Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбоев Нукус шаҳридаги маҳалла бешлиги, кўча бошилари ҳамда фаоллари билан учрашди.
Унда бугунги кунда юртимизда халқимизнинг фаровон турмушини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, инвестиция муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар, янги иш ўринларини яратиш, ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини йўлга қўйиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар таъкидлаб ўтилди.
Янги иш ўринларини яратиш мақсадида тадбирокорликни қўллаб-қувватлаш,республикамизнинг инвестициявий жозибадорлигини орттиришга катта эътибор қаратилиб, тадбиркорлар учун солиқ имтиёзлари ва бошқа қатор имкониятлар берилмоқда. Натижада, ўз бизнесини йўлга қўйишга қизиқувчилар ва тадбиркорликни ривожлантиришни хоҳловчи субъектлар сони ортиб бормоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда юртимизда Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича самарали ислоҳотлар, амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу йўналишда Қорақалпоғистон учун алоҳида қарор ва фармонлар, давлат дастурлари қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ қилинмоқда.
Албатта, буларнинг барчаси халқимизнинг фаровон турмушини таъминлаш ва улар учун муносиб шароитлар яратишга қаратилган тадбирлар ҳисобланади.
Учрашув давомида, шу каби имкониятлардан халқимиз самарали фойдаланиши, янги иш ўринлари яратиш борасидаги ҳар қандай ташаббуслар қўллаб-қувватланиши билдирилиб, фуқаролар йиғинлари имкониятлари ва фуқароларнинг қизиқишларидан келиб чиқиб, уларни тадбиркорликка йўналтириш, касбга ўқитиш масаласида фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Қорақалпоғистон хабар агентлиги.