ОРАМИЗДАГИ ҚАҲРАМОНЛАР


Иккинчи жаҳон уруши миллионлаб бегуноҳ одамларнинг бевақт ўлимига, мислсиз йўқотишлар ва талафотларга сабабчи бўлган дунёдаги энг даҳшатли, қонли қирғинлардан бири сифатида инсоният тарихида муҳрланиб қолди. Кўп миллатли Ўзбекистон халқи ҳам ҳақиқий жасорат ва фидойилик кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабага улкан ҳисса қўшди.

Хусусан, 2 миллионга яқин юртдошимиз жангларда иштирок этиб, уларнинг 500 мингдан ортиғи қаҳрамонларча ҳалок бўлди. Шу билан бирга, уруш даврида республикамиз фронт учун зарур бўлган озиқ-овқат, кийим-кечак, қурол-аслаҳа ва бошқа воситаларни етказиб берадиган муҳим таъминот марказларидан бирига айланди.

Ўзбекистоннинг бош­қа барча ҳудудлари қатори 66 минг қорақалпо­ғистонлик жангчилар ҳам иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ва қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган.

Хусусан, 1941 йилнинг 1 ноябрига қадар Қорақалпоғистонда 20 та ­батальон, 114 та рота, 955 та бўлинма ташкил этилган. 1941 йил 97-Қорақалпоқ алоҳида миллий бригадаси тузилиб, унинг сафларига кўнгилли равишда 5 минг 500 нафар хизматчи ва ёшлар кирган. Урушга қатнашган мард аскарларимиздан 34 минг нафари жанг майдонларида қаҳрамонларча ҳалок бўлди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида бор йўғи 3 нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси қолди.

Уларнинг бири Генжемурат Алланиязов ҳисобланади. Генжемурат ота 1925 йили туғилган. 1943 йилнинг 5 март куни жанг майдонларига отланган.

Генжемурат Алланиязов 76-ўқчи дивизиясида фашистларга қарши кураш олиб борди. Қаҳрамонимиз Украина, Руминия, Молдовия, ­Австрия, Чехословакия давлатларини фашистлар босқинидан озод қилиш жангларида мард­лик наъмунасини кўрсатди.

1945 йил февраль ­ойида Венгриянинг пойтахти Будапешт шаҳрини озод қилишда душманлар томонидан отилган снаряд парчаларидан оғир жароқат олган.

Генжемурат ота урушдан сўнг 1950 йилгача «минометчи» сифатида хизмат қилиб, “сержант” аскарий даражасига эришган.

Урушда ғалабани нишонлашга Берлингача борган қорақалпоғистонлик Галенко Иван Федотович хам бор. ­алабани қўлга киритган отамиз ҳозирда Тўрткўл тумани “Боғёп” маҳалласидаги“­алаба” кўчаси 62-уйда истиқомат қилади.

Иван Галенко 1924 йили Россия Федера­циясининг Новосибирск вилоятида туғилган. 1941 йил 17 ёшида 7-жанг полкида урушга киришган. 1945 йил 21 майда урушдан қайтган.

— Берлинга кириб борганимизда ҳамма жойда оқ байроқлар турарди. Шаҳарни оқ байроқ босиб кетган. Бу нима эканлигини биласизми? Бу уларнинг таслим бўлдик дегани эди. Биз ғалаба қозондик. Кимнинг қўлида қандай қурол бўлса, барчаси осмонга ўқ узиб қувонарди, — деб эслайди ғалабани Иван Галенко. — Ҳозирги кунимизга шукроналик қилишимиз керак. Биз тинч даврда яшамоқдамиз.Тинчликнинг қадрини ҳар бир дақиқада сезиш зарур. Урушни кўрдик. Қийинчиликларни бошимиздан ўтказдик. Ҳозир меҳнат қиламан, ишлайман десанг ҳамма шароит бор.

