Марказий сайлов комиссиясида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеясининг (МДҲ ПА) узоқ муддатли кузатувчилари иштирокида Ўзбекистонда конституциявий референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
1-Қорақалпоғистон округ комиссияси матбуот марказининг берган ахборотига кўра, тадбир видеоконференц алоқа тарзида ўтказилиб, унда 1-Қорақалпоғистон округ комиссияси, 3-Бухоро, 7-Самарқанд округ комиссиялари аъзолари қатнашди.
Давра суҳбати давомида Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев МДҲ иштиркочи давлатларининг Парламентлараро Ассамблеяси аъзоларига референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича тизимли ва босқичма-босқич амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.
Шунингдек МДҲ иштирокчи давлатларининг Парламентлараро Ассамблеяси аъзолари ҳудудлардаги округларда референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишлар қандай ташкил қилингани билан қизиқди.
Бу бўйича 1-Қорақалпоғистон округ комиссияси раиси У.Жалменов сўзга чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий оммавий ахборот воситалари референдумга тайёргарлик жараёнини ёритишда фаоллик кўрсатаётгани, бугунги кунгача 68 нафар ОАВлари вакиллари аккредитациядан ўтганлигини таъкидлади.
Суҳбат давомида 3-Бухоро ва 7-Самарқанд округ комиссияларининг раислари ҳам референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот берди.
Кузатувчилар сиёсий жараёнга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ ўзларини қизиқтирган саволларга тўлиқ жавоблар олди.
Марказий сайлов комиссиясидаги давра суҳбатидан сўнг, 1-Қорақалпоғистон округ комиссияси раиси У.Жалменов раҳбарлигида округ комиссия аъзолари билан биргаликда амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилиниб, навбатдаги вазифалар белгилаб олинди.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.