МИЛЛИЙ МАДАНИЯТ ВА АДАБИЁТИМИЗНИНГ ҚЎШ ДАРҒАСИ


Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида таниқли бастакор, марҳум Марқабой Жиемуратовнинг 80, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси халқ шоири Набира Тўрешованинг 70 йиллигига бағишланган хотира ва учрашув кечаси ўтказилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Д.Қурбаниязов сўзга чиқиб маданиятимиз, адабиётимиз фидойилари бўлган М.Жиемуратов ва Н.Тўрешоваларнинг ижодий фаолиятлари хусусида кенг тўхталиб ўтди.

Бу икки ижодкор ҳақида сўз борганда, қорақалпоқ мусиқа санъати ривожига ўзининг бетакорор асарлари билан салмоқли улуш қўшган таниқли ­бастакор, марҳум Марқабой Жиемуратовнинг исми алоҳида ҳурмат билан тилга олинади. У бутун ҳаёти давомида ёрқин истеъдоди, бой тафаккури билан қорақалпоқ санъати ва маданиятини ривожлантиришга ҳисса қўша олган ва фидойилиги билан халқимиз меҳрини қозонган. Айниқса,бастакор томонидан  яратилган «Ойдинлар», «Кегайлида бир нозанин бор деса», «Унутма», « Соғинч», «Қўшиқ айтаман», «Олтинкўл» ва бошқа шу каби ашулалар, санъат шайдолари қалбидан чуқур жой эгаллаганини таъкидлаш жоиз. Бундан ­ташқари, таниқли бастакор яратган асарлар халқимизнинг маънавий оламини бойитишда алоҳида ўрин тутади. Санъат дарғаси гарчи ҳозир ҳаёт бўлмасада, ўзидан  маънавиятимиз, маданиятимиз юксалишида муносиб ҳисса қўшувчи умрбоқий асарлар қолдириб кетган беназир устоздир.

Ўтган асрнинг 70 йилларида адабиёт майдонига кириб келган Набира Тўрешова қорақалпоқ шеъриятида ўз йўналиши ва ўз услубига эга  шоирларимиздан бири саналади.Унинг мавзу жиҳатдан ранг-баранг шеърларида она Ватанга садоқат, муҳаббат, ота-онага ҳурмат сингари инсонийлик фазилатлар ўз ифодасини топган.

– Шу кунгача Н.Тўрешованинг «Ёшлигим менинг», «Паризод», «Она», «Мангу қўшиғимсан», «Ўзингдан» сингари кўплаб шеърий тўпламлари нашр қилинган бўлиб, улар ­шеърият ихлосмандларининг кўнглидан жой олган. Бундан ташқари шоира бадиий таржима борасида яъни, қардош халқ­лар адабиёти дурдоналарини қорақалпоқ тилига таржима қилиб, халқимизга тақдим қилаётгани унинг серқирра ижодкор экалигидан дарак беради.

Н.Тўрешованинг шеърлари асосида ижро қилинган ашулалар халқимизга ўзгача завқ-шавқ бағишлаши билан бирга, шоира шеъриятининг бардавомлигини халқимизга ҳали узоқ йиллар давомида маънавий хазина сифатида хизмат қилишини таъминлайди дея бемалол таъкидлаш мумкин, — дейди профессор Қурбанбай Заретдинов.

Тадбир давомида Қорақалпоғистон Республикаси Президиумининг қарори билан таниқли бастакор,Марқабай Жиемуратовга «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби» юксак унвони берилди. Мазкур унвон марҳумнинг умр йўлдоши Набира Тўрешовага топширилди.

Шунингдек, тадбирда шоир-ёзувчилар,санъат вакиллари сўзга чиқиб, бастакор Марқабай Жиемуратов ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси халқ ­шоири Набира Тўрешоваларнинг адабиёт ва санъат соҳаларига қўшган муносиб ҳиссаларини эътироф этдилар.

Тадбир бастакор томонидан басталанган ашулалар асосидаги концерт дастурига уланиб кетди.

Д.Абибуллаев.