Уруш майдонларида Ватан учун қалқон бўлган аскарлардан Қорақалпоғистонда уч киши қолибмиз. Давлатимиз томонидан бизларга бераётган эътибор ва эҳтиромдан хурсандман. Соғлиғимизни текшириб турувчи ҳамшираларга хам катта рахмат.

Иван Галенко уруш тугагандан сўнг Тошкент шаҳрига келиб, киномотография соҳасида ишлай бошлайди. Бундан кейин эса Қорақалпоғистонда, Тўрткул туманида яшаб қолган. Бугунги кунда эҳтиром ва эъзозда. Ёш авлод вакиллари Иван Галенконинг хонадонига тез-тез келиб, унинг суҳбатларини тинг­лашади. Уй ишларида кўмаклашади.

Қадирбай Нарманов ҳам Қорақалпоғистондан иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларидан бири. У 1925 йилда Амударё туманида туғилган. 1943 йили Бухоро вилояти Когон шаҳрида ҳарбий таёр­гарликдан ўтиб, Марказий фронтнинг 60-армияси артилерия дивизиони сафида душманга қарши жангга кирган. 1944 йили жанг майдонларида оғир жароҳат олиши натижасида фронтдан қайтарилган.

Урушдан қайтганидан сўнг Ватан олдидаги хизматларини давом эттириб, фронт ортида меҳнат қилди.

Иккинчи  жаҳон  урушида кўрсатган  жасорати  учун  қорақалпоқистонлик аскарлар Абдулҳақ Умеркин,  Ўрозбой Жуманиёзов,  Андриан Пишчулин, Николай Сараев, Махаш Балмағамбетов,  Жумағали Қалдиқараев, Иван Махорин,  Иноят Наврўзбоев, Александр Симанов, Ўринбой Абдуллаев, Дмитрий Бернацкий,  Михаил Булатов, Плис Нурпейсов, Александр Трошков, Жуман Қорақуловлар  «Совет Иттифоқи Қаҳрамони» унвони билан тақдирланди.

Уруш йилларида фронт ортида ҳам Қорақалпоғистон аҳли улкан матонат кўрсатди. Фронт орти ишларида 25,5 минг нафардан зиёд киши меҳнат қилган бўлса, 75 минг 400 нафардан ортиқ қорақалпоғистонлик навқирон йигит-қизлар турли жаб­ҳаларда ўз фуқаролик бурчини бажарди.

Ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва мард­лик намоён этиб, бугунги тинч ва осойишта кунларимиз учун жонини фидо қилган жасур юртдошларимизнинг муқаддас хотирасини эъзозлаш ва фахрийларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш юртимизда эзгу анъанага айланган.

Фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 78 йиллиги муносабати билан Республикамиз бўйлаб бир қанча эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Уруш қатнашчиларини йўқлаш ва уларга мурувват кўрсатиш халқимизнинг ўзига хос олийжаноб фазилатларидан биридир. Иккинчи жаҳон урушида Қорақалпоғистондан иштирок этган 3 нафар уруш қатнашчиси — Қораўзак туманидан Генжемурат Алланиязов, Тўрткул туманидан Иван Федотович Галенко ва Нукус шаҳридан Қадирбой Нармановларнинг ҳар бирининг хонадонидан меҳмонлар аримайди. Қорақалпоғистон Республикасидаги мутасадди ташкилот вакиллари уларнинг хонадонларига ташриф буюриб, чин дилдан суҳбатлар қуриб, ­совға саломлар топширмоқда.

Инсонга ҳар куни тинч­лик-осойишталик ва хотиржамлик керак. Тинч­лигини йўқотган хонадон ҳам, мамлакат ҳам асло хотиржам бўла олмайди. Тинчлик-хотиржамлик – тараққиёт гаровидир. Ўтганларни хотирлаб, сафимизда юрганларнинг қадрига етайлик. Улар жуда оз қолди.

Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ.