Қорақалпоғистон Республикасида АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан хамкорликда Сув ресурслари ва атроф муҳит бўйича минтақавий лойиҳаси доирасида “Амударё куни” ўтказилди.
USAIDнинг лойиҳа доирасида ташкил қилинган миллий тармоқлараро қўмитаси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда тизим ташкилотлари вакиллари ва бошқа тадбир иштирокчилари дастлаб, Мўйноқ туманига ташриф буюриб, “Кемалар қабристони” номини олган – “Очиқ осмон остидаги кемалар музейи мажмуаси”да бўлишди.
Меҳмонлар ушбу мажмуадаги занглаган кемаларни кўздан кечирар эканлар, Орол денгизи қуриши йигирманчи асрнинг дунёдаги энг йирик экологик фожиалардан бири сифатида қаралишига амин бўлдилар.
— Мана бу кемалар ва Орол денгизининг олдинги ҳолати ҳақидаги фильмни кўриб, сув ресурларини нотўғри бошқариш минтақа, таъбир жоиз бўлса, бутун инсоният учун қанчалик катта экологик инқироз юзага келишига сабаб бўлганини янада теранроқ англамоқдамиз, — дейди тадбир иштирокчиларидан бири, “Подшоота” дарёсининг ўзбек қисми учун Кичик ҳавза кенгаши раиси Абдувахоб Ботиров. — Мўйноқнинг айрим жойларига йиллаб сув келмаслигини кўриб, ўзимиз учун мавжуд сувлардан янада самарали фойдаланиш зарурлигини юракдан ҳис қилдим. Ўзимдан мисолки, телевидение ёки бошқа ахборот воситаларида томоша қилгандан, келиб кўрган ўртасидаги таассурот бутунлай фарқ қилар экан. Мўйноқ, Орол денгизи — келиб кўриш керак бўлган ҳудудлар рўйҳатидан бежиз ўрин олмаганига ишончим комил бўлди.
Тадбир иштирокчилари 25 апрель куни тонг саҳарлаб “йўл танламас” машиналарда денгиз томон йўлга чиқдилар.
Маълумки, Президентимизнинг ташаббуси билан 2017 йилдан бошлаб Орол денгизининг қуриган тубида саксовул, черкез, қандим каби шўрга ва қурғоқчиликка чидамли ўсимликларни экиш ишлари бошланган эди.
Тадбир иштирокчилари қуриган денгиз тубига экилган саксовулларнинг бугунги ўсиб ривожланиши билан ҳам танишдилар.
Меҳмонларга Қорақалпоқ давлат университетининг профессори Полат Реймов 2017-2018 йиллардан бошлаб бугунгача денгизнинг қуриган тубида яшил қопламаларни барпо қилиш ишлари жадал олиб борилаётгани ва унинг натижаларини ҳозирда саҳрода бунёд бўлаётган, яъни бўйи 1,5-2 метргача ўсиб етган саксовуллар мисолида тушунтириб берди. Олимнинг таъкидлашича, қуриган денгиз ҳудудида барпо этилаётган саксовулзор шамол тезлигини сезиларли даражада камайтириб, қум кўчишларига барҳам бермоқда. Бундан ташқари, дарахт ва бута турлари ҳавони тозалаш хусусиятига ҳам эга.
Машиналарда қиялик ва қумли йўллардан борардик. Автоулов бошқарувчилари ҳам сайёҳларни экстремал туризм объекти ҳисобланган денгиз томон олиб келавериб тажрибалари ошган. Мабодо машиналар шинасига зарар етса жойида тузатишяпти, ёқилғиси тугаса қўшимча ёқилғи қўйилаяпти, хуллас биргаликда Орол сари юрмоқдамиз.
Бир пайт узоқдан оқ ва кўк ранглар, дарахтлар чайқалишига ўхшаш тасвирлар кўринди. Автомашиналар ойналари юзасига ўтириб қолган қум-чангларда ушбу яшиллик дарахтзорга ҳам ўхшаб кўринар эди…
Ҳа, бу Орол денгизи, оқ ранглар мавжланланган тўлқинлардан пайдо бўлган кўпиклар экан. Ботқоқлик сабаб машиналар қирғоқдан олисроқда тўхтади. Машиналардан тушаётган тадбир иштирокчилари бирон сўз демасдан денгиз томон юра бошладилар…
Орол денгизи ҳақида гап кетганда кўпинча “бориб кўрганмисиз”, деган саволга афсус ва хижолат билан “йўқ” деб жавоб берардим. Мана бугун денгизни кўрдим.
Афсуски, денгизнинг қолган қисми ҳам тобора чекиниб, суви камайиб бормоқда. Чамаси 2 йилча олдин сувдан чиқишга мўлжаллаб қурилган тахта устунлардан ҳозир сув 10 метрча чекингани ва 1 метрга яқин паасайгани кўриниб турарди. Ҳа, Орол денгизининг сақланиб қолган қисмини албатта келиб кўриш, ўзгача таассуротлар уйғотиши, сувга бўлган муносабатни ўзгартиришига шубҳам йўқ.
Тадбир иштирокчилари ҳам худди мен каби Орол денгизнинг сув сақланиб қолган ҳудудига илк бор келишганини ва бу борадаги ўзларининг фикрларини ва таассуротларини гапириб беришди. Бу ҳақда видео материаллар асосида қўшимча маълумот беришга ҳаракат қиламиз.
Тадбир иштирокчилари бир томони Устюрт кенгликлари ва бир томони Қўнғирот туманига туташ бўлган Судоче кўлини ҳам бориб томоша қилдилар. Ҳозирда ушбу ҳудудда экологик қийматга эга бўлган табиий объектлар ва мажмуаларни, ҳайвонларнинг ноёб турларини сақлаб қолиш ҳамда уларни қайта тиклаш мақсадида умумий майдони 280 507 гектар бўлган давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси шаклидаги «Судоче-Акпетки» давлат буюртма қўриқхонаси ташкил этилган.
“Амударё куни” муносабати билан Қорақалпоғистонда ўтказилаётган тадбирлар давом қилмоқда.