БУЮК ДАВЛАТ АРБОБИ ВА САРКАРДА


АМИР ТЕМУР таваллудига 687 йил тўлди

БУЮК ДАВЛАТ АРБОБИ ВА САРКАРДА

Давлат арбоби, буюк саркарда, маърифат ва маданият ҳомийси, соҳибқирон Амир Темур таваллудига бу йил 687 йил тўлди. Амир Темур таваллуди ўзининг Ватанида илк бора 1996 йилда кенг нишонланди ва шу даврдан бошлаб ҳар йили бутун халқимиз билан биргаликда тантанали тарзда ўтказиб келинмоқда.

Дарҳақиқат, Амир Темурнинг дунё ҳамжамиятидаги энг асосий тарихий хизмати шундан иборатки, айнан унинг ҳукмронлиги даврида Европа ва Осиё қитъалари илк бор ўзларининг битта геосиёсий майдонда яшаётганликларини ҳис этдилар.

Амир Темур бобомиз ўзининг саркардалик маҳорати билан дунё тамаддуни тараққиётида муносиб ўрин эгаллаган. Шунингдек, унинг адолатли давлат бошқаруви ҳамда маънавият раҳномаси бўлганлигига жаҳон халқлари тан берган. Амир Темур ва Темурийлар даврида инсон тарбияси, унинг ижобий ва салбий ҳислатлари, кишиларнинг бир-бирига муносабати, бир сўз билан айтганда, ахлоқ-одоб, хушхулқлик, ростгўйлик, ҳақиқатгўйлик, адолат каби олижаноб фазилатлар хусусидаги фикр-мулоҳазалар, ахлоқий-маънавий қарашлар шу даврга хос муҳим мотивларни ташкил этади.

Соҳибқироннинг фарзандларига, невараларига қилган «Васият»ини олиб қарайдиган бўлсак унда ҳам миллатпарварлик руҳи сезилиб туради. Булардан ташқари Амир Темур хотинлари, қизлари, набиралари шарафига улуғвор мақбаралар ва гўзал боғлар бунёд қилдирган. Бу эса ўша даврда анъанага айланган эди. Масалан: Самарқандда Туман оғага бағишланган Беҳишт боғини, Тўқалхонимга атаб Дилкушо боғини бунёд этади. Темурнинг Самарқандда тўнғич опаси қутлуғ Турконга, синглиси Ширинбекага ва Бибихонимнинг оналарига атаб мақбаралар қурдиргани ҳам Соҳибқироннинг юксак маънавиятидан дарак беради. Боязидни мағлуб этгач, харамидаги барча хонимларни, жумладан, Юнон ҳукмдорининг зўрлик билан келтирилган қизлари Анжелла, Кателина ва Мария исмли гўзалларни озод қилиб юртига жўнатганлиги ҳам Амир Темурнинг аёлларга бўлган эҳтироми юқорилигидан намунадир.

Айниқса, Амир Темур ва Темурийлар даврида илм ва маърифатга бўлган юксак эътибор, иккинчи Ренессанснинг вужудга келишида асосий маёқ бўлганлиги бутун дунё халқлари томонидан тан олинганлиги барчамизга аёндир.

Давлат ва жамиятни бошқаришда “Темур тузуклари”да қайд қилинган манбалар асрлар оша дастуруламал сифатида фойдаланиб келинмоқда. “Темур тузуклари” 1991-1996 йиллар оралиғида ўзбек тилига тўла таржима қилинди ва келгуси авлод учун тарихий буюк туҳфа бўлди. Бу эса Амир Темур бобомизнинг нафақат давлат ислоҳотчиси бўлибгина қолмай, балки маърифатли жамият қуриш учун тарихий тараққиёт пойдеворининг асосчиси бўлганлигидан далолат беради. Буюк аждодимизнинг энг муҳим фазилатларидан бири шуки, ул зот бундан олти аср аввалроқ давлатлараро ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, узоқ ва яқин халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаш ўз салтанати ёрқин истиқболини таъминлашнинг муҳим омили эканини теран англаган. Шу сабабли, у Европа ва Осиёни боғлашга хизмат қилган улкан ишларни амалга оширган. Бир томондан Хитой, Ҳиндистон, иккинчи томондан, Франция, Испания, Англия ва бошқа давлатлар билан алоқалар ўрнатган ва шу муносабатларни мустаҳкамлашга интилган. Соҳибқироннинг бу бетакрор, ажойиб ҳислатларига Темурзодаларнинг кўпчилиги қатъий амал қилганлар. Мустаҳкам илдизларимизнинг бири, ҳақли равишда жаҳон эътирофини қозониб келаётган Амир Темур маънавиятидир. Бу қудратли манба инсоният тарихида тенги йўқ марказлашган давлатчиликка, қонунчиликка асос солиш билан ер юзининг деярли ҳамма мамлакатларида ўрганилиб, айни замонда муҳим аҳамият касб этмоқда. Соҳибқирон маънавиятида ватанни севиш, қадрлаш, унга сидқидилдан хизмат қилиш, озодлик, тенглик, инсонпарварлик, миллий ифтихор, меҳнатсеварлик, ахлоқий поклик, диёнат, орият, шарм-ҳаё, аёлларга муносабат, саховат, иффат, биродарлик, илм-фанни қадрлаш, динга ҳурмат сингари қадриятлар мужассам.

Мазкур “Тузуки Темурий” асари Аграда бобурий Шоҳ Жаҳон (1628-1657)даврида эски ўзбекчадан форс тилига таржима қилинади ва 1770-1773 йилларда эса Уилъям Деви ҳамда Жосеф Уайтлар томонидан инглиз тилига таржима қилинади. 1787 йилда эса Темуршунос олим Лул-Матъё Лангле “Темур тузуклари”ни француз тилига таржима қилади.

Лангле “Темур тузуклари”га бебаҳо тарихий ёдгорлик сифатида қараган ва қуйидагича изоҳ берган: “Амир Темур ворисига оғзаки дарс бериш билан кифояланмасдан, ўз салтанати билан бирга, янада қимматлироқ совға — уни асраб-авайлаш санъатини мерос қолдирган”.

Амир Темур бобомиз маънавияти ва тафаккурига хос фазилатларни кейинчалик Овропа алломалари ҳам тан оладилар. Чунончи, француз тарихчиси Алфонс де Ламартин бу хусусида бундай деб ёзган: «Амир Темур дин, тиббиёт, тарих, ҳуқуқ ва астрономия илмининг билимдони эди. Осиёда энг кўп қўлланувчи уч тил-туркча, форсча ва арабчани ғоят мукаммал билган, зарофат ва қудрат ила ёзиш маҳоратини пухта эгаллаган бир ҳукмдор эди…».

«Куч-адолатдадир» деган нақлга амал қилган Амир Темур ҳар бир муаммо, масала, жанжал, низоларни адолат тарозусига солиб кўрган. Ҳали шундай давр келадики, дунё ҳамжамияти ривожида Амир Темур бобомизнинг “Куч – адолатда!” шиори даврий тамойилга айланади ва айланиб бормоқда. Шунинг учун бизлар буюк аждодларимизга муносиб авлод бўлайлик.

Жонибек Сеттиев,

Республика Маънавият ва маърифат маркази Тўрткўл туман бўлинмаси раҳбари.