Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси ва округ ҳудудидаги сайлов участкаларида жорий йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик жараёнлари билан танишди.
Дастлаб Марказий сайлов комиссияси раиси 1-Қорақалпоғистон сайлов округида яратилган шароитларга эътибор қаратди. Шунингдек, округ сайлов комиссияси аъзолари билан учрашиб, сайловга тайёргарлик жараёнларининг бориши билан танишди.
Учрашувда олдимизда турган сиёсий тадбирда сайлов участкалари фаолиятининг аҳамиятини инобатга олиб, улар учун алоҳида ўқув-методик қўлланма ишлаб чиқилгани таъкидлаб ўтилди. Мазкур қўлланма ва сайловчиларнинг сайлов куни овоз беришда қатнашиши учун “Таклифнома” комиссия аъзоларига таништирилди.
Таъкидланганидек, ушбу сиёсий жараёнга чақирув “Таклифнома” сининг ўтган галгидан фарқи, ҳар бир сайловчига эмас, бир оилага битта берилади. Унда сайлов ҳуқуқига эга бўлган сайловчилар таклиф этилган.
Шунингдек, сифатли қоғозга босилган таклифномада махсус QR код бўлиб, сайловчилар мобил иловалари орқали сайлов қонунчилигига оид маълумотлар билан танишиши мумкин.
Учрашувда З.Низомхўжаев округда сайловга кўрилаётган тайёргарлик ва ташкилий ишларга юқори баҳо бериб, сайлов участкаларини жиҳозлар билан таъминлаш, сайловчиларга муносиб шароитларни яратиш, ўқув-семинарларини ташкил этиш, сайловни юқори даражада ўтказиш бўйича тавсияларини берди.
Марказий сайлов комиссияси раиси З.Низомхўжаев Марказий сайлов комиссияси аъзоси Б.Юнусов, 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси раиси Т.Атамуратов билан биргаликда Нукус шаҳридаги сайлов участкаларида бўлиб, сиёсий жараёнга тайёргарлик ишларининг бориши, сайловчиларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.