Жорий йилнинг 30 апрель санасидан янги Меҳнат кодекси кучга кирди. Олдинги меҳнат кодекси 294 моддадан иборат бўлган бўлса, амалдаги кодекс 581 моддадан иборат. Янги меҳнат кодексида меҳнат муносбатларига оид бир қатор янги нормалар белгиланган.
Меҳнат шартномаси номуайян муддатга, уч йилдан кўп бўлмаган муайян муддатга тузилиши мумкин (аввал номуайян муддатга, беш йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга, муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилиши мумкин эди).
Меҳнат шартномаси ходимнинг топширилаётган ишга мувофиқлигини текшириш ёки меҳнат шартномасида шарт қилиб кўрсатилган ишни давом эттириш мақсадга мувофиқлиги ҳақида ходим томонидан қарор қабул қилиниши мақсадида дастлабки синов билан тузилиши мумкин.
Дастлабки синов муддати уч ойдан, ташкилотларнинг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, бош бухгалтерлар ҳамда ташкилотлар алоҳида бўлинмаларининг раҳбарлари учун эса олти ойдан ошмаслиги керак (аввалдастлабки синов муддати 3 ойдан ошиб кетмаслиги лозим эди). Шунингдек, ишга қабул қилиш чоғида дастлабки синов белгиланмайдиган тоифадаги шахслар доираси ҳам кенгайди.
Кодексда ходимни хизмат сафарига юбориш билан боғлиқ муносабатлар ҳам батафсил белгиланди. Ходимни бошқа иш берувчига вақтинча хизмат сафарига юбориш фақат унинг ёзма розилиги билан бир йилдан кўп бўлмаган муддатга амалга оширилиши мумкин. Бу муддат тарафларнинг келишувига кўра кўпи билан бир йилга узайтирилиши мумкин.
Меҳнат кодексидаги янги нормаларнинг бири бу ходимларнинг шахсга доир маълумотлари билан боғлиқ муносабатларнинг тартибга солинганлигидир.
Меҳнатга оид муносабатлар сабабли иш берувчига тақдим этилган ходимнинг, шунингдек унинг оила аъзоларининг ҳаётидаги фактлар, воқеалар ва ҳолатлар тўғрисидаги ахборот ходимнинг шахсга доир маълумотлари ҳисобланади. Ходимнинг шахсга доир маълумотлари тўғрисидаги ахборот махфий ахборот тоифасига тааллуқли.
Иш берувчининг вакиллари томонидан ходимнинг шахсга доир маълумотларидан фойдаланиш фақат ходимнинг меҳнат мажбуриятларига мувофиқ амалга оширилиши керак.
Мослашувчан иш вақти режими иш вақтини ташкил этиш усули бўлиб, бунда айрим ходимлар ёки ташкилот таркибий бўлинмаларининг ходимлар гуруҳлари учун иш кунининг бошланишини, тугашини ва умумий давомийлигини муайян доирада уларнинг ўзи тартибга солишига йўл қўйилади.
Шунингдек, янги Меҳнат кодексига кўра:
меҳнатига вақтбай ҳақ тўланадиган ходим ҳар хил малака талаб этиладиган ишларни бажарганда унга юқори малака бўйича ҳақ тўланади;
дам олиш куни байрам кунига тўғри келса кейинги кунга кўчирилади;
ишдан бўшатиш нафақаси 200 % гача тўланади.
Ўзгаришларнинг яна бири йиллик меҳнат таътилларига оид.
Йиллик асосий таътил муддати камида 21 календарь кун (аввал 15 иш куни эди), давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ходимларига давомийлиги йигирма етти календарь кун бўлган ҳар йилги асосий узайтирилган таътил берилиши белгиланмоқда.
Ходимга битта ташкилотда ёки тармоқда кўп йиллик иш стажи учун қўшимча таътил бериш тартиби жорий этилмоқда.
Яъни ходимга битта ташкилотда ёки тармоқда ишлаган ҳар беш йил учун давомийлиги икки календарь кун бўлган, бироқ жами саккиз календарь кундан кўп бўлмаган ҳар йилги қўшимча меҳнат таътили берилади. Ушбу ўзгаришларга қадар кўпчилик ташкилотларда кўп йиллик меҳнат таътиллари учун қўшимча дам олишлар берилмас эди.
Янги меҳнат кодексига кўра, қуйидаги айрим тоифадаги ходимларнинг меҳнатини тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланди:
масофадан туриб ишловчи ходимлар;
касаначилар;
мавсумий ишчилар;
- вахта усулида ишловчи ходимлар;
алоҳида тармоқ (транспорт, тиббиёт, таълим, профессионал спорт) ходимлари;
вақтинчалик ишларда банд бўлган шахслар;
ўриндошлик асосида ишловчи шахслар;
чет ел фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар;
уй ишчилари;
микрофирмаларда ва иш берувчи бўлган жисмоний шахсларда ишловчи шахслар.
Ходимларнинг ишга тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича судга мурожаат қилиш муддати ҳам узайтирилди. Янги тартибга кўра, ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги иш берувчи буйруғининг кўчирма нусхаси топширилган кундан эътиборан уч ой этиб белгиланди. Олдин бу муддат бир ой эди.
Янги Меҳнат кодексига кўра, ходимга иш ҳақи тўлашни ва унга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни кечиктирганлик учун иш берувчининг моддий жавобгарлиги белгиланди.
Иш берувчи иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда, уларни тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши шарт.
Ходимга тўланиши лозим бўлган пулли компенсациянинг миқдори Марказий банк қайта молиялаш ставкасининг ўн фоизи миқдорида белгиланади.
Кодексда ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш билан боғлиқ нормалар ҳам кўрсатилган.
Ходимнинг малакаси унинг муайян касбий фаолият турини бажаришга тайёрлигини тавсифлайдиган касбий билимлари, малакалари, кўникмалари, лаёқати ва иш тажрибасининг даражаси ҳисобланади.
Шунингдек, ходимга мураббий ҳам белгиланиши мумкин.
Мураббийлик — ходимларни қайта тайёрлаш ёки уларнинг малакасини ошириш турлари бўлиб, бунда ташкилотнинг энг тажрибали ходимлари (мураббийлар) муайян бир меҳнат вазифасини амалга ошириш учун зарур бўлган билимлар, кўникмалар ва малакаларни тажрибаси камроқ бўлган ходимларга режали равишда етказишни таъминлайди.
Ходимларнинг салоҳияти, билими, ахлоқи қанча юқори бўлса аҳолига кўрсатиладиган хизмат сифати, халқ розилиги шунча юқори бўлади.
Насиба Қутлимуратова,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси филиали бош инспектори.