ИККИ ОЛАМ ВА ИККИ ДАРЁ
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ҳамда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қаипбергенов ҳаётидан хотиралар

Шундай тарихий кунларда яшаяпмизки, ҳар бир кунимиз бунёдкорликлар, янгиланишлар саҳифасини очмоқда. Бу саҳифада янгиланган Ўзбекистоннинг тобора юксалаётгани озод ва обод ҳаёти, ҳар бир оиланинг тинч ва фаровон, бахтли келажаги зарҳал ҳарфлар билан ёзилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг халққа меҳри, айниқса Қорақалпоғистон воҳасига эътибори, бу юртнинг эртанги куни учун ғамхўрлиги, олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар самараси бугин ҳар бир оила, ҳар бир инсоннинг ҳаётдан розилигида намоён бўлмоқда.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Қорақалпоқ халқининг атоқли адиблари Ўзбекистон халқ шоири Ибройим Юсупов ва Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тўлепберген Қаипбергеновлар худди шундай кунларни орзу қилган эдилар.
Бугун ушбу хотираларни қоғозга туширар эканман, адабиётимиз, маънавиятимиз хазиналарини бойитган бу буюк инсонлар билан замондош бўлганим, уларни устоз тутинганимдан фахрланаман.
Хотиралар дафтарини варақлайман…
* * *
Хаёлан Ибройим оға билан гаплаша бошлайман…
* * *
Ассалом, Ибройим оға! Мана, баҳор келди. Туғилган кунингиз яқин. Олдимда китобларингиз. Ҳар бир асарингизда қалбингиз уришини ҳис қиламан. Ҳар бир шеърингиз, ҳар бир сатрингизда ўйчан ва нурли кўзларингиз, қорақалпоқ элининг кенгликларидай очиқ кўнглингиз, теран ва пурмаъно сўзларингиз уфуриб турибди…
“Умр, сенга ошиқман” деб номланган китобингизни очаман.
“Ў, шоирлик, Сенсиз саҳро чўлдайман,
Булоғингдан ичган сайин чўллайман,
Ҳар гал ичга тушиб кетса учқунинг,
Самандардай ёниб бўлмай ўчмайман…
Жуда тўғри айтгансиз, Ибройим оға! Сизнинг ҳаётингиз, катта қалбингиз ичида ёнган учқун ҳеч қачон ўчмайди. Мен ҳам сизни шундай ўтли қалбингиз билан ҳеч қачон бу дунёни ташлаб кетади деб ўйламаганман.
Ҳар бир суҳбатингиз умримизни тўлдирарди, сизнинг ҳам умрингизга умр қўшарди. Шеърларингизни ўқиганим сайин ҳар бир сатрида қуёш чиқади,тонг отади, кун ботади, осмонни булутлар қоплайди, гоҳ ёмғирлар ёғади, гоҳ бўронлар туриб табиатга озор етказади. Гоҳи яхши одамларнинг яхшилигидан олам кенгайиб кетади, гоҳида ёмонларнинг бир ортиқ хислатларидан дунё қоронғулашади. Бир-бирига интилган инсонлар фироқ доғидан азоб чекади, севишган қалблар висолидан бу кекса олам яшариб кетади. Опанинг ўз инисига, онанинг ўз ўғлига, умр ярмида ёридан айрилган йигитнинг фарзандларига илинган кўнгли очилади… Хуллас, шеърларингиз умрнинг ўзи.
Укасини қолдириб ёри билан қочиб кетган қиз ҳақидаги:
…Босиб юмшоқ кўкрагингга,
Ўпдинг, мақтаб бўйларимни,
“Яхши йигит бўл”деб яна
Силаб қўйдинг ҳайдаримни.
Жийдалик ортидан яна
От кишнади, сен шошилдинг,
“Мени унутма” дедингда
Чўнтагимга олма тиқдинг.
Қолиб кетди синиқ ойнанг,
Мен “Кетма” деб йиғлаб турдим,
“Керак эмас берган олманг”,
Деб ортингдан улоқтирдим.
От кишнаган шу даладан
Бир тўп тўрғай учиб кетди…
Қочиб кетган шу оқшоминг
Бугун ёдга тушиб кетди,—
деган сатрларингиз ҳеч бир муболағасиз ҳаёт ҳақиқати. Яна бир шеърингизда:
Дўст-ёронлар уйли-уйга тарқашиб,
Ўзинг билан ўзинг қолар кезинг бор.
Кичкиналар “онам”дея йиғлашиб,
Қалбни бўлак-бўлак қилган сезим бор.
Қўйинг, йиғлоқ бўлманг… чой қўйинг, қани…
Белга боғлаб юрар ким ҳам онасин?
Бир сигарет чекиб келайин, кейин
Келгач сизга айтар бошқа сўзим бор,—
деб юракларни эзсангиз, бошқа бир сатрларингизда инсоннинг ақл-заковатини, унинг сабру-бардошини, ирода ва саботини улуғлайсиз.
Бундай ўйлаб қараганда на бу сўз, на бу кўз инсон қиёфасини очиб беролмайди. Мана, мен сизни соғинаяпман, кўзларингизни, сўзларингизни эмас, қалбингизни соғинаяпман. Қалбингиз эса мана мен шу ердаман, деб олдимдаги китобларингизнинг ичида турибди.
Унгача сиз 80 йил бу дунёни ўша қайноқ, ҳассос ва очиқ қалбингиз билан тўлдириб турдингиз. Нафақат дунёни, ўзингиз туғилиб ўсган ота маконни, сиз билган, сиз яхши кўрган, сизни билган ва сизни яхши кўрган одамларнинг ҳаётини, ҳар бир лаҳзани тўлдириб турдингиз. Жуда кўп мамлакатларда, элларда бўлдингиз, у ерларда сизни кўрган, танишиб, азиз бўлиб қолган ҳар бир инсон сизни севиб қолганига ишонаман.
Сиз жуда улуғ ва буюк инсон эдингиз. Кўнглингизнинг очиқлиги, яхшиликларга тўлалиги, оддийлигингиз билан ҳам улуғ эдингиз. Неча ёшга кирсангиз ҳам она тупроқ учун бола эдингиз. Буни ўзингиз ҳам айтиб кетгансиз:
Насибанг юз йўртса ҳамки,
Минг ерда туз тортса ҳамки,
Шон-мартабанг ортса ҳамки,
Туғилган ерингда боласан,
Унга бош эгиб борасан…
Азиз шоирим! Болалигимизда 80 ёшга кирган инсон тўғрисида эшитсак, бу умрда ёшини яшаб, ошини ошаб бўлди, деган фикрларга борардик. Сиз учун 80 ёш бизнинг назаримизда ялт этиб ёниб ўчган юлдуздай, гўё. Биз у юлдуз нурларининг асло сўнмаслигини биламиз. Сизнинг орамиздан кетганингизга ҳам ишонмаймиз. XX аср шеъриятида қорақалпоқ адабиётини “Ибройим шоир” даврига айлантирган, ўз халқига:
Соғ бўл, халқим, Сен деганда
Бир куч пайдо бўлар менда,
Сенга хиёнат қилганга
Шимарилган билагим бор.
Ибройим дер: жоним қурбон,
Дўстлик деса ҳаллос урган,
Сенинг учун тепиб турган,
Кўксимда бир юрагим бор,—
деб дил изҳор қилган азиз шоири дурдона сўзлари билан ёнимизда, жонимизда эмасми? Мустақилликни “Руҳиятим кишанларини узиб юборган озодлигим, ҳеч кимга қарам ёки мутъе бўлмаган обод элим”деб қаршилаган эдингиз. “Раҳмат сенга, замоним “шеърингиз эса худди бугун ёзилгандай янграб туради:
Сенга ақлим, меҳнатим, кучим,
Ўзғир ўйим, улуғ армоним,
Ўз вақтида туққанинг учун
Раҳмат сенга, замоним!
Яна бир шеърингизда эса:
Дунёдан бир кетган одам
Қайтмас, йўли кенг бўлар.
Яхши бўлиб ўтган одам
Тирикларга тенг бўлар,—
деб ёзганингизда балки ўзингизни эмас, бу дунёдан кетган инсонларни назарда тутгандирсиз. Лекин бугун шу шеърларингизнинг сатрларидай тирик турибсиз.
Сиз Қорақалпоғистоннинг Чимбой тумани, Озод деб номланган овулида дунёга келган эдингиз. Шу кичкина қишлоққа тушган оёқ изларингиз сизни бутун дунёга, шу қишлоқда шаклланган ақлингиз, тафаккурингиз сизни дунёвий илмларга яқин қилди. Аввали охири туғилган қишлоғингиздек руҳиятингиз тоза, ўйларингиз озод, орзуларингиз, умид ва мақсадларингиз улуғ бир инсонга айландингиз. Қардош ўлкаларнинг ҳар бирида Расул Гамзатовдай, Қайсин Қулиев, Фазу Алиева, Римма Казакова, Собит Муханов, Берди Кербабаев, Сулаймон Рустам, Константин Симонов, Михаил Луконин, Максим Танк, Мустай Каримлардай ижодкорларнинг кўнгил чироғи бўлдингиз, Зулфия Исроилованинг қорақалпоқ элидаги азиз шоир иниси, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовларнинг устоз оғаси эдингиз.
Ибройим оға! Бу ҳозир ҳам шундай. Ҳозир ҳам ҳаммамизга оғасиз, адабиёт боғидаги асло сўлмас гулсиз. Адабиёт, шеърият осмонидаги энг катта, энг ёруғ юлдуз Сизсиз! Бу сўзларим сизни йўқлов эди, бу сўзларим сизга катта соғинч эди. Сизни жуда соғиндик, оға!
Янги бир шеър ёзсангиз «Гулистон синглим, ўзбекчага ўгириб газетангизда нашр қилингиз» деб топшириқ берардингиз. Мен эса ҳазиллашиб «бу икки тилни ўгирмасак ҳам тушунаверамиз, мен ўгирмайман, ўзбекчалайман» десам «майли, майли, синглим» деб кулимсираб қўярдингиз. Бугун эса айтмасангиз ҳам ҳеч ким ҳеч қаерда ўқимаган, ўзингиз ҳам дафтар ичида унутиб қолдирган бир шеърингизни таржима қилаяпман. Албатта, бу сатрларни бағишлаганингиз элимизнинг эъзозли аяжони Зулфияхоним ҳам қалбимнинг ичида қайта тирилиб мамнун турибди, руҳлари шод бўлаяпти.
Тишларингда борми маргиёнг…
Шоира Зулфияга
Маргиё отли чўп бор-эмиш деб
Бола пайти эшитганмиз кўп.
Қайси бир қуш шу чўпни тишлаб
Сайрар экан…
Айтчи, шоирам,
Сенинг шундай борми маргиёнг?
Макон этиб япроқ орасин,
Сайраганда қуш ўз ноласин,
Йўловчилар унинг уясин
Излар экан чарх уриб ҳайрон,
Борми дейман шундай маргиёнг?
Сен сўзласанг, ширин тилингдан
Булбул сасин эшитаман мен,
Бир табассум, майин кулгингдан
Ичмай-емай маст бўламан мен,
Айт, шоирам, борми маргиёнг?
Сен ёнимдан юриб ўтганда
Оташин бир ўт тушар жонга,
Ўтираман,
дарҳол қаламга
Осиламан, йўш келар менга,
Борми дейман сирли маргиёнг?
Мени тортар сен сайраган боғ…
Бироқ
Сени яширар гуллар,
Уйғоқ бўлсанг сайра, сен агар
Гар уйқуда бўлсанг сен уйғон,
Қуримасин тишда маргиёнг.
Олма, анор, қатора толинг,
Боғларингнинг япроғи қалин,
Сасинг келар, бироқ маконинг
Қайси япроқ остида уянг?
Тортчи мени бўлса маргиёнг…
1957 йил.
* * *
Инсон ўз Ватани, ота-онаси, яқинлари, дўст-ёрлари, қолаверса халқ билан ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис қила олади.
Ҳаётда бир замон, бир маконда туғилиб, биродарларча яшаётган одамлар ҳам, бир-бирини танимайдиганлар ҳам қанча. Лекин баъзан шундай бўладики, (балки бу адабиётга яқин бўлганимиз учундир) бу ҳаётдан минг йиллар олдин кўз юмиб кетган сиймолар сиз билан бир замон ва бир маконда яшаётгандай туюлади. Тиббиёт ҳақида ўйласак Ибн Сино, фалсафа ва бошқа дунёвий илмлар ҳақида фикр юритсак А.Р.Беруний ва бошқа файласуф олимлар худди ёнимиздагидек ҳолатда бўламиз. Бошқаларни билмадиму, лекин менда ҳамиша шундай таассурот уйғотадиган сиймолар кўп.
Биз билан тенг нафас олиб, нотўғри фикрларимизни тўғрилаб, баъзан руҳимиз чўкса, унга қувват бағишлаб, яшаш иштиёқи, мақсадлар оламини кенгайтириб, тафаккур дунёмизга нур бағишлаб яшаётган менинг қалбимга яқин адабиётнинг улуғ намоёндалари А.Навоий, Ж.Румий, Шекспир, Гёте, Нажмиддин Кубро, Махтимқули, Андалиб, А.С.Пушкин, М.Лермонтов, Чўлпон, А.Қодирийларни ҳар бир авлод ўз замон ва ўз маконида олиб юраолади.
Тўлепберген оға билан, Ибройим оғалар ҳам худди шундай ёнгинамизда, қалби ва руҳлари билан моддий оламда бўлмасалар ҳам, маънавий оламимизда бизларга қувват бўлиб, қўллаб-қувватлаб яшаб юрибдилар.
Мен бахтлиманки, Тўлепберген, Ибройим оғаларга замондош бўлдим.
Улар менга аввало оға, дўст, устоз, сирдош ҳам бўлдилар.
…1980 йил охирларида биринчи марта ижодларимни йиғиб, китоб чиқариш учун Тўрткўлдан Нукусга келдим. У пайтлари ёш муаллифларнинг асарлари китоб бўлишдан олдин Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси секцияларида муҳокама қилинарди. Проза секциясини Т.Қаипбергенов бошқарар, (менинг биринчи китобим, шеърлар эмас, ҳикоялар тўплами бўлган) ўша йилларда Т.Қаипбергенов Қорақалпоғистон давлат Матбаа қўмитаси (Госкомпечать) раисининг ўринбосари лавозимида ишлар эди.
Биринчи китобим ҳикоялар тўплами бўлишига «Амударё» журнали таҳририятининг проза бўлимида ишлаётган истеъдодли прозаик Ўрозбой Абдураҳманов сабаб бўлган эди. Чунки бир йил олдин мен «Амударё» журналида қорақалпоқ тилида чоп қилинган ҳикояларим, «Бахт келтирган баҳор» номли повестим учун «Амударё» журнали таҳририяти томонидан эълон қилинган энг яхши прозаик асар танловининг ғолиби бўлиб, журнал лауреати унвонини олган эдим. Ўрозбой эса уларни тўплаб китоб қилишга маслаҳат берди. Журналда шеърларим ҳам чиққан, уни истеъдодли шоирлар Ш.Сеитов, К.Раҳмановлар қорақалпоқ тилига таржима қилган эдилар.
Мен бу фактларни келтиришимга сабаб – Қорақалпоғистон ёзувчи ва шоирлари шеърларимга нисбатан ҳикояларимни тан олиб, китоб қилиб чиқаришга маслаҳат берганликларини айтмоқчиман.
Шундай қилиб 6 ой олдин Проза секциясига тақдим қилинган қўлёзманинг муҳокамасига келдим. Муҳокама ўша пайтдаги Госкомпечать идорасида, Т.Қаипбергеновнинг иш кабинетида ўтадиган бўлди. Муҳокамада Ў.Абдураҳманов, Ш.Сеитов, А.Алиев, С.Баҳадирова ва мен танимайдиган бошқа прозаик адиблар ва адабиётшунос олимлар ҳам қатнашаётган эдилар.
Тўлепберген оға мени совуқ кутиб олгандай бўлди. Балки мен уни биринчи марта кўраётганлигим учун шундай туюлгандир. У менга бошдан оёқ қараб турдида тўсатдан: – Неча фарзандинг бор? – деб сўради. Мен йиғилишда адабиёт ҳақида саволлар тушса, довдираб қолмаслик учун роса тайёргарлик кўрган эдим. – Кутилмаган саволга жавоб беролмай тўхтаб қолдим.
– 4 ўғлим бор,– дедим, – ўзимни тутиб.
– Нега овозинг чиқмаяпти. 4 ўғил туққан она дадил ва журъатли бўлмайдими?
Тўлепберген оғанинг қатъиятли ва дангал сўзларидан баттар довдирадим. Томоғимга нимадир тиқилиб қолгандай бўлди. Тўлепберген оғанинг бу танбеҳи менга «шунча ёш болаларинг бор экан, нима қиласан китоб, адабиёт деб, болаларингни тарбиялаб ўтирмайсанми», – дегандай туюлди.
– Қизимизни уялтирма, қара, терлаб кетди, – деди Абад Алиев.
Тўлепберген оға эса «сен аралашмай тур», деб унинг сўзини кесиб ташлади.
– Кўнгли очиқ, покиза, қатъиятли аёллар фақат ўғил туғади, шуни биласанми? – дабдурустдан яна савол берди Тўлепберген оға.
Энди умуман гапиролмай қолдим. Ерга қарадим. Негадир кўзларимга ёш келди. Мен адабиёт секциясидан бошқа, мутлақо бошқа талабларни, саволларни кутган эдим.
– Ҳикояларингни ўқимадим, лекин унга ёзилган тавсифномалар билан танишдим. Ҳаммаси мақтабди. Лауреат ҳам бўлибсан. Лекин мен буларнинг ҳеч қайсисини тан олмайман. Чунки сен ўзбек тилида ижод қилгансан, булар ҳаммаси таржима. Таржималар эса сенинг ижодингни қорақалпоқ тилида китоб қилиб чиқаришга асос бўлолмайди. Чунки, сен ўз ижодингни ўзбек тилида китоб қилиб чиқаришинг, сени ўзбек адиблари тан олиши, кейин эса биз таржима қилиб чиқаришимиз, китобга рухсат беришимиз мумкин.
Тўлепберген оғанинг бу кескин оҳангдаги фикрларидан мутлақо талмовсираб қолдим.
Кўзларимдан дув этиб ёшлар тўкилиб кетди.
Орқамга қайрилиб хонадан чиқдим ва йиғлаб юбордим. Орқамдан Саригул Баҳодирова чиқди. Мени қабулхонадаги диванга ўтирғизди, ўзи ёнимга ўтириб, елкамга қўлини қўйди.
– Синглим, хафа бўлма, Тўлепберген оғани тушунмадинг. У талабчан, лекин холис баҳо бераоладиган одам. У сени синаб кўраяпти. Келмасингдан олдин, истеъдодинг, ёзишга қаламинг тушиб қолгани ҳақида мақтаб гапираётган эди.
Бироздан кейин мени яна ичкарига таклиф қилдилар.
– Ёзувчининг эркак, аёли йўқ. Адабиёт идорасида йиғлаш ҳам йўқ.
Тўлепберген оға энди ўз сўзига ўзи кулиб ҳазиллашгандай бўлди. Мен индамадим.
– Йиғлаганинг учун эмас, кўпчиликнинг овози билан қўлёзманг китоб бўлиб чиқадиган бўлди. Табриклайман, – деди самимият билан. Ичимдан нимадир узилиб кетгандай бўлди.
Тўлепберген оға бирдан бошқа одамга айланиб қолгандай эди. Аввал уни қўрс, инсон кўнглини тушунмайдиган қаттиққўл бир одам деб ўйлаб турган бўлсам, энди иккиланиб қолдим. Энди у кўз олдимда ҳақиқатгўй, бошқаларнинг фикрини ҳурмат қиладиган, самимий одамга айланди.
– Бу дегани ҳали сен ёзувчи ёки тўлақонли ижодкор бўлдинг, дегани эмас. Бунгача ҳали кўп йўлни босиб ўтиш керак.
… Мен бу манзарани ҳар гал эслаганимда Тўлепберген оғадаги қаттиққўллик, ўз фикрида собит туриш, адабиётга энди кириб келаётганларга талабчан, шу билан бирга адабиётга садоқатли бир кишини кўз олдимга келтириб, ҳаётни, инсонни билиш нақадар мушкул, деган хулосага келаман. У киши мен биринчи марта кўрган беаёв, талабчан Тўлепберген Қаипбергенов эди. Кейинчалик эса мен бошқа Тўлепберген Қаипбергеновни – улуғ адиб, миллатни, халқни севадиган, ватанпарвар, фидоий бир буюк сиймони кашф қилган, эътироф этганман.
Ибройим Юсупов инсон сифатида ҳам, шоир сифатида ҳам одамларга, уларнинг кўнглига жуда яқин эди. Унинг шеърлари шу одамлар кўнглининг акси, шеърий сурати эди.
Ибройим Юсуповнинг ижоди билан танишгач, унинг шеърларини севиб ўқидим ва шеърларини ўзбек тилига таржима қила бошладим. Қорақалпоқ тилидан ўзбек тилига таржима қилиш сиртдан қараганда осон туюлса ҳам, бу тилнинг ўзига хос қочиримлари, айрим атамалари тилни чуқурроқ ўрганишни талаб қиларди. Инсон мақсади йўлида қилган меҳнат машаққатлари албатта ўз натижасини беради. Қорақалпоқ тилини ёзма адабиётда ҳам, оғзаки нутқида ҳам эркин мушоҳада қилишга, шу тилда ўқиб, ўрганишга, таҳлил қилишга, ёзишга эришдим. Мен бунинг учун Тўлепберген Қаипбергеновдан, унинг талабчанлиги ва қаттиққўллиги учун ҳамиша миннатдорман.
Қорақалпоқ халқининг бу икки улуғ сиймолари бир асрда, бир маконда яшаб, бир замоннинг авлодлари бўлганлиги, ўз халқи, миллатига нафақат бутун умр қилган ижодий меҳнатлари, балки бутун ҳаёти ва юрагини бахш этганлиги қорақалпоқ юртининг қорақалпоқ миллатининг ифтихори, фахри ва бахти деб ҳисоблайман.
Тўлепберген Қайипбергеновнинг «Қорақалпоқман, таваккалчиман» деган асарини «Қорақалпоғистон тонги» газетасида ўзбек тилида тўла чоп қилганмиз. Шу муносабат билан ушбу асарнинг айрим бобларини ўзим ўзбек тилига ўгирганман. Ҳаётда учраб турадиган савол-жавоблардан иборат ушбу асар Тўлепберген оғанинг ҳаёт мактаби десам хатолашмайман. Тўлепберген оғанинг ўзи китобнинг сўзбошида шундай ёзади.
«Муҳтарам ўқувчим! Ёшингизга ёш қўшилган сари ички туйғуларингизда тушунарсиз довдираш, саросимага тушиш ҳолати пайдо бўлиб, бу дунёга нима учун келганингни, бундаги энг асосий вазифаларинг нималардан иборатлигини билмай, «ҳамма яшаяпти-ку, мен бошқалардан ортиқманми?» дейиш билан ўзингни юпатиб, аксарият ҳолларда атрофдагиларни етарли даражада тушунмасдан яшар экансиз.
Буюк Жалолиддин Румий (1207-1273) ўзининг «Ичингдаги ичингдадир» китобида «Сўз – ҳақиқатнинг сояси ва бир қисмидир» деган экан. Менинг кўп жавобларим ҳақиқатнинг нафақат бир қисми, ҳаттоки сояси даражасида бўлса ҳам розиман.»
Тўлепберган оғанинг ижоди тўла маънода миллат руҳи билан суғорилганлигини алоҳида таъкидлаб ўтгим келади. Яъни ҳақиқатда ҳам Тўлепберген Қайипбергов қорақалпоқ халқига илоҳий бир туҳфа, оллоҳ томонидан берилган иноят ҳамдир десам хақ гапни айтган бўламан. Бир эслаб кўринг: Адибнинг дастлабки асарлари бўлган «Уйқусиз тунлар», «Бир совуқ томчи», «Муаллимга раҳмат» сингари повестлари, «Маман бий афсонаси», «Бахтсизлар», «Гумроҳлар» романларини ўз ичига олган «Қорақалпоқ достони», «Қорақалпоқнома» сингари йирик асарлари барча-барчасида қорақалпоқ ҳалқининг неча минг йиллик афсона ва хақиқатлари, дарди ва машаққатлари, орзу ва мақсадлари моҳирона тасвирланганки, бу асарлар билан танишган китобхон бир умр қорақалпоқ халқига ҳамдард ва биродар бўлиб қолади.
* * *
…Маълумки, халқимиз ижодкорларнинг, санъаткорларнинг, олим ва адибларнинг шахсий ҳаётига кўпроқ қизиқадилар. Инсоннинг тақдир йўли эса унинг ким бўлишидан қатъий назар, қандай ўтиши, қайси йўллардан ўтиши керак бўлса, худди шундай оғир, енгил юклари билан ўтиб бораверади. Сиртдан қараганда машҳур кишилар ҳаётда энг бахтли, омадли, муваффақиятли одамлар бўлиб кўринади. Аслида эса, уларнинг ҳаёти жуда мураккаб, айрим ҳолларда машаққат ва фожеаларга тўла бўлади. Шу ўринда мен авлодлларга улкан шеърий мерос қолдирган буюк Жалолиддин Румийининг шахсий ҳаёти тўғрисида тўхталиб ўтмоқчи эдим.
Аслида Жалолиддин Румийнинг Ибройим Юсуповга ёки Тўлапберган Қаипбергеновга, уларнинг ҳаётига нима дахли бор, деб сўрарсиз. Албатта дахли йўқ. Жалолиддин Румий ўрта асрларда (1207-1273) яшаб ижод қилган, лекин, инсон тақдири макон ва замон танламас экан.
Ҳаётга ҳақиқат назари билан қарайдиган бўлсак, буюк истеъдод эгалари, улуғ адиблар шоирлар умри эса ўзига ёки фақат оиласига эмас ҳалқига, бутун жамиятга тегишли эканлигини биламиз.
Чунки улар халқдан ҳеч нарсани яшира олмайдилар. Юқорида келтириб ўтилган мисолда ҳам, орадан кўплаган асрлар ўтиб кетган бўлса ҳам, биз ҳамон Жалолиддин Румий ҳаётидаги фожеаларидан хабардормиз ва унинг қайғу ва изтиробларига шерикмиз. Айтмоқчиманки, Ибройим Юсуповнинг ҳаёти, унинг ижоди – шеърлари ҳамиша бизга унинг дарди, қайғуси, изтиробли онлари кўп бўлганлигини сўзлаб туради.
* * *
Бошинг узра ўтиргандим кузатиб,
Ўпдим ва сирғангни қўйдим тузатиб.
Шунда сен жилмайдинг чин муҳаббатли,
Мен бехосдан ухлаб кетибман қаттиқ.
* * *
«Ёшлик» вокзалидан чиқдик бошида,
Талай манзил босдик, йўллари равон.
Сен қолдинг «Айрилиқ» станциясида,
Мен ойнани уриб кетиб бораман.
«Сабр қил, йўловчи!» дейишар бизга,
«Армон» станцияси борар ер сизга.
Бу поезд ҳеч қачон қайтмайди изга,
Келмас бир кетганлар бизнинг орадан…»
* * *
Бу сатрларни ҳеч ким юраги эзилмасдан, кўзига ёш олмасдан ўқий олмайди. Турмуш ўртоғи Бибизодани ажал қўлига топширган шоир ўз шеърларида бу қисмат азобларини, дардини халқи билан бўлишади, уларга суянади, улар билан сирлашади.
* * *
Кўнгил осмонимда юлдузлар сўник
Ой ҳам ўн тўртида тўлганин қўйди.
Хаёллар ҳар турли мақомга эниб,
Йўқни-борни армон қилганни қўйди.
Шодон ўтирардим тўйларда аввал,
Энди бориб қолсам мабодо унга,
Бўш жой бўлмаса ҳам ёнгинамда гар,
Кўнглимда бир курси бўш турар мудом.
Шу курси ортидан келиб қошимга,
Мунгли музам «юр» деб аста шивирлар,
Ва етаклаб мени бошпанасига,
Тонг отгунча шеърлар ёздириб қийнар.
Ибройим оғанинг турмуш ўртоғига бўлган меҳри, ҳурматини Ибрайим оғанинг оиласи ҳузурида оиламиз билан меҳмонда бўлганда ҳам гувоҳи бўлганмиз. Уларнинг фарзандларига меҳри, эътибори менинг диққатимни тортар, беихтиёр бу оилага ҳавасим, ҳурматим янада ортарди.
Мен Ибройим оғанинг ижоди билан нақадар таниш бўлсам, нақадар билсам, ўзини ва оиласини ҳам шу қадар яқиндан билар эдим, деб айта оламан.
Нима бўлганда ҳам Ибройим оғанинг ҳаёти унинг ўзиники эмас эди. Унинг тақдир йўли халқнинг умри билан туташ, унинг қисмати шеъриятнинг қисмати билан чамбарчас боғлиқ. Буни Ибройим оғанинг кўплаган шеърий асарларида кўриш мумкин. Булар «Раҳмат сенга замоним», «Роза ветров», «Беклигингни бузма сен», «Умр сенга ошиқман», «Йош» ва бошқа кўплаган асарлари билан хаммамизнинг, маънавий дунёмизни бойитиб, дардига дарддош, сирига сирдош бўлиб абадий яшайверади
Бугун Янги Қорақалпоғистон ҳаёти юксалаётган, Орол денгизи инқирозлари оқибатларини тугатиш бўйича оламшумул ишлар олиб борилаётган, давлатимиз раҳбари томонидан барча ижтимоий муаммолар ҳал қилинаётган ушбу кунларда қорақалпоқ халқининг бу икки забардаст адибларининг руҳи шод бўлаётгани ҳақиқатдир.
Ибройим Юсупов ёзади:
Қандай яхши биродар,
Одамзоднинг юраги.
Бир одамни бир одам,
Жондай яхши кўради.
Бир одамни бир одам,
Соғинади олисда.
Бир одамни бир одам,
Севиб қолар танишса.
Бу сатрлар давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир инсонга ғамхўрлик унинг розилиги учун олиб борилаётган ислоҳотлар ва инсон қадри каби қадриятларга жуда ўхшаш.
Халқни севган, халқи севган адиблар ҳамиша ёдимизда, ёнимиздадир.
Гулистон МАТЁҚУБОВА,
Қорақалпоғистон халқ шоири.