Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш масалаларига оид йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раисининг ўринбосари Р.Сапарбоев бошқариб борди. Унда қишлоқ хўжалиги соҳаси ва бошқа масъул корхоналар вакиллари ҳамда мутахассислар иштирок этди.
Йиғилишда мазкур соҳани ривожлантириш доирасида соҳа учун озиқ-овқат базасини такомиллаштириш, жумладан, сув ўсимликларидан чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик учун озиқ-овқат манбаси сифатида фойдаланиш, оқава сув тармоқлари имкониятларидан мақсадга мувофиқ фойдаланиш сингари қатор масалалар хусусида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда республикамиз ҳудудида қишлоқ хўжалиги учун озиқ-овқат базаси, асосан, қуруқ ўсимликлардан иборат бўлиб, бунда сув ўсимликлари имкониятларидан фойдаланиш самарали йўлга қўйилмаган. Қорақалпоғистон шароитида оқава сув тармоқларида микроскопик ва юқори сув ўсимликларидан озуқа базаси сифатида фойдаланиш имконияти мавжуд бўлса-да, бу ҳали амалиётда кам қўлланилмоқда. Йиғилишда, Пистия (Pistia stratiotes L), Хлорелла (Chlorella vulgaris), Ряска (Lemna minor L) сингари ўсимликлардан фойдаланишни ўз ичига қамраган лойиҳа хусусида батафсил тушунтирилиб, қуйи ва юқори сув ўсимликларини сунъий кўпайтириш ва фойдаланиб бўлинган чиқинди сувлардан иккиламчи сув сифатида фойдаланишга йўналтирилган лойиҳадан кўзланган мақсад хусусида тўхтаб ўтилди.
Сув ўсимликлари чиқинди сувларни тозалаш имконини беради ҳамда атроф-муҳитга ижобий таъсир кўрсатади.
Бугунги кунда сув ўсимликларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги учун иккиламчи сувларни яратишда хлорелла, ряска, пистия тавсия этилмоқда. Шунингдек, ушбу ўсимликлар балиқчилик ва паррандачилик соҳасини ривожлантиришда унумдорликни орттиришда аҳамиятли ҳисобланади.
Йиғилиш давомида лойиҳа доирасидаги ишларни самарали йўлга қўйишни қўллаб-қувватлаш борасида бир қанча вазифалар белгилаб олинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси матбуот хизмати.