Газетамизнинг бугунги сонида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди ташвиқоти бўйича мақола чоп этилмоқда.
Мазкур мақола Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга сайловолди ташвиқоти учун ажратилган бепул нашр майдони доирасида эълон қилинмоқда.
***
БАРҚАРОР ИҚТИСОДИЙ ЎСИШ — АҲОЛИ ФАРОВОНЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ
Бугун юртимизда кечаётган Президент сайлови жараёни, нафақат сайловчилар, балки минтақамиз, жаҳон ҳамжамиятининг ҳам диққат марказида бўлиб турибди. Зеро, бу муҳим сиёсий жараён буюк ўзгаришлар остонасида турган Ўзбекистонимизнинг яқин ва узоқ келажакдаги тараққиётини ҳамда халқимиз фаровонлигини таъминлаш, бу борада олдимизда турган, ўз жавобини кутаётган ўткир саволлар ва долзарб вазифалар ечимини топишда тарихий аҳамият касб этади.
Таҳлилчилар юртимизда Шавкат Миромонович Мирзиёев илгари сурган, пировард мақсади ҳар қайси шахс, инсон, ҳар бир оиланинг эркин, фаровон ва тинч ҳаёт ҳақидаги эзгу ният ва орзу-истакларини рўёбга чиқариш бўлган ҳамда жаҳон ҳамжамияти билан дўстона ҳамкорлик тамойиллари асосида ривожланадиган давлат — “Янги Ўзбекистонни” қуришга қаратилган шиддатли ва туб ислоҳотлар натижаларини юксак баҳоламоқда. Зеро, сўнгги олти йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти ҳажми 52 миллиард доллардан 80 миллиард долларга ошди ва бу мамлакатимиз жадал ривожланаётганининг муҳим кўрсаткичидир. Мавжуд салоҳиятимизга таяниб, номзодимиз Шавкат Мирзиёев томонидан янада юксак марралар белгиланмоқда. Бундаги бош мақсадлар:
2030 йилга бориб, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 2 баробар ошириб, 160 миллиард долларга етказиш;
аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажмини эса, ҳозирги 2,2 минг доллардан 4 минг долларга ошириш;
натижада Ўзбекистон “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киришини таъминлаш.
Бу қандай амалга оширилади?
Илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш
Ҳозирги давримиз дунёнинг етакчи мамлакатлари “Тўртинчи саноат инқилоби”, “Ақлли иқтисодиёт”, “Инновацион иқтисодиёт”га ўтаётгани билан тавсифланади.
Бундай шароитда илғор технологияларга асосланган, инновация ва илмий тараққиёт — миллий иқтисодиётимиз равнақи учун барқарор пойдевор ҳисобланади. Шу боис, Шавкат Мирзиёев ташаббусига кўра, мамлакатимизни 2019-2021 йилларга мўлжалланган инновацион ривожлантириш стратегияси амалга оширилди, 2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегияси тасдиқланиб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда.
Номзодимиз ўз олдига нафақат маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва уларни бозорга олиб чиқишни, балки илғор технологияларга асосланган саноатни ривожлантириш ва бу орқали меҳнат унумдорлигини 2 баробар ошириш бўйича зарур чоралар кўриш вазифасини қўймоқда.
Бу борада партиямиздан номзоднинг сайловолди дастурида кейинги йилларда Олмалиқда 3 та мис бойитиш фабрикаси ва янги мис эритиш заводи, Оҳангарон мисни қайта ишлаш кластери, Навоий, Қўнғирот ва Қоракўлда йирик кимё-полимер кластерлари, Тошкент ва Навоий вилоятларида фосфорит хомашёсидан юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш корхонаси, Тебинбулоқ ва аллаоролда темир ишлаб чиқариш мажмуалари каби стратегик мега-лойиҳаларни ишга тушириш белгиланган.
Натижада 2030 йилгача юқори даромадли маҳсулот учун зарур бўлган мис ишлаб чиқариш — 3,5 баробар, олтин — 1,5 карра, кумуш — 3 марта, уран — 3 баробар оширилади.
Автомобилсозлик соҳасида 4 та нуфузли хорижий компаниянинг лойиҳаларини ишга тушириш эвазига ишлаб чиқариш ҳажми йилига 1 миллион донага, саноатда қўшилган қиймат ҳажми 20 миллиард доллардан 45 миллиард долларга етказилади. Яъни Ўзбекистон иқтисодиёти мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш эвазига инновацион маҳсулотлар яратиш, ўзлаштириш ва илғор технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш орқали ривожлантирилади.
Илмга асосланган, юқори даромадли, экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш
Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт илмий фикрнинг ривожланиши билан бевосита боғлиқ. Зеро, илмга асосланган “ақлли ёки билимлар иқтисодиёти”, бу — инновациялар, янги ғоялар ва ижодий маҳсулотларга асосланган самарадор иқтисодиёт.
Шу мақсадда сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда мамлакатимиз фан ва иқтисодиётини сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқишда қатор тизимли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Навбатдаги муҳим қадамлар сифатида номзодимиз тайёр маҳсулот билан ташқи бозорларга чиқиш учун Жаҳон савдо ташкилотига албатта аъзо бўлишимизни назарда тутиб, корхоналаримиз очиқ ва кучли рақобатга тайёр бўлиши учун зарур чораларни белгилаган. Юқори қўшилган қийматли, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида Саноатни ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш ва унга 1 миллиард доллар ажратиш назарда тутилмоқда.
2030 йилга қадар 50 та нуфузли хорижий брендлар билан махсус экспорт зоналарини ташкил қилиш, тадбиркорларга “тайёр бизнес” шаклида бино бериш мақсадида саноат ипотекаси тизимини тўлиқ йўлга қўйиш, ҳар бир туманда камида мингта иш ўрни яратадиган 2 тадан янги саноат зонасини ташкил этиш ҳамда ахборот технологиялари хизматлари экспортини 5 миллиард долларга олиб чиқиш таъминланади. Умуман, 2030 йилга қадар жами экспорт ҳажмини 2 баробар ошириб, 45 миллиард долларга етказиш устувор вазифа сифатида белгиланмоқда.
Шу ўринда номзодимизнинг инвестициявий ва технологик шериклик соҳасида рақамли ўзаро боғлиқлик борасида “Европа жамоаси” механизмидан фойдаланган ҳолда, “Марказий Осиё учун рақамли кун тартиби”ни ишлаб чиқиш таклифи ҳамкорлар томонидан қўллаб-қувватланганини таъкидлаш жоиз.
“Яшил” иқтисодиётга ўтиш, қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш
Бугунги кунда башарият дуч келаётган иқлим ўзгариши, Орол денгизи ҳалокати ва бошқа экологик инқирозлар оқибатларини енгиб ўтиш, “яшил” иқтисодиёт ва “яшил тараққиёт”, айниқса, “яшил” энергия соҳаларини жадал ривожлантириш, “яшил” тикланиш ва углерод нейтраллигини таъминлаш, “яшил” энергия, ичимлик сув, йўл-транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш каби масалаларни самарали ҳал этиш билан бевосита боғлиқ.
Ҳозирда Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия соҳасида Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 600 миллион евро маблағлари иштирокида йирик лойиҳалар бошланган. Айниқса, “ACWA Power”, “Masdar”, “Total Eren” каби жаҳоннинг энг нуфузли компаниялари мамлакатимизда йирик қуёш ва шамол электр станциялари лойиҳаларини амалга оширмоқда. Шу йилнинг ўзида 2 минг мегаваттдан зиёд, кейинги йилда эса 8 минг мегаваттли қувватлар ишга туширилади.
Бир пайтнинг ўзида “яшил тараққиёт”га эришиш учун “яшил” иқтисодиётга ўтиш ва уни ривожлантиришни замоннинг ўзи талаб этмоқда. Шу мақсадда номзодимиз томонидан қуйидаги долзарб вазифалар белгиланган:
қайта тикланувчи энергия манбаларини 25 минг мегаваттга, уларнинг улушини ҳозирги 14 фоиздан 40 фоизга етказиш;
2024 йилдан бошлаб саноатда “яшил сертификат”лар бозорини яратиш;
автобусларни тўлиқ экологик тоза электр ёки газ ёқилғисига ўтказиш;
барча янги уйлар ва асбоб-ускуналарга энергия тежаш бўйича талабларни жорий этиш;
Натижада иқтисодиётда энергия самарадорлиги 2 карра ошиб, 2030 йилга келиб 50 миллиард киловатт-соат “яшил” энергия ишлаб чиқарилади. Янги станциялар ишга тушиши билан 10 минг километр магистрал ва 110 минг километр ҳудудий электр тармоқлари барпо этилади.
Инфратузилмани жадал ривожлантириш бўйича янгича ёндашувлар
Сўнгги олти йилда аҳоли ва бизнес, иқтисодиётни барқарор ривожлантириш эҳтиёжларини инобатга олиб, инфратузилмани ривожлантириш борасида қатор тизимли чора-тадбирлар кўрилди. Хусусан, автомобиль ва темир йўллари, ичимлик сув ва алоқа тармоқларини қуриш олдинги йилларга нисбатан 2,3 баробар кўпайди.
Номзодимиз навбатдаги долзарб вазифалар сифатида қуйидагиларни белгилади:
биринчидан, темир йўл соҳасини янада ривожлантириш мақсадида: Тошкент — Самарқанд, Навоий — Бухоро йўналишларида қўшимча тезюрар темир йўллари қуриш, электрлашган темир йўллари улушини 43 фоиздан 65 фоизга етказиш. Энг муҳими, темир йўл соҳасига хусусий сектор жалб қилиниб, хизматлар сифати рақобатбардош нархлар асосида белгиланади;
иккинчидан, ҳаво алоқалари ва хизматларини ривожлантириш борасида авиақатновлар сони 4 марта оширилади, 6 та йирик аэропорт модернизация қилинади, хусусий авиакомпаниялар сони 10 тага етказилади;
учинчидан, автомобиль йўлларини ривожлантириш йўналишида: 2030 йилга қадар туман марказларидан ҳар бир қишлоққача — жами 5,5 минг километр цемент-бетон йўллар қуриш ва жамоат транспорти билан тўлиқ қамраб олинишига эришилади, Тошкент — Самарқанд ва Тошкент — Фарғона водийси йўналишларида хусусий шериклик асосида янги автомобиль йўллари қурилади, хусусий сектор иштирокида 56 минг километр йўллар реконструкция қилинади. Натижада йўловчи ва юк ташиш ҳажми 3 баробар кўпайтирилади;
тўртинчидан, 2030 йилга қадар барча аҳоли пунктлари тоза ичимлик сув билан таъминланади. Бунга 2,5 миллиард доллар йўналтирилиб, аҳолимиз учун ўта долзарб бўлган ушбу муаммони тўла ҳал қилишга эришилади;
бешинчидан, барча қишлоқ ва овуллар Интернет билан тўлиқ қамраб олинишига эришиб, унинг тезлиги 10 карра оширилади.
Янги Ўзбекистон — инвестицион жозибадор давлат
Ўзбекистонга киритилган хорижий инвестициялар ҳажми 3 карра кўпайиб, ўтган йилнинг ўзида 10 миллиард доллардан ошди.
Европанинг “Глобал дарвоза” стратегияси доирасида транспорт-логистика инфратузилмасини шакллантиришга қаратилган кенг инвестициявий ва технологик шериклик кун сайин самарали натижа бермоқда. Масалан, биргина Европа Иттифоқи билан товар айирбошлаш ҳажми “GSP+” тартиби туфайли 2023 йил бошидан буён қарийб 70 фоизга ўсди.
2017-2022 йилларда Ўзбекистон халқаро Иқтисодий эркинлик индекси умумий рейтингида ўз ўрнини 31 поғонага яхшилаб, 148-ўриндан 117-ўринга кўтарилди. “Иқтисодий эркинлик индекси — 2023”да Ўзбекистон 176 мамлакат орасида 56,5 балл билан 109-ўринни эгаллагани қайд этилган. Буларнинг барчаси юртимизда юзага келаётган қулай инвестициявий муҳит халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётганидан дарак беради.
Соҳада бажарилиши зарур бўлган навбатдаги вазифалар сирасига номзодимиз дастурига қуйидагилар киритилган:
биринчидан, 2030 йилгача 250 миллиард доллар миқдорида инвестициялар, шу жумладан, 110 миллиард доллар хорижий инвестициялар ҳисобига 40 миллиард доллар давлат-хусусий шериклик доирасида жалб этиш;
иккинчидан, банк ва молия тизимида йиллик кредитлаш ҳажмини ҳозирги 18 миллиард доллардан 40 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ дастурларни амалга ошириш;
учинчидан, банк тизими ислоҳотлари доирасида банк омонатлари ҳажмини 4 баробарга ошириш ва банкларни хусусийлаштиришни тезлаштириш;
тўртинчидан, банк бозорига яна камида 4 та йирик нуфузли чет эл банки кириб келиши ҳамда нобанк молиявий хизматларини кенгайтириш учун имконият яратиш;
бешинчидан, қимматли қоғозлар бозори ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш;
олтинчидан, хусусий жамғариб бориладиган пенсия тизимини ташкил этиш учун барча қонуний асосларни яратиш.
Хусусий сектор — барқарор иқтисодий ўсиш гарови
Жаҳон иқтисодиётининг ривожланиш тенденциялари шуни кўрсатмоқдаки, хусусий сектор мамлакатлар тараққиётининг “драйвер” соҳасига айланган. Зеро, иқтисодиётнинг хусусий сектори, жумладан, инновацияларни рағбатлантириш, ялпи ички маҳсулот ҳажми ва экспорт салоҳиятини ошириш, асосийси, камбағалликни қисқартириш ва бандликни таъминлаш каби соҳаларда ўта муҳим роль ўйнайди. Бугунги кунда Ўзбекистонда барча иш ўринларининг қарийб 90 фоизи хусусий сектор томонидан яратилмоқда.
Сўнгги йилларда юртимизда номзодимиз Шавкат Мирзиёевнинг “мамлакатимизнинг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлашда фақат ва фақат хусусий секторга таянамиз”, деган ғоясига асосланиб, аҳоли даромадлари ва фаровонлигини оширишнинг “драйвери” бўлган хусусий сектор учун кенг йўл очиш борасида:
хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80 фоизга ва экспортдаги улушини 60 фоизга етказиш ишлари йўлга қўйилган;
давлат иштироки сақланиб қолаётган товар ва хизматлар бозорини эркинлаштириш ҳамда ушбу соҳаларга хусусий секторнинг кириб келиши учун шароит яратиш, монополияга қарши органнинг институционал салоҳияти ва ваколатини кучайтириш орқали соғлом рақобат муҳитини шакллантириш чоралари кўрилмоқда;
давлат иштирокидаги корхоналар ва тижорат банкларини трансформация қилиш ҳамда хусусийлаштириш жадаллаштирилмоқда;
пул ва капитал бозорлари янада эркинлаштирилмоқда.
Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси тадқиқотларида айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий салоҳиятини оширишга қаратилган бир қанча муҳим ислоҳотларни амалга оширди. Жумладан, хусусий сектор инвестициялари кўпайиши Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишига, аҳоли бандлигини таъминлашга ёрдам бермоқда.
Ижро ҳокимияти тизими ислоҳ қилиниб, бюрократия камайтирилди. Давлатнинг бизнесни тартибга солишга қаратилган 500 та функцияси бекор қилинди, 70 таси хусусий секторга давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг асосида ўтказилди.
Номзодимиз дастурида иқтисодиётда хусусий сектор улушини ошириш, монопол соҳаларни бозор тамойилларига ўтказиш бўйича ишларни давом эттириш борасида қуйидагилар таклиф этилди.
Биринчи, темир йўл хизматлари, автомобиль йўллари қуриш ва бошқариш, газ ва электр етказиб беришни хусусий секторга ўтказиш.
Иккинчи, ирригация, чиқиндини қайта ишлаш, ижтимоий объектларда энергетика ва иссиқлик таъминоти тизимини бошқаришга давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг жорий этиш.
Учинчи, хусусийлаштириш дастури доирасида давлат улуши мавжуд корхоналарни 6 баробарга камайтириш бўйича ишларни амалга ошириш.
Тўртинчи, 17 турдаги давлат монополиясини бекор қилиб, уларга хусусий секторни кенг жалб этиш. Келгусида фақат магистрал энергия ва транспорт тармоқлари, давлат бошқаруви ва хавфсизлиги билан боғлиқ соҳалар давлат тасарруфида қолади.
Бешинчи, 2030 йилга қадар иқтисодиётда нодавлат сектор улушини 85 фоизга етказиш.
Бизнесни қўллаб-қувватлаш — келажакни қўллаб-қувватлаш
Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш борасида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга қаратилди. Сўнгги беш йилда бу соҳани ривожлантиришга қаратилган 2 мингдан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Уларга асосан 114 та лицензия ва рухсатнома бекор қилинди, 33 та фаолият тури хабардор қилиш тартибига ўтказилди. Рухсатномаларни расмийлаштириш тартиби соддалаштирилиб, муддатлари ўртача 2 баробарга қисқартирилди. Ортиқча текширишлар ва хомашё бўйича кўплаб чекловларга барҳам берилди. Тадбиркорлик субъектларига нисбатан янги турдаги жавобгарлик ва жазо чораларини жорий этишга уч йиллик мораторий ўрнатилди.
Сўнгги олти йилда иш ҳақига солиқ юки 2 баробар камайтирилди, қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 12 фоизга туширилди.
Солиқларнинг умумий сони 13 тадан 9 тага қисқарди, айрим солиқ ставкалари 2 баробар камайтирилди.
Энг муҳим иқтисодий ислоҳотлардан бири, бу — миллий валюта алмашув курсининг бозор механизмлари асосида шаклланиш тамойилларини жорий этиш орқали ички валюта бозорини босқичма-босқич либераллаштирилиши билан боғлиқ амалий қадамлар бўлди. Шу билан бирга, пул-кредит сиёсати соҳасида кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, жумладан, тўлов тизимлари ривожлантирилди, чет эл валютасини сотиб олиш имкони яратилди, нақд пул муаммоси ҳал этилди, узлуксиз ишловчи автоматлаштирилган банкоматлар фаолияти йўлга қўйилди.
Биргина “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида ўз бизнесини бошлаётган оилаларга 5,9 триллион сўм кредит ажратилди. Янги солиқ сиёсати доирасида иш ҳақига солиқ юки 1,5 баробар камайтирилди. Натижада расмий секторда ишлаётганлар сони йил давомида 500 мингтага кўпайди.
Натижада тадбиркорлар сони 2 баробар ошди. Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлар синфи жамиятимиз ривожини таъминловчи куч, ислоҳотлар драйверига айланди.
Номзодимиз келгусида бизнесни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорларга эркин фаолият юритиши учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида:
расмий сектор — нолегал фаолиятдан афзал ва манфаатли бўлиши учун барча зарур шароитлар яратиш;
солиқ тизимини соддалаштириш ва барча тадбиркорлар учун тенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратиш;
бизнес учун қўшилган қиймат, фойда, айланмадан олинадиган ва мол-мулк солиғи бўйича ставкалар оширилмаслигини қатъий кафолатлаш;
2024 йилдан бошлаб янги уй-жой сотиб олган аҳолига қўшилган қиймат солиғининг ярми қайтариб бериладиган тизимни жорий этиш, қурилишдаги ҳисоб-китоблар шаффоф бўлишини таъминлаш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотган фермерларга қўшилган қиймат солиғининг 50 фоизини қайтариш амалиётини йўлга қўйиш;
Ижтимоий реестрга киритилган аҳолини ишга олган корхоналарга ходимининг даромад солиғини ҳам қайтариб бериш;
вақтида солиқ тўлаётган корхоналарда қўшилган қиймат солиғини қайтариш муддатини бир кун этиб белгилаш, бундай корхоналарда солиқ текширувлари ўтказилмаслик ва уларга давлат харидларида устунлик бериш;
“Очиқ мулоқот”лар орқали бизнес муаммоларини ҳал қилиш, бизнесга ноқонуний аралашувга йўл қўймаслик ва хусусий мулк дахлсизлиги сиёсатини қатъий давом эттиришни таклиф қилди.
Қишлоқ хўжалигини модернизациялаш — барқарор иқтисодий тараққиёт асоси
Аграр соҳани янада ислоҳ қилиш ва модернизациялаш муҳим устувор вазифадир. Шу боис, сўнгги йилларда соҳани тубдан ислоҳ этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этиш, сифат назорати инфратузилмасини ривожлантириш, экспортни рағбатлантириш, мақсадли халқаро бозорларда рақобатбардош, юқори қўшилган қийматли қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат товарлари ишлаб чиқаришни назарда тутувчи қулай агробизнес муҳитини ва қўшилган қиймат занжирини яратишга қаратилган вазифалар амалга оширилди.
Президент фармони билан Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси тасдиқланди ва ҳаётга жорий этилмоқда. Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кластерлар ва кооперациялар фаолияти ҳар томонлама қўллабқувватланмоқда.
Номзодимиз Шавкат Мирзиёев дастурида соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтарувчи 2030 йилгача қишлоқ хўжалигида бир гектардан олинадиган ўртача даромадни 3 минг доллардан 5 минг долларга етказишга қаратилган қатор қуйидаги устувор вазифалар белгиланган:
ҳосилдорликни пахта бўйича ўртача 45-50 центнерга, ғалла бўйича 80-85 центнерга ошириш;
қўшимча 300 минг гектар майдонни ўзлаштириш ва уларда интенсив боғ ва узумзорлар ташкил этиш;
маҳаллий сабзавот, полиз, картошка уруғлик таъминотини ҳозирги 15 фоиздан 50 фоизга етказиш;
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашни 8 фоиздан 25 фоизга ошириш;
агротармоқда 2,5 миллион тонна қувватга эга бўлган 100 та янги логистика марказини ишга тушириш;
соҳада экспорт ҳажмини ҳозирги 1,6 миллиард доллардан йилига 10 миллиард долларга етказиш, соҳага жами 15 миллиард доллар инвестициялар жалб этиш;
қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришларига мос ҳолда ривожлантириш, тупроқ ва яйловларда деградациянинг олдини олиш бўйича Миллий дастур қабул қилиш.
Ишончимиз комилки, номзодимиз Шавкат Мирзиёевнинг ушбу таклифлари халқимиз орзу қилган, жаҳон майдонида кучли салоҳият, муносиб обрўэътиборга эга бўлган, ҳар томонлама обод ва фаровон Янги Ўзбекистонни барпо этишга хизмат қилади. Барча юртдошларимизни, сайловчиларимизни Янги Ўзбекистон бунёдкорлари қаторида бўлишга чақирамиз!
Нодир ЖУМАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.
Адҳам ШОДМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.