Нукус шаҳридаги сўлим гўшалардан бирида Маданият ва санъат ходимлари иштирокида «Янги Ўзбекистон — инсон қадри улуғланган юрт» мавзусида уч авлод вакилларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Унда республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида маданият ва санъат соҳасида узоқ йиллар фидойи меҳнат қилган фахрийлар, уларнинг давомчилари ва талаба ёшлар иштирок этди.
Учрашувда Қорақалпоғисон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев,Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худайбергенов сўзга чиқиб, Президентимиз томонидан мазкур соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор хусусида тўхталиб ўтишди. Ҳар бир элни энг аввало унинг маданияти, санъати дунёга танитади. Шу боис бу соҳа ходимларининг халқи, эл-юрти учун қилган хизматлари ҳеч қачон унутилмайди.
Сўзга чиққанлар элимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган соҳа фахрийлари ва фидойиларининг меҳнатларини алоҳида эътироф этишди. Бундан ташқари, уч авлод вакиллари билан бу каби учрашувларнинг ўтказилишида катта маъно мужассамлиги тилга олинди.
Тадбирда кекса авлод вакиллари ва ёшлар мулоқоти давомида юртимизда маданият, ва санъат соҳасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар эътироф этилди. Албатта, бундай учрашувларнинг ташкил қилиниши маънан етук ёш авлодни тарбиялаш, келгусида уларнинг комил инсон бўлиб етишишида улкан аҳамият касб этади.
Тадбир сўнгида концерт дастури ва элимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган соҳа фидойиларининг машаққатли ҳаёт ва меҳнат йўлларидан ҳикоя қилувчи фильмлар намойиш қилинди.
Қ.Х.А.