Қўнғирот тумани марказидан 200 километр узоқликда жойлашган “Жаслиқ” посёлка фуқаролар йиғини ҳудудида ишга тушган “Kkrasi chemical” масъулияти чекланган жамиятида мирабилит хомашёсидан йилига 450 минг тонна натрий сульфати ва натрий сульфити ишлаб чиқарилади. Натрий сульфати синтетик ювиш маҳсулотлари тайёрлашда ва натрий сульфити эса металлургия, целлюлоза, кимё саноатида қўлланади. Хомашё, яъни табиий мирабилит Жаслиқ посёлкасидан 30 километр масофада жойлашган Темрук конидан олиб келиниб, корхонада қайта ишланади. 195 та янги иш ўрни яратилган МЧЖда ишчилар учун барча шароитлар яратилган.
— Корхона биз каби ишсиз ёшлар учун имконият эшикларини очди. Ишчи-ходимлар ётоқхона билан таъминланган, уларга тўрт маҳал иссиқ овқат берилади, — дейди смена бошлиғи Исмағул Камолов. — Бугунги кунда уч сменада ишлаяпмиз. Жамоамиз аҳил. Ҳозирги пайтда кимё саноати учун зарур маҳсулотлар ишлаб чиқаряпмиз.
МЧЖ лойиҳасининг умумий қиймати 17 миллион АҚШ доллари. Бу маблағнинг 14 миллион доллари банк кредити. Завод йилига 260 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга.
Корхонада тайёрланаётган маҳсулотларнинг 70 фоизини ички бозорга, қолган 30 фоизини эса Туркия, Эрон, Россия, Қозоғистон ва Афғонистонга экспортга чиқариш режалаштирилган.
Қорақалпоғистонлик тадбиркорларнинг маҳсулотларини экспорт қилишга берилаётган имтиёзлар иқтисодиётни диверсификациялашга, асосийси, ҳудуд аҳолисининг яшаш шароити яхшиланишига хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида ўз фаолиятини бошлаган олтита йирик корхонанинг бири “Беруний буғдой кластер” МЧЖ эди.
Туманнинг “Қизилқалъа” овул фуқаролар йиғини ҳудудида ишга туширилган бу завод энди фақат берунийликларни эмас, балки бутун Қорақалпоғистонни ун маҳсулотлари билан таъминлашда катта аҳамият касб этади.
— “Беруний буғдой кластер” МЧЖнинг лойиҳа қиймати 35 миллиард сўм. Бунинг 16 миллиард сўми ўз маблағимиз ва 1 миллион 680 минг доллари имтиёзли кредитдир. Ҳозир кунига 150 тонна ун ишлаб чиқаряпмиз, — дейди МЧЖ директори Ахмет Турдимуротов. — Корхонамиз ҳудуди 10 гектардан иборат. Шунинг 2 гектарида завод жойлашган. Қолган бўш ерда келажакда ёғ заводи қурмоқчимиз. Шунингдек, нон ва қандолат маҳсулотлари цехини ташкил этиш орқали аҳолини иш билан банд қилиш режаларимиз бор.
Корхонада, асосан, маҳаллий аҳоли ишлайди. Айни пайтда заводда 60 нафардан зиёд киши домий иш билан банд. Яна 20 киши мавсумий ишлаши учун имконият бор.
— Корхонамиз Туркиядан келтирилган замонавий ускуналар билан жиҳозланган. Буғдойни Қозоғистондан олиб келамиз. Бизда, асосан, биринчи ва иккинчи навли ун ишлаб чиқарилади, — дейди корхона технологи Рустам Қаниязов. — Бугун юртимизда ун ишлаб чиқарувчи корхоналар ўртасида соғлом рақобат кучли. Бу эса, ўз навбатида, истеъмолчиларга сифатли ун маҳсулотлари етказиб беришда жуда муҳим аҳамиятга эга.
Сўнгги олти йилда Қорақалпоғистонда 15 триллион сўмлик инвестиция жалб этилиши ҳисобидан 5300 дан зиёд лойиҳа амалга оширилди. Тадбиркорлар сони икки баробар кўпайиб, 46 мингта доимий иш ўрни яратилди. Авваллари саноати паст ривожланган 6 та туманда ишлаб чиқариш икки-уч баробар ортиб, республикадаги улуши 12 фоизга етди. Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида йирик қувватлардан бири — Қораўзак туманидаги “Қорақалпоқ цемент” корхонасининг учинчи босқичини ишга туширган эди.
Бундан беш йил олдин чўл ҳудудда фаолият бошлаган “Қорақалпоқ цемент” қисқа фурсатда юқори кўрсаткичларга эришди. 2017 йили корхона 200 минг тонна цемент ишлаб чиқарган бўлса, 2019 йилга келиб бу кўрсаткич 400 минг тоннага етди. Ҳозирги кунда заводнинг йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати 1 миллион 200 минг тонна. Учинчи босқичда ишлаб чиқариш ҳажми 1 миллион 400 минг тоннага етади.
Корхона фаолиятини бошлаганда 200 киши доимий иш билан банд эди, ҳозир эса улар сони 500 нафардан зиёд.
— Икки ярим йилдан бери шу корхонада ишлайман, — дейди ишчи Сардор Ҳайитбоев. — Одам ўз ишини яхши кўрса, албатта, меҳр билан, муҳаббат билан ишлайди. Яхши ишлаган одам эса яхши яшайди. Биз берилаётган имкониятлардан тўлақонли фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз.
Ёш мутахассис Оғабек Собиров ўқишни битириб келгач, мутахассислиги бўйича корхонага ишга жойлашди. Қисқа фурсат — уч йиллик фаолияти давомида ҳаётида ҳам кўп ўзгаришлар рўй берди. Уйланди, уйли-жойли бўлди. Бугун шахсий автоуловга эга бўлаётганини тўлиб-тошиб айтиб берди.
Муҳитдин Бўронов корхона ишга тушган пайтда оддий ишчи бўлган. Аста-секин механик, сўнг меҳнатлари самарасида бош муҳандис даражасига кўтарилди.
— Янги бинолар қурилишига ҳисса қўшаётганимдан бахтиёрман. Чунки ҳар қандай бино қурилишида цемент ишлатилади. Биз ишлаб чиқараётган цементдан бугун республикадаги барча қурилишларда фойдаланиляпти, — дейди Муҳитдин Бўронов.
Заводда маҳсулотнинг сифатига алоҳида эътибор қаратилган. Шу боис, замонавий технологиялар ва асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лаборатория ишламоқда.
— Биз лойиҳанинг учинчи босқичини ишга туширдик, — дейди хитойлик муҳандис Ли Фей. — Унинг афзал жиҳати шуки, биринчидан, энергияни тежайди. Иккинчидан, атроф-муҳитни ифлос қил майди. Цемент ишлаб чиқариш жараёнида атмосферани ифлослантириши бор гап. Биз сўнгги замонавий технологиялардан фойдаланганимиз учун корхона табиатга мутлақо зарар етказмайди.
Корхонанинг олдига қўйган режалари талай. Шу кунларда энергияни иқтисод қилиш мақсадида қуёш панеллари ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. 2023-2024 йилларда қуввати 50 МВтли қуёш панеллари ўрнатилади. Келажакда тўртинчи босқич ишга тушса, корхона қуввати янада ошади.
Бугунги кунда Қорақалпоғистонда саноатни ривожлантириш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, илғор халқаро тажриба асосида замонавий бозор механизмларини жорий қилиш ишлари жадал кечмоқда. Ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош замонавий саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини беради, албатта.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,
(“Янги Ўзбекистон” газетасидан олинди).