2023 йил 9 июль Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови


Газетамизнинг бугунги сонида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Маҳмудованинг сайловолди ташвиқоти бўйича мақола чоп этилмоқда. Мазкур мақола Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга сайловолди ташвиқоти учун ажратилган бепул нашр майдони доирасида эълон қилиняпти.

***

Қонун устуворлиги — адолатли жамият қуришнинг муҳим шарти

Ҳуқуқий давлат қонун устуворлиги билан чамбарчас боғлиқ бўлган, фаолияти ва тузилиши халқ иродасига таянадиган, инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлайдиган давлатдир. Ҳуқуқий давлатнинг энг муҳим белгиларидан бири шуки, унда инсон олий қадрият ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда, ҳуқуқий давлат – демократиянинг ажралмас белгиси. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Маҳмудова ўз сайловолди дастурида бу борада қатор ташаббусларни илгари сурган.

Номзод дастуридаги суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, энг аввало, юртимизда суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, одил судлов самарадорлигига эришишга қаратилган.

Шунингдек, номзод дастурида суд жараёнида томонларнинг чинакам тенглиги ва тортишув тамойилини рўёбга чиқариш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш мақсадлари ҳам кўзда тутилган.

Мазкур устувор мақсадларни рўёбга чиқаришда эса судьялар зиммасига ниҳоятда муҳим — одил судловни Конституция ва қонунлардан ҳамда адолат тамойилидан оғишмай амалга ошириш вазифаси юклатилади. Зеро, айнан суд-ҳуқуқ тизими жамиятда қонун устуворлиги ва адолат барқарорлиги учун масъулдир.

Яқинда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямиз лойиҳасини шакллантириш жараёнида ҳам халқимиз алоҳида фаоллик кўрсатиб, судҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш ва қонун устуворлигини таъминлашга оид қатор таклифларини билдирди. Якунда эса, ушбу таклифлар янги таҳрирдаги Конституциямизда ўз аксини топди ва халқимиз уни қўллаб-қувватлаб овоз берди.

Албатта, бунинг замирида катта ҳаётий ҳақиқат мужассам. Чунки адолатли жамият, демократик, ҳуқуқий давлат қуришни ўз олдига мақсад қилган халқ борки, ўз Конституциясида инсон шаъни ва қадр-қиммати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини барча қадриятлардан устун қўйишга интилади.

Жумладан, янгиланган Конституцияда илк бор Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқий давлатдир, деган қоида ўз ифодасини топди. Бунинг яққол тасдиғи сифатида Бош қонунимизда инсон ҳуқуқлари кафолатларига оид нормалар 3 баробар ошди.

Бу эса бош вазифамиз барча соҳаларда қонун устуворлигини таъминлаш бўлиши зарурлигини англатади. Негаки, қонун устувор бўлган жамиятдагина инсон ҳуқуқлари тўлақонли таъминланади, тинчлик ва осойишталик ҳукм суради, халқнинг давлат сиёсатига ва келажакка ишончи ортади, фуқароларнинг Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси юксалади.

Эндиликдаги вазифа янги таҳрирдаги Конституция қоидаларини сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни тараққиёт мақсадларига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органлари фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этишини амалда таъминлашдан иборат.

Демак, мамлакатнинг суд-ҳуқуқ тизими янгиланиб бориши замон талабларига мос равишда доимий эътибор, диққат ва изчил ислоҳотларни талаб этадиган узлуксиз жараёндир. Шу нуқтаи назардан, “Адолат” социалдемократик партиясидан Президентликка номзод Робахон Маҳмудованинг сайловолди дастурида “Қонун устуворлиги — адолатли жамият қуришнинг муҳим шарти!” тамойилини жамиятнинг ҳар бир аъзоси, айниқса, мансабдор шахслар фаолиятининг муҳим қоидасига айлантириш ғояси илгари сурилган. Чунки номзод кўп йиллар суд тизимида фаолият юритаётган тажрибали раҳбар-мутахассис сифатида бу борада муаммоларни чуқур англаган.

Номзод инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишнинг муҳим шарти — судлар мустақиллигини таъминлаш мақсадида судьяларнинг халқ депутатлари Кенгашларига ахборот бериш амалиётини бекор қилиш таклифини илгари суради.

Бундан кўзланган мақсад, авваламбор, Асосий қонунимизда судларга оид кафолатларни ҳаётга татбиқ этиш йўли билан уларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилган.

Ҳозир судьяларимиз халқ депутатлари Кенгашларида мунтазам равишда ўз фаолияти юзасидан берган ахборотлари давомида ўзлари чиқарган суд қарорлари, айрим пайтларда эса ҳали юритувда бўлган ва ниҳоясига етмаган ишлар бўйича савол-жавоб қилиниши ҳолатлари ҳам учрайди.

Янгиланган Конституциямизнинг 130-моддасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритиши, 136-моддасида судьялар ҳисобдор бўлмаслиги қатъий белгиланиб, уларнинг фаолиятига аралашиш омиллари конституциявий даражада бартараф этилди.

Судьялар сонини ошириш, уларнинг ихтисослашувини янада кенгайтириш, жумладан, оилавий, меҳнат, интеллектуал мулк, вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид низолар бўйича ихтисослаштирилган судьялар корпусини шакллантириш масалалари номзоднинг диққат марказида бўлади.

Бугунги кунда иш ҳажми кўплиги нуқтаи назаридан судьялар “вақт босими” остида бўлиб, айрим ҳолларда судьянинг ўртача иш ҳажми бир неча юзлаб суд ишлари ва материалларни ташкил этмоқда. Бу эса, ўз навбатида, судлар томонидан ишларни кўриш муддатига ва сифатига салбий таъсир ўтказиб, фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Масаланинг долзарблиги қуйидаги рақамларда яққол кўринади. Хусусан, ҳар 100 минг аҳолига судьялар сони Германияда 24, Россияда 18, Ўзбекистонда эса 3,7 нафарни ташкил этмоқда. Бу муаммонинг ечими судьялар сонини босқичма-босқич оширишдадир. Ҳозир шиддат билан ўзгариб бораётган замонда ҳаётимизнинг барча жабҳаларида кўплаб қонунлар қабул қилинмоқда. Бундай вазиятда юқори билимли ва катта тажрибага эга ҳар қандай ҳуқуқшунос ҳам қабул қилинаётган қонунларни мукаммал ўзлаштириб, қамраб олиши мушкул.

Шу боис, судьялар ресурсидан оқилона фойдаланиш учун уларнинг соҳалар бўйича ихтисослашувини кенгайтириш ҳам зарур бўлади.

Хорижий тажрибага мурожаат этсак, оилавий судлар АҚШ, Хитой, Германия, Сингапурда самарали фаолият кўрсатмоқда. 2022 йилда мамлакатимизда 58 мингдан ортиқ солиқ, 40 мингдан ортиқ оилавий низолар, вояга етмаганлар билан боғлиқ 49 мингга яқин иш кўрилган.

Шунинг учун ҳам ҳозир энг долзарб бўлган соҳалар, яъни оилавий, меҳнат, интеллектуал мулк, вояга етмаганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича судьялар ихтисослашувини амалга ошириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Жамиятда қонун асосида яшаш кундалик ҳаёт тарзимизга айланиши зарур. Бунинг учун, энг аввало, Конституция ва қонунларнинг устунлигини таъминлашимиз шарт.

Дастурда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органдан “узоқ туриш” стереотипини тубдан ўзгартиришимиз лозимлиги ғояси илгари сурилган. Шундай тафаккур шакллантирилиши керакки, токи ҳар қандай инсон бирор ҳуқуқбузарликнинг гувоҳи бўлса, лоқайд бўлиб, уни кўрмаганга олмасдан, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга хабар қилиш унинг фуқаролик бурчи эканини англаши лозим.

Бунинг учун ҳуқуқбузарликка гувоҳ бўлган одамни суд ва тергов органларига овора қилиб қайта-қайта чақиравермасдан, замонавий рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш, фуқароларнинг одил судловга кўмаклашишини рағбатлантириш каби усуллардан фойдаланиш таклиф этилмоқда.

Шу боис, Президентликка номзод Робахон Маҳмудова суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг иш услубини тубдан ўзгартириш, хусусан, улар фаолиятидаги ҳали-ҳануз сақланиб қолаётган айрим эскича ёндашувларни бартараф қилиш, янада аниқроқ айтадиган бўлсак, жазолаш тафаккуридан адолат, тенглик, эркинлик ғояларига ўтиш зарур, деб ҳисоблайди.

Янгиланган Конституциямизда ҳеч ким суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ ушлаб турилиши мумкин эмаслиги белгиланди ва ҳаракатланиш эркинлигини чеклашга фақат суд қарори асосида йўл қўйилиши қоидаси мустаҳкамланди. Демак, тергов органи ҳар қандай ҳолатда шахсни 48 соатдан ортиқ ушлашга ҳақли эмас. Агар ушлаш зарурати бўлса, унда фақат суднинг қарори зарур бўлади. Бу конституциявий талаб ҳар бир инсоннинг шахсий дахлсизлик ҳуқуқининг кафолатидир.

Айбланувчига ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни “сукут сақлаш” ҳуқуқи биринчи марта Конституциямизда алоҳида мустаҳкамланди. Номзод Асосий қонунимизга киритилган ушбу илғор нормаларни ҳаётимизга изчиллик билан татбиқ этиш тарафдори. Мамлакатимизда конституциявий меъёрларга қатъий амал қилиш инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг муҳим шартидир. Бунинг учун суд-ҳуқуқ идораларининг кадрлар салоҳиятини кучайтиришга бирламчи эътибор қаратиш керак бўлади.

Ушбу йўналишда, аввало, ҳар бир мансабдор шахс, ҳокимият вакили, жумладан, терговчи, прокурор, судьяларнинг билим ва малакасини ошириш муҳим саналади.

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ишончли ҳимоя қилишда адвокатура институтининг ўрни ва роли беқиёсдир. Янгиланган Конституцияга адвокатура бўйича алоҳида боб киритилиши орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида муҳим қадам бўлди. Ҳар бир шахс жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса — унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга экани кафолатланди.

Шу билан бирга, 2023 йил 1 январь ҳолатида Ўзбекистонда 4577 адвокат фаолият кўрсатмоқда. Бу эса, салкам 8 минг аҳолига 1 нафар адвокат тўғри келишини англатади. Ҳолбуки, бир адвокатга Исроилда 136, АҚШда 260, Германияда 500 аҳоли тўғри келади.

Табиийки, кўпчилик ҳимоячи деб атайдиган адвокатсиз одил судловни таъминлаб бўлмайди. Тарафлар процессуал имкониятлари тенг бўлгандагина чинакам тортишув вужудга келади. Шу боис, суд процессида адвокатнинг мавқеи прокурор билан тенг бўлиши, адвокат томонидан келтирилган важлар ва далиллар суд муҳокамаси эътиборидан четда қолмаслиги лозим.

Айни пайтда адвокатура институтини ривожлантириш сари яна илдам қадамлар қўйиш керак, судьянинг суд жараёнидаги фаол ролини босқичмабосқич камайтириб бориб, асосан, тарафлар ўртасидаги баҳсни кучайтириш ва улар келтириладиган далилларни баҳолашга кўпроқ урғу бериши керак.

“Адолат” социал-демократик партиясидан Президентликка номзоднинг сайловолди дастурида адвокатура фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада кенгроқ жорий этиш йўлидан бориш зарурлиги қайд этилган. Айниқса, адвокатура, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари ўртасида электрон маълумот алмашинувини янада яхшилаш чораларини кўриш лозимлигига эътибор қаратилган.

Дастурда кам аҳамиятли хатолар учун нотариуслар фаолиятини тўхтатиб туриш амалиётига барҳам бериш, биринчи маротаба ёки қўпол бўлмаган хатолар учун нотариусларга жарима қўллаш амалиётини йўлга қўйиш таклиф этилган. Чунки ҳудудларда нотариуслар фаолиятининг вақтинча тўхтатиб турилиши орқасидан оддий фуқаролар турли оворагарчиликларга дуч келмоқда. Бу эса, ўз навбатида, уларнинг ҳақли норозиликларига сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, номзод коррупциядан холи жамият йўлида халқимиз билан биргаликда курашни давом эттиришимиз лозим, деб ҳисоблайди. Мақсад давлат бошқарувининг барча соҳаларида, жумладан, суд тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятида, таълим ва соғлиқни сақлаш, қурилиш ва бошқа соҳаларда коррупцияга барҳам беришдир.

Аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳити ва маданиятини шакллантириш, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига “тоза қўллар” сиёсатини сингдириш қонун устуворлигини таъминлаш йўлидаги муҳим вазифадир.

Президентликка номзод Робахон Маҳмудова ҳукумат аъзоси бўлган ижро этувчи ҳокимият органи раҳбари ўзи раҳбарлик қилаётган соҳага ажратилган маблағларни самарали ва мақсадли ишлатиш бўйича, биринчи навбатда, ўзи жавоб берадиган тизим жорий қилинишини қўллаб-қувватлайди.

Коррупцияга қарши курашиш нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг вазифаси, балки бутун жамиятнинг бурчидир. Ушбу ёндашувдан келиб чиққан ҳолда, жамиятда коррупцияга нисбатан мутлақо муросасизлик маданиятини шакллантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар ишлаб чиқилади ва кенг оммага етказиш борасида самарали тарғибот ишлари ташкил этилади.

Албатта, жамиятда бошқарув мукаммал бўлса, тараққиёт ва юксалиш кафолатланган бўлади. Давлат бошқаруви қанчалик аниқ ва хатосиз ишлайдиган механизм бўлса, халқ шунчалик фаровон ва муносиб ҳаёт кечиради. Шу нуқтаи назардан, давлат бошқаруви доимо янгиланиб борувчи, замон талабларига монанд тизим бўлиши керак. Юқорида қайд этилганидек, номзоднинг сайловолди дастурида давлат бошқарувини янада такомиллаштириш, парламентаризм ва парламент демократиясини янада ривожлантириш юзасидан қатор таклифлар ўрин олган.

Жумладан, маҳаллий кенгашларга туман (шаҳар) ҳокимларига нисбатан ишончсизлик билдириш ҳуқуқини бериш таклиф этилган. Сўнгги йилларда жойларда ижро ҳокимияти устидан самарали назоратни таъминлашