Президентимиз ташрифи янги корхоналар бунёд этилишига замин яратади


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи Кегейли туманидаги «Ақтуба текстиль» корхонасидан бошланди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Қорақалпоғистоннинг шимолий туманларига мамлакатимиз вилоятлари бириктирилиб, ҳудудда иқтисодиётни таркибий ўзгартириш, ички инвестицияларни жалб қилган ҳолда саноат, ишлаб чиқариш ва тадбиркорликни кенг ­ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар бугун самарасини бермоқда. Кегейли туманидаги олис овулларнинг бирида андижонлик тадбиркорлар билан биргаликда бунёд этилган «Ақтуба текстиль» корхонаси фикримиз тасдиғидир.

— Олдин овулимизда шундай корхона қурилиши унда юзлаб хотин-қизлар ишлаши хомхаёлдек туюларди, — дейди «Ақтуба текстиль» корхонаси тренер тикувчиси Райхон Давлетмуратова. — Буни қарангки, қишлоқ аёллари учун орзу бўлган ана шундай корхона 4-5 ой ичида бунёд этилди. Дастлабки кунларда 320 ишчи ишлаган бўлса, корхона кенгайтирилиб, бугунги кунда 500 нафарга яқин аёлларимиз ишли бўлди. Аёлларимиз рўзғори учун қўшимча даромад келтираётгани, ўзларининг каму кўстини маошидан тўлдираётганидан мамнун, албатта.

Ушбу корхона қурилаётган пайтда ҳудуддаги 20 нафар аёллар Андижонда иш ўрганиб қайтдик. Шундан сўнг ҳудуддаги касб-ҳунар коллежида маҳалламизнинг ишсиз аёлларини тикиш-бичишга ўргатдик. Мана ҳозир корхонамизнинг ўзида касб-ҳунарга қайта тайёрлаш ўқув маркази ташкил этилди. Унда ҳудудга яқин маҳаллалардаги ишсиз фуқароларга ҳунар ўргатилмоқда, аёлларга тикишни ўргатмоқдамиз.

Ҳурматли Президентимиз корхонамизга ташрифи давомида ишчи аёллар билан суҳбатлашдилар, биз ишлаб чиқараётган маҳсулотлар билан танишиш баробарида ишчиларга яратилган шароитлар, хотин-қизларнинг иш билан таъминланишининг аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар. Давлатимиз раҳбари бу ишларни, яъни янги корхоналар барпо этиб, хотин-қизларни иш билан таъминлашни давом эттириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берганида, ич-ичимдан яна юзлаб оилаларга хурсандчилик барака кирар эканда, дея қувондим. Негаки, ишсизликни кўрган ва ўз уйимга яқин жойда ишли бўлган аёл сифатида мен аёлларнинг оиласи ёнида маҳалласида ишлаб даромад топиш бахтини жуда яхши ҳис қиламан. Аминманки, Президентимизнинг бу галги ташрифи ҳам яқин вақтларда яна кўплаб қорақалпоғистонлик аёлларимизни ишли бўлишига, янги корхоналар бунёд этилишига замин яратади.

Маълумот учун «Ақтуба текстиль» корхонасининг умумий лойиҳа қиймати 30 миллиард сўмни ташкил қилиб, йилига 3,4 миллион дона эркаклар, аёллар ва болалар учун трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Корхона Германия, Япония ва Туркия давлатларининг замонавий технологияси билан жиҳозланган бўлиб, айни вақтда тайёрланаётган кийим-бош, футболкалар экспорт қилиниши режалаштирилмоқда.

Ғайрат Отажонов.