Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари Тошкент шаҳридаги Адиблар хиёбонига ташриф буюриб, саҳро булбуллари номини олган, қорақалпоқ адабиётининг улуғ намоёндалари ҳайкаллари пойига гуллар қўйишди.
Мазкур университет ректорати ташаббуси билан ҳар йили ўтказилиши анъанага айланаётган ушбу тадбир бежизга май ойининг биринчи ўн кунлигида бўлмаяпти. Аввало, 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ушбу улуғ адиблар ижоди ва ҳаёти ёдга олиниб, уларга эҳтиром кўрсатиш назарда тутилган бўлса, иккинчидан ХХ аср қорақалпоқ адабиётининг икки улуғ сиймолари бўлган Ибройим Юсупов ва Тўлепберген Қайипбергеновларнинг таваллуд саналари билан боғлиқдир.
“Саҳро булбуллари номини олган адиблар” шиори остида ўтказилган адабий-маданий тадбирда сўзга чиққанлар қорақалпоқ адабиётининг буюк вакиллари Бердақ, Тўлепберген Қайипбергенов, Ибройим Юсуповларнинг ижод йўли, маънавий мероси, уларнинг адабиётимиз ривожига қўшган катта ҳиссасига алоҳида тўхталиб ўтдилар. Уларнинг ижодлари ҳамда келажак авлодга қолдирган бебаҳо адабий мерослари ёдга олинди.
— Ҳар йили май ойининг илк кунларида Тошкент шаҳрига келиб «Саҳро булбуллари номини олган адиблар» мавзуида тадбир ўтказиш яхши анъанага айланмоқда, — дейди Қорақалпоқ давлат университетининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори С.Алауатдинов. — Бундай тадбирни ташкил қилишдан асосий мақсад – келажак авлодни Она-ватанга, халққа, муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, қардош халқлар ўртасида дўстлик алоқаларни ривожлантириш, ўсиб келаётган ёшларга буюк боболаримизнинг адабий меросларини тушунтириш, уларнинг ижодини халқимиз орасида кенг тарғиб қилишдир.
Тадбир давомида «Саҳро булбуллари номини олган адиблар» номли концерт дастури йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди.
Шунингдек, университетнинг иқтидорли талаба-ёшлари томонидан куй-қўшиқлар, рақслар, миллий ҳунармандчилик намуналари, рассомлар кўргазмаси, ва «Ҳурлиман» халқ ансамбилининг буюк боболаримизнинг ҳаёт йўли ва ижодига бағишланган мусиқали саҳна кўринишлари томошабинларга ўзгача завқ бағишлади.
Ғ.Отажонов.