махсус қарори асосида 2021 йилнинг ўзида жами 9 трлн. сўмлик 1 минг 129 та лойиҳа ишга туширилиб, 8 минг 987 та янги иш ўрни яратилганлиги, шунингдек, 1 минг 347 та лойиҳанинг 10 трлн. сўмлик инвестиция маблағлари ҳисобидан ўзлаштирилганлигини алоҳида мамнуният билан таъкидлаш жоиз.

Шунингдек, якунланаётган йилнинг 23 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оролбўйи минтақасида тадбиркорликни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан тадбиркорларимизга бир қатор имтиёзлар берилиб, янги имкониятлар яратилмоқда.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлашимиз лозимки, 2021 йилнинг 18 май санасида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 75 сессиясида “Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” деб эълон қилиш тўғрисида”ги махсус резолюциясининг қабул қилиниши ҳаётимизда юз беган тарихий воқеалардан саналади. Бу ўз навбатида атроф муҳитни муҳофаза қилиш, халқимизнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, Оролбўйи ҳудудида юзага келган муаммоларни бартараф этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларнинг яшаш шароитларини яхшилашда алоҳида ўрин тутадиган муҳим ҳужжатлардан саналади.

Албатта, бундай кенг кўламли ишлар кўнгилларда фахр — ифтихор туйғусини уйғотиши билан бирга, инсонларни юртимизда амалга оширилаётган эзгу ишларга ҳисса қўшишга руҳлантиради.

Қадрли ватандошлар!

Кириб келаётган Янги йил ўзида янада юксак мақсад ва вазифаларни мужассам этиб, барчани улуғ ишларга бошламоқда. Янги йилда ҳам халқимизнинг ҳаёт даражасини яхшилаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, айниқса, кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш каби бир қатор масалалар асосий вазифаларимиздан бўлиб қолаверади.

Байрам арафасида ёққан оппоқ қор оқ кўнгил халқимизга бахт, мўл ризқ-насиба, дарёмизга тошқин сувлар олиб келаверсин!

Сизларни яна бир марта Янги йил байрами билан қизғин табриклаб, барчангизга мустаҳкам соғлиқ, юксак муваффақиятлар тилайман!

Янги йил ҳар бир оилага омонлик, барака ва қувонч олиб келсин!

Юртимиз тинч, халқимиз ҳамиша омон бўлсин!

Янги йилингиз барчангизга муборак бўлсин, азиз юртдошлар!

М.Камалов,

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси