ҲАМИША СЕН ХИЗМАТ ЭТГИЛ ХАЛҚ УЧУН


Оятбек Олимжонов 4-синфдалигида у ўқиётган мактабда ҳарбийлар билан учрашув ўтказилганди. Учрашувда офицерларнинг салоҳияти, жанговар шижоатини кўриб, келажакда уларга ўхшашни ният қилди ва бу орзу уни Нукусдаги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейига етаклади.

— Ҳарбий бўлиш болалик орзум эди. Келажакда миллий гвардия сафида хизмат қилишни мақсад қилганман, — дейди Наманган вилояти Учқўрғон тумани Қоғай қишлоғидан Қорақалпоғистонга ўқишга келган Оятбек. — Ўзим тарих фанига қизиқаман. Тарих бўйича фан олимпиадасининг вилоят босқичида 3-ўринни олганман. Ота-онам менинг ҳарбий бўлиш истагимни қўллаб-қувватлади ва уларнинг дуоси билан Нукус шаҳрига йўл олдим. Бугун Оятбек сингари 200 нафар ўғлон Нукус “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейида ижтимоий-гуманитар фанлар ва аниқ фанлар йўналишлари бўйича таълим-тарбия олмоқда. Ҳарбий академик лицейдаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш мақсадида ушбу масканда бўлдик. Нукус “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейи Президентимизнинг 2019 йил 28 июндаги “Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва Давлат хизмати учун кадрлар захирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 2020-2021 ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлаган. — Лицейда асосий эътибор ўқувчиларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари учун зарур бўлган юксак ватанпарварлик ва маънавий-ахлоқий фазилатларга, дастлабки касбий билим ва кўникмаларга эга, ақлан ва жисмонан етук шахслар этиб тарбиялашга қаратилган, — дейди лицей директори, юридик фанлар номзоди Махсет Утепбергенов. — Лицейимизга умумтаълим муассасаларининг 9-синфини тамомлаганлиги тўғрисида шаҳодатномага эга бўлган, соғлиғи жиҳатидан ўқишга яроқли деб топилган, дастлабки ҳарбий-касбий танлов ва тест синовларидан муваффақиятли ўтган номзодлар қабул қилинади. Биз уларни олий ҳарбий, ихтисослаштирилган ва олий таълим муассасаларига ўқишга киришга тайёрлаймиз. Ҳарбий-академик лицейда бугун Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган ўқувчилар билим олмоқда. Ўқув режасига асосан йўналишлар бўйича тарих, инглиз тили, математика ва физика фанлари чуқурлаштирилган фанлар сифатида ўқитилади. — Академик лицейда ўқув жараёни тўлиқ казарма шаклида бўлиб, ўқувчилар ётоқхонаси 200 ўринга мўлжалланган. Таълим олувчилар лицейда истиқомат қилади. Бунинг учун ўқувчиларга барча имкониятлар яратиб берилган, — дейди курс командири, капитан Айназар Бекпўлатов. — Ўқувчилар кийим билан тўлиқ давлат томонидан таъминланади. Бу ерда ўсмирлар нафақат ўқишни, ҳаётда зарур бўлган бошқа кўникмаларни ҳам ўрганади. Хуллас, ҳарбийликнинг биринчи босқичи шу ерда бошланади. Лицейга қабул қилинган ўқувчиларнинг мукаммал таълим-тарбия олишлари учун ўқув, лаборатория ва компьютер хоналари, ахборот-ресурс маркази, спорт зали ва руҳий-жанговар тайёргарлик майдончаси, хизмат итларини ўргатиш ҳамда кичик футбол майдонлари бор. — Лицейимизни ўқув адабиётлари ва дарсликлар билан таъминлаш бўйича бир қатор амалий ишлар йўлга қўйилиб, ахборот-ресурс марказимиз фонди сиёсий, бадиий адабиётлар ва дарсликлар билан бойитиб борилмоқда, — дейди ахборот-ресурс маркази мудири Дилором Очилова. — Бугунги кунда марказимиз фондида 12117 та китоб мавжуд. Шунингдек, 1650 та электрон китобимиз ҳам бор. Ўқувчилар 25 та компьютерда интернет тармоғидан фойдаланади. Марказ Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги кутубхонаси билан масофадан боғланган. Китобхонларимиз сони эса кун сайин кўпайиб бормоқда. Таълим муассасасидаги педагог ходимларнинг илмий салоҳияти юқори. Бугун бу ерда 3 нафар фан доктори (DSc) ҳамда 1 нафар фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга ўқитувчи фаолият олиб бормоқда. Педагог ходимларнинг 19 нафари бош ўқитувчи, 4 нафари етакчи ҳамда 5 нафари катта ўқитувчи ҳисобланади. — Мен ушбу ўқув даргоҳига энг юқори балл билан биринчи ўринда қабул қилиндим, — дейди биз билан суҳбатда Қораўзак тумани “Аллаяр Досназаров” овул фуқаролар йиғинидан келиб ўқиётган Атабек Сейтмуратов. — Орзум ҳарбий бўлиш, Ватанимга садоқат билан хизмат қилиш. Ота-онам менинг бу орзумни қўллаб-қувватлади. Яқинда физика фани олимпиадасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида биринчи ўринни эгалладим. Лицейимизда ҳарбий соҳа билан бирга ижтимоий фанлар ҳам чуқур ўргатилади. Аслида, ҳарбий офицер бўлиш учун кўплаб соҳани яхши билиш талаб этилади.

“Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейларининг яна бир имтиёзли жиҳати, лицей битирувчилари ҳайдовчиликни ўрганиб, В,С тоифасидаги ҳайдовчилик гувоҳномасига ҳам эга бўлади. — Бу ерда ўқувчилар дарсдан сўнг расм чизиш, мусиқа ва бошқа турли қизиқарли тўгаракларда шуғулланади. Шунингдек, компьютер синфи, ахборот-ресурс маркази, электрон кутубхонада дарс тайёрлайди, спорт залларимизда ўзлари хоҳлаган спорт турлари билан машғул бўлади. Футбол, баскетбол, стол тенниси, енгил атлетика, шахмат, бокс, самбо, дзюдо, миллий кураш тўгараклари мунтазам фаолият юритмоқда, — дейди лицей директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Аралбай Отегенов. — Ўқув муассасамизда иқтидорли ёшлар жуда кўп. Жумладан, ўқувчиларимизнинг 9 нафари хорижий тил билиш бўйича халқаро, 1 нафари миллий сертификатга эга. Шунингдек, 100 нафар ўқувчимизнинг IT йўналиши бўйича сертификати бор. Ўтган йилнинг октябрь ойида ҳарбий академик лицей ўқитувчи ва ўқувчилари Россия Федерациясининг Нижний Тагиль шаҳрида ташкил этилган рус тилини ўрганаётган чет эллик талабалар ва мактаб ўқувчилари ўртасидаги “Мафтункор кўзлар: рус тили Россиянинг меъморий диққатга сазовор жойларини тасвирлаш воситаси” танловининг якуний босқичида юқори натижаларни қайд этди. Лицейимизнинг рус тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Ольга Утемуратова 1-ўринни, ўқувчимиз Жасурбек Умаров 2-ўринни эгаллади. Яна бир ўқувчимиз Бердах Узакбергенов танлов лауреати бўлди. Айни кунларда лицейда таълим-тарбия жараёнини янада самарали ташкил этиш, тажриба алмашиш мақсадида Фарғона, Тошкент ва Шаҳрисабз “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицейлари билан яқиндан ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилган. — Муассасамизда таҳсил олаётган ўқувчиларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга садоқат руҳида, шунингдек, аждодларимизга муносиб издош қилиб тарбиялаш мақсадида “Амир Темур” ва “Жалолиддин Мангуберди” хоналари ҳам ташкил этилган, — дейди директорнинг биринчи ўринбосари, подполковник Шерзод Ибрагимов. — Бу хоналарда икки буюк саркарда ҳақидаги маълумотлар, суратлар, уларнинг қаҳрамонликлари ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар, газеталарда эълон қилинган мақолалар ҳам ўрин олган. “Темурбеклар мактаби” ҳарбий академик лицей битирувчиларига юқорида тилга олинган қарор асосида имтиёз белгиланган бўлиб, олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришда битирувчининг тест синовларида тўплаган балининг 30 фоизи, фуқаролик олий таълим муассасаларига ўқишга киришда битирувчининг тест синовларида тўплаган балининг 15 фоизи миқдорида имтиёз берилади. 2021-2022 ўқув йилида ҳарбий академик лицейни жами 100 нафар ўқувчи битирган бўлса, уларнинг 67 нафари олий таълим даргоҳларига ўқишга кирди. Демак, дастлабки натижа ёмон эмас. Биринчи қалдирғочлар мақсадлари сари олдинга дадил қадам ташлади. Айтиш жоизки, мамлакатимизда ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва ҳарбий соҳалар бўйича кадрлар тайёрлашга ихтисослашган махсус мактабларнинг ташкил этилиши бугун ўз самарасини бера бошлади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек: “Ватанпарвар, ўзлигини англаган авлодни камол топтириш маънавий-маърифий ислоҳотларимизнинг бош мақсадидир”. Буюк қорақалпоқ шоири Бердақ бундай йигитлар ҳақида ёзиб: Йигит бўлсанг арслон каби туғилган, Ҳамиша сен хизмат этгил халқ учун, Йигит бўлсанг арслон каби туғилган, Ўзим демай, ғамхўрлик қил халқ учун, дейди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ёшлар ўзлари учун яратиб берилган шарт-шароитлардан жуда мамнун. Улар барча имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда ҳарбий касб сирларини теран ўрганиб, Ватан ва халқ учун садоқат билан хизмат қилишни ўзларининг фарзандлик, йигитлик бурчлари деб билмоқда.

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

(“Янги Ўзбекистон” газетасидан олинди).