Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида ўз йигитлик бурчини ўташ учун келган ёшларнинг Ватанга қасамёд қабул қилиш маросими бўлиб ўтди.
Ҳарбий округ матбуот хизматининг маълум қилишича, Нукус гарнизонидаги ҳарбий қисмларнинг бирида ўтган тантанали тадбирда оркестр садолари остида Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикасининг давлат мадҳиялари куйланди.
Тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони генерал-майор Фарҳоджон Шерматов ва бошқалар нутқ сўзлаб, она юртни ҳимоя қилишдек муқаддас бурчни бажаришга киришган муддатли ҳарбий хизматчиларни қутлашди. Ватанга қасамёд – ҳар бир ватанпарвар, юртсевар йигитнинг ўз Ватани ва халқига бўлган меҳру муҳаббати, садоқатининг ёрқин ифодаси экани эътироф этилди.
Тантанали тадбирдан сўнг қасамёд қабул қилган аскарлар шарафига байрамона дастурхон ёзилди, яқинлари билан дийдор кўришиши учун шароит яратилди.