Ўзбекистонда мустақилликнинг илк йиллариданоқ республика ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг анъанавий маданий меросини қайта тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Энг аввало, шуни таъкидлаш лозимки, мамлакатимиз Конституциясининг 4-моддасида Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиши қайд этилган. Бош Қомусимизнинг 8-моддасида эса Ўзбекистон халқини, миллатидан қатъий назар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади, деб мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, унинг 18-моддасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар, қонун олдида тенгдир», — деган қоида халқимизга хос бўлган эзгу фазилат бўлган бағрикенгликнинг замонавий сиёсий-ҳуқуқий ифодасидир.
Бугунги кунда юртимизда бир юз ўттиздан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандларидек аҳил-иноқ яшаб, турли соҳаларда самарали меҳнат қилмоқдалар. Барча миллат ва элатларнинг тили, маданияти, урф-одат ва анъаналарини сақлаш ҳамда ривожлантириш учун кенг шароитлар яратилган. Турли миллатлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибатни янада мустаҳкамлашга давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг маданияти, тили, урф-одат ва анъаналари ҳурмат қилиниши қатор қонун ҳужжатларида ҳам акс эттирилган. Масалан, “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг “Билим олиш ҳуқуқи” деб номланган 4-моддасида ҳар кимга унинг жинси, тили, ёши, ирқий, миллий мансублиги, эътиқоди, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, хизмат тури, ижтимоий мавқеи, турар жойи, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қанча вақт яшаётганлигидан қатъи назар, билим олишда тенг ҳуқуқлар кафолатланиши алоҳида қайд этилган.
Айни маънода, муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан 2017 йилнинг 7 февралида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг 5-йўналиши «Диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш»га қаратилганлиги келажакда бу борадаги ишларни янада юксак поғонага кўтарилишидан далолатдир.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Байналминал Марказининг ташкил топганига 25 йил тўлиши муносабати билан муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев қарори асосида Байналминал марказга янги бино ажратилди ва Тошкент шаҳридаги Бобур хиёбонига Дўстлик хиёбони деб ном берилиб, у ерда Ўзбекистонда истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг урф-одат ва анъаналарини акс эттирадиган ҳиёбон бўлиши тўғрисида қарор қабул қилди.
Бугунги кунда юртимизда умумий ўрта таълим мактабларида ўзбек, қорақалпоқ, рус, қирғиз, туркман, қозоқ, тожик тилларида билим берилаётгани, бир қанча олий ўқув юртларида эса рус, қозоқ, қирғиз ва бошқа тилларда дарс бериладиган бўлимларнинг мавжудлиги, улар учун дарслик ва қўлланмалар мамлакатимизнинг ўзида тайёрланиб, чоп этилаётгани, биргина Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ўқитиладиган хорижий тиллар сони мустақиллик йилларида 4 тадан 23 тага етгани фикримизнинг исботидир.
Биз фаолият юритаётган даргоҳ Қорақалпоқ диёридаги 85 йиллик тарихга эга бўлган, олий таълим муассасаси ҳисобланадиган Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти мисолида оладиган бўлсак, бугунги кунда 7 мингдан зиёд талаба таҳсил олаётган бу улуғ масканда қорақалпоқ, ўзбек миллатидан ташқари, қозоқ, туркман, рус, корейц, қирғиз, озарбайжон, бошқирд, уйғур ва татар миллатларига мансуб талабалар бир оила фарзандларидек, аҳил ва иноқ билим олмоқдалар. Нафақат институтда, балки республика миқиёсида ўтказилаётган тадбирларда ҳам бир оила фарзандларидек иштирок этишиб, совринли ютуқларни қўлга киритиб келишмоқда. Айни ҳолат ҳам бевосита мустақиллигимизнинг, қолаверса, Конституциямизнинг кўп миллатли халқимизга берган буюк инъомидир!
Хулоса қилиб айтганда, дунёнинг айрим давлатларида динлараро, миллатлараро зиддиятлар кучаяётган ҳозирги шароитда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшаётган мамлакатимизда миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, тотувлик ва ҳамжиҳатликнинг таъминлангани, шубҳасиз, истиқлол йилларида қўлга киритилган энг катта ютуқларимиздан биридир. Ҳақиқатан ҳам, халқимизнинг бу борада эришган ютуқларига ҳавас қиладиганлар кўп, шунингдек, ҳасад кўзи билан қараб, тинчлик-осойишталигимизга рахна солиш истагидагилар ҳам йўқ эмас. Шундай экан, муҳтарам Президентимиз кўп бор таъкидлаганидек, бу масалада доимо ҳушёр бўлишимиз, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни кўз қорачиғидек асраш ҳаммамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг шонли 26 йиллик байрами ҳаммамизга муборак бўлсин!
Қувондиқ Қодиров,
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ёшлар билан ишлаш бўйича проректори,
Филология фанлари номзоди, доцент.