Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишланган “Конституция-бахтимиз асоси” мавзусида тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Унда Жўқорғи Кенгес депутатлари, вазирликлар, ташкилот ва корхоналар, таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев тадбир иштирокчиларини Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги билан самимий табриклади.
Таъкидланганидек, Конституция – бу миллий ҳуқуқ тизимининг асосини ташкил этиши билан бирга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини белгилашда муҳим ҳужжат ҳисобланади. Давлатимизнинг мустақил ривожланиш босқичларига назар ташлар эканмиз, албатта, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда эришилаётган ютуқлар Асосий қонунимиз яратиб берган имкониятларнинг самараси ҳисобланади.
Юртимизда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида узоқни кўзлаган давлат сиёсати, ишлаб чиқилган қонунлар, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича алоҳида қабул қилинган қарорлар, Давлат дастурлари ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда мазкур ҳужжатлар асосида улкан қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ҳамда бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Тантанали тадбирда Қорақалпоғистон халқ шоири К.Каримов байрамга бағишланган шеърини ўқиди. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси Д.Эгамбердиев сўзга чиқиб, ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши борасида яратилган шароитлар хусусида тўхталиб ўтди ҳамда барчани байрам билан табриклади.
Тадбир санъат усталари томонидан тайёрланган концерт дастури билан давом этди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.