ЎҚУВЧИНИНГ ЮТУҒИ — ЎҚИТУВЧИНИНГ ЮТУҒИДИР


Бугун мамлакатимизда таълим соҳасига қаратилаётган эътибор ўзининг ижобий самарасини бераётир. Айниқса, мактаб таълимини ривожлантириш, соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш, ўқитувчиларнинг жамиятдаги обрўси ва нуфузини ошириш, креатив фикрлайдиган, зийрак ва билимли ёшларни тарбиялаш, юксак педагог кадрлар салоҳиятини юксалтириш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилаётгани аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбарининг Президентлик фаолиятининг илк кунларидан бошлаб  соҳага қаратган алоҳида эътибори ўйлайманки, бутун мамлакатимиздаги педагоглар жамоасини руҳлантириш баробарида улардан янада фаоллик, ғайрат-шижоат, янгича руҳда ишлаш, ўз касбига янгича ёндашишни талаб этди.

Маълумки, Президентимиз ҳар бир чиқишларида, нутқ ва маърузаларида ёшлар масаласига алоҳида эътибор қаратиб, Ватанимиз, Янги Ўзбекистон келажаги, тараққиёти, тақдири юртимиз ўқувчи-ёшларининг билими, таълим-тарбияси билан узвий боғлиқ эканлигини таъкидлайди. Дарҳақиқат, жамият ривожи, тараққиёти албатта, ўқувчиларимизнинг таълим-тарбиясига боғлиқ. Замонавий, янги методлардан фойдаланган ҳолда дарс ўтиш, мукаммал билим бериш, ахборот технологиялари, чет тилларини ўргатиш, қўшимча фан тўгаракларига жалб этиш, ўз қизиқиши асосида фанларни ўзлаштиришини таъминлаш билан бир қаторда уларнинг маънавиятини бойитиш, дунёқарашини шакллантириш ҳам муҳим вазифамиз саналади.

Бугунги кунда мактабимизда 1831 нафар ўқувчига 172 нафар педагог-ўқитувчилар таълим-тарбия бериб келмоқда.

Бугунги ўқувчи, эртанги жамият аъзоси, бирор бир ҳунарнинг, касбнинг эгаси, Ватан тараққиётига дахлдор инсон. Шундай экан, биз педагоглар уларнинг мукаммал билим эгаси, тарбияли, салоҳиятли инсонлар бўлиб камол топиши йўлида ҳозирданоқ бор куч-ғайратимизни ишга солаяпмиз. Нафақат, ўқувчиларимиз, балки,  ўқитувчиларимизнинг ҳам педагогик салоҳиятини ошириш йўлида самарали ишлар қилинмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 майдаги “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2021-2022 ўқув йилида мактаблар ўртасида 3-босқичли хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб танлови ташкил этилди. Мазкур танловнинг шаҳар бос­қичида мактабимиз жамоаси фахрли биринчи ўринни қўлга киритиб, 100  000 000 миллион сўм, республика бос­қичида ҳам биринчи ўринни эгаллаб,  25 0 000 000 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Ушбу танловнинг мамлакат босқичида фаол иштирок этган ўқувчиларимиз декабрь ойида Буюк Британия давлатига саёҳатга бориб келишди. Мактабимизнинг 6-синф ўқувчиси Қ.Артиқбаев мини футбол бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказилган очиқ биринчиликда 3 ўринни эгаллади. Бу каби ютуқларимиз жуда кўп. Биз бу билан чекланиб қолмасдан ўқувчи –ёшларимизга янада кўпроқ мотивация берамиз. Уларнинг янада иқтидорли, ташаббускор ва билимли бўлиб, ҳар хил танловларда фаол иштирокини таъминлашга ҳаракат қилмоқдамиз.

Мактабимиз 2021 йилда Инновация, технология ва стратегия маркази ДУК томонидан замонавий мактабларга қўйиладиган талаблар асосида баҳоланиб, 3-даражали замонавий мактаб мақомини олди. 2019-2020 ўқув йилида тажриба синов мақсадида ўқув режасига мувофиқ 10 та вариатив синф ташкил этилди. Шунингдек,  давлатимиз раҳбарининг  “Алоҳида таълим  эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бошланғич таянч коррекцион синфи ташкил этилди.

Албатта вақтида берилган билим ўз самарасини бериши лозим. Ўқувчиларимизнинг келажакда ўз қизиқиши асосида олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари ҳам доимий эътиборимизда. 2020-2021 ўқув йилида ўқувчиларимизнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи 65,2 фоизни ташкил этди.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда ўқувчиларнинг тил билиш масаласи энг долзарб вазифадир. 2022-2023 ўқув йилида мактабимизнинг 11 –синф битирувчиларидан 15 нафари Халқаро ELTS сертификатига эга бўлди. Бундан ташқари мактабимиздаги 21 нафар инглиз тили фани ўқитувчиларидан 17 нафарида халқаро ва унга тенглаштирилган Миллий сертификат бор. Шунингдек, 5 нафар рус тили ҳамда 5 нафар информатика фани ўқитувчиларида ҳам мазкур сертификатлар мавжуд.

Маълумки, ҳар қандай меҳнат ўз самарасини бериб, эътироф этилиши табиий. Мактабимизда ўқитувчиларимизнинг ҳам ютуғи ўқувчиларимиз учун катта куч бермоқда.

Жумладан, менинг “Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланишим албатта мактаб жамоаси учун ҳам қувончли воқеа бўлди.

Умуман айтганда, бугунги кунда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар биз педагоглардан замон билан ҳамнафас, янгича фикрлаш ва фаолиятни талаб этмоқда. Зеро, Янги Ўзбекистон келажаги ёшлар қўлида экан, албатта бу борада биз ҳам бор куч-ғайратимизни, шижоатимизни ишга соламиз.

 

Караматдин Салатдинов,

Нукус шаҳридаги 27-умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.