УЛАР ТОРТГАН СУВ ҚУВУРЛАРИ ОДАМЛАРНИ ОБИ-ҲАЁТ БИЛАН ТАЪМИНЛАМОҚДА


Нукус шаҳридаги Азамат Сейитбоев раҳбарлик қилаётган «Керамика қурилиш сервис» масъулияти чекланган жамияти аҳоли яшаш жойларига сув қувурларини  тортиш билан шуғулланади. Ушбу корхона ходимлари Қорақалпоғис­тон Республикасининг энг чекка ҳудудларида олиб борилаётган  қурилиш ва ободонлаштириш ишларида ҳам фаол қатнашмоқда.

Хусусан, 2017 йил  корхона ишчилари томонидан Мўйноқ тумани  марказида 10 км узунликда ичимлик суви қувури тортилган. Шунинг­дек, Нукус шаҳридаги 9 та кўчада ичимлик сув линиясида реконструкция ишлари бажарилди. Жами 20 нафарга яқин ишчи меҳнат қилаётган корхонада 1 дона эксковатор, 5 дона полиэтилен қувурларни пайвандловчи ускуна, 4 дона электр энергиясини етказиб берувчи генератор ва 1 дона юк ташиш автомашинаси мавжуд.

— Жорий йил давомида корхонамиз томонидан кенг кўламдаги қурилиш ишлари амалга оширилди, — дейди Азамат Сейитбоев. — Жумладан Нукусдаги «Саманбой» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ичимлик суви қувурлари реконструкция қилиниб, янги қувурлар қўйилди.  Хожахмет Абдамбетов ва Толепберген Қайпбергенов кўчалари бўйидаги янги кўп қаватли уйларга 0,30 км узунликдаги ичимлик суви ва 0,84 км узунликда оқава сув линиялари тортилди. Бундан ташқари Қўнғирот туманидаги «Қорақалпоғистон» посёлкасида «Обод қишлоқ» давлат дастури бўйича 1,4 км узунликда оқава сув линиясининг қурилиш ишлари бажарилди.

Корхона ишчилари бугинги кунда Нукус шаҳри марказидаги Аллаяр Досназаров кўчаси бўйида янгидан қурилган кўп қаватли турар жойларга  ичимлик ва оқава сув линияларини тортиш ишлари билан банд.

М.ҲАБИБУЛЛАЕВ

олган сурат.