Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаевнинг Кегейли туманида навбатдаги сайёр қабули бўлиб ўтди.
Унда Бўзатов, Кегейли ҳамда Нукус тумани аҳолисининг 398 та масала бўйича 391 та мурожаати тингланиб, уларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилди.
Фуқаролар томонидан асосан, моддий ва тиббий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, банк кредити, ёшларни қўллаб-қувватлаш, бандлик, уй-жойларини таъмирлаб бериш, маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятига оид муаммолар юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Эътиборлиси, фуқаролар мурожаатларининг аксарияти жойида ўз ечимини топди. Жумладан, 211 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилди. 73 та мурожаат юзасидан тушунча берилди. Вақт талаб этиладиган 114 та мурожаат Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг шахсий назоратига олиниб, ижобий ҳал этиш чораларини кўриш мақсадида тегишли соҳа раҳбарларига топшириқлар берилди.
Қабулда ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож, боқувчисидан айрилган ҳамда муаммоси сабабли қийналаётган фуқароларнинг масалалари жойида ҳал этилди. Албатта, одамларимиз бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган халқчил сиёсат, кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда “Инсон қадри учун” тамойили асосида олиб борилаётган эзгу ва амалий ишлардан кўнгли тўлиб, ўз миннатдорлигини билдиришди.
Президентимиз раҳбарлигида халқимизнинг турмуш даражасини яхшилаш, уларнинг кундалик ҳаётида учраётган муаммоларга ечим топиш, энг муҳими ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлаш борасидаги ишлар жойларда давом этмоқда.
* * *
Хўжайли туманида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаевнинг навбатдаги сайёр қабули ўтказилиб, унда Амударё, Тахиатош ва Хўжайли туманлари аҳолиси қабул қилинди.
Бугунги кунда мамлакатимизда инсон манфаатлари олий қадрият даражасига кўтарилган бўлиб, бунда барча чоралар “Инсон қадри учун”, эзгу амаллар эса “Инсон манфаатлари барча нарсадан устун” деган тамойил асосида ҳаётимизда ўз аксини топмоқда. Бу борада фуқаролар муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш, қонуний манфаатларини таъминлаш йўлида барча чоралар кўрилмоқда.
Ўтказилган қабулга ўз муаммолари билан 450 дан ортиқ фуқаро ташриф буюрган бўлса, шундан 231 нафар фуқаро 256 масалада Жўқорғи Кенгес Раисига мурожаат қилди ва уларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилди.
Фуқаролар томонидан асосан, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тиббий ёрдам кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги соҳаси, таълим, мактабгача таълим, банк кредити билан боғлиқ масалалар, ишсиз фуқаролар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятида учраётган муаммолар, ҳудудлардаги йўл, ичимлик суви, табиий газ масалалари, маиший, ижтимоий муаммолар юзасидан мурожаатлар билдирилди.
Жумладан, Амударё тумани Қиличбой овул фуқаролар йиғинидан келган Зарипбой Қурбанбаев ўзи истиқомат қилаётган овулда электр энергияси муаммо эканлигини айтиб мурожаат қилди. Унинг маълум қилишича, ҳудудда электр қуввати паст бўлганлиги сабабли кечки пайтларда бу маҳаллий аҳолига бироз қийинчилик туғдираётган экан. Фуқаронинг масаласи чуқур ўрганиб чиқилиб, ҳудудга янги трансформатор ўрнатиш бўйича тегишли соҳа раҳбарларига топшириқ берилди.
Қабул давомида олий таълим муассасаларида шартнома асосида таҳсил олаётган талаба-ёшлардан ҳам қатор мурожаатлар келиб тушди. Жумладан, хўжайлилик Гулпаршин Салиева, Мийирбек Минажов, тахиатошлик Гулсара Ниязова каби ёшларнинг ижтимоий ҳолати эътиборга олиниб, шартнома пулларининг 50 фоизи тўлаб бериладиган бўлди.
Қабул жараёнида ўз мутахассисликлари бўйича иш сўраб келган фуқароларнинг ҳам масалалари ижобий ҳал этилди. Гўзал Тўремуратова Тахиатош туманидаги мактабгача таълим ташкилотига, Мавлуда Мадиярова сут маҳсулотларини қайта ишлаш корхонасига, Санобар Беканова озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш корхонасига ишга жойлаштирилди. Шунингдек, тахиатошлик Дилбар Камалова, Салима Базарбаева, Хафиза Таженова, хўжайлилик Рашит Беканов каби бир қатор фуқароларнинг мурожаатлари асосида уларнинг ижтимоий ҳолати инобатга олиниб, моддий ёрдам берилди.
Тахиатош тумани “Айдин жол” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Сарбиноз Абдирашитова уйининг том қисми ёпилмаганлиги боис, бу қорли-ёмғирли кунларда бироз қийинчилик туғдираётганини айтиб, ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мазкур оиланинг муҳтожлиги эътиборга олиниб, унга 12 миллион сўм пул маблағи ажратиладиган бўлди.
Қабулда фуқаролар томонидан билдирилган мурожаатларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди. Вақт талаб этиладиган мурожаатлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг шахсий назоратига олиниб, тез фурсатларда ижобий ҳал этиш юзасидан тегишли соҳа раҳбарларига топшириқлар берилди.
Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётимизда ўз аксини топиши ҳамда фуқароларимизнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлаш мақсадида уларнинг муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.