Ким Элликқалъа тумани марказига борган бўлса, у ерда ўқувчисини етаклаб кетаётган ўқитувчи сиймоси акс этган ҳайкални албатта кўргани чиқади.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Матназар Абдулҳакимнинг устозларга бағишланган “Дарсдан сўнг” шеъри ҳақидаги ёдгорлик ўша даврда туман ҳокими бўлган Неъматулла Худойбергенов ташаббуси билан бунёд этилган.
Яқинда “Дўрмон” ижод уйида адабиёт жонкуяри, маърифатпарвар олим ва жамоат арбоби Неъматулла Худойбергенов таваллудининг 70 йиллигига бағишлаб чоп этилган “Эллик биринчи қалъа” номли китоб тақдимоти ва адабий кеча ўтказилди. Унда ёзувчилар, шоирлар, адабиёт ихлосмандлари ва кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ олиб борди.
Тақдимотда ижодкорлар Муҳаммад Али, Маҳмуд Тоир, Аҳмаджон Мелибоев, Нурали Қобул, Сирожиддин Рауф, Шуҳрат Жабборов, Камол Матёқубов, Турсун Али, Рустам Мусурмон сўзга чиқиб, Неъматулла Худойбергеновнинг адабиёт шайдоси ва ҳомийси эканига алоҳида урғу берди.
– Мазкур китоб мустақиллик даврида давлатнинг турли идораларида самарали фаолият юритган инсон, Элликқалъа тумани ривожи ва равнақи йўлида узоқ йиллар масъул вазифада хизмат қилган маърифатпар инсон, Тошкент давлат Аграр университети доценти Неъматулла Худойбергеновнинг ҳаёт йўли ва фаолияти ҳақидаги бадиий-ҳужжатли мақолалар, лавҳалар, шеърлардан таркиб топган, – деди Нодир Жонузоқ. – Шунинг учун ҳам китобга “Эллик биринчи қалъа”, дея муносиб ном берилган. Унда замон билан ҳамнафас, ҳамқадам, янгиланишлар, бунёдкорлик ишлари элимизга танилган шахслар томонидан самимий талқин қилинганки, бу эса ўқувчиларни бефарқ қолдирмайди.
Неъматулла Худойбергенов 1952 йил 27 августда Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманида туғилган. У 1998-2017 йиллар давомида Элликқалъа туманида Ўзбекистон Республикаси ёш ижодкорларининг анъанавий “Ақчакўл илҳомлари” танлови ҳамда буюк ҳофиз Отажон Худойшукуров хотирасига бағишланган “Нафосат – бўстоним маним” санъат анжуманини ташкил этган. Адабиёт ва санъат бўйича Элликқалъа ижод мактабини яратган. Ушбу ижод мактабида улуғ устозлар Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов ва бошқа ардоқли адиблардан сабоқ олган ёш қаламкашлар бугун мамлакатимизнинг пешқадам шоир ва адибларига айланган. Неъматулла Худойбергенов 1981 йилда “Ҳурмат белгиси”, 2002 йилда “Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи” фахрий унвони, 2003 йилда “Дўстлик” ордени, 2022 йилда I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан мукофотланган.
– Агар Абдулла Ориповнинг Элликқалъада ёзилган шеърларини тўпласак, уларнинг ўзи бир нечта жилд бўлади, – дейди тақдимотда сўзга чиққан Рустам Мусурмон. – Бунинг ҳаммасига Неъматулла ака сабабчи бўлган.
Тадбирда сўз олганлар адабиёт фидойисининг меҳнат фаолияти, инсоний фазилатларига тўхталди. Санъаткорларнинг чиқишлари эса даврага файз бағишлади.
Ушбу китобдан Абдулла Орипов, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Сирожиддин Саййид, Гулистон Матёқубова, Адҳамбек Алимбеков, Гавҳар Ибодуллаева сингари кўплаб адабиёт аҳлининг Неъматулла Худойбергенов ҳақидаги илиқ кечинмалари ўрин олган.
Тарихдан кузатсак, адабиёт ва санъатга эътибор бўлган жой ривожланган, гуллаб-яшнаган. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Маърифатпарвар олим ва жамоат арбоби Неъматулла Худойбергенов сингари адабиётни яхши кўрган ва унинг жонкуяри бўлган раҳбарлар кўп бўлиши адабиётимиз ва санъатимиз ривожланишига сабаб бўлар эди.
Фозил ФАРҲОД,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати бўлими бошлиғи.
(«Қишлоқ ҳаёти» газетасидан олинди).