14 июнь куни Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига бағишланган йиғилишда ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш, сайловга тайёргарлик кўриш даврида Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар, Президент сайловида халқаро ташкилотлардан иштирок этадиган кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.
Йиғилишда сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари ва ногиронлар нодавлат-нотижорат ташкилотларининг вакиллари, шунингдек, 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси раиси Т.Атамуратов, Марказий сайлов комиссияси аъзоси М.Бабаназарова ҳамда округ аъзолари видеоконференцалоқа тарзида қатнашди.
Йиғилишда ногиронлиги бўлган шахсларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тегишли сайлов бюллетенини тўлдириш учун Брайль алифбоси асосида тайёрланадиган трафарет намунаси тасдиқланди ва мазкур трафаретлар билан ҳар бир сайлов участкасини таъминлаш чоралари белгиланди.
Кун тартибига мувофиқ, Марказий сайлов комиссиясига шу йилнинг 6-13 июнь кунлари жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар кўриб чиқилди ва улар бўйича тегишли қарор қабул қилинди.
Йиғилишда шунингдек, халқаро кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Ташқи ишлар вазирлигининг таклифига кўра ЕХҲТ ДИИҲБ нинг сайловни кузатувчи миссияси вакили аккредитациядан ўтказилди. Шунингдек, маҳаллий оммавий ахборот вакилларининг 159 вакили, хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларидан 42 вакил аккредитациядан ўтказилди. Шу бугунгача аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг умумий сони 554 нафарни ташкил қилмоқда.
Марказий сайлов комиссияси йиғилиши якунига етгач, 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси раиси Т.Атамуратов ва Марказий сайлов комиссияси аъзоси М.Бабаназарова иштирокида йиғилиш кун тартибида муҳокама этилган масалалар, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш ва унга тайёргарлик кўриш бўйича иш-режага мувофиқ амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.
1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси матбуот маркази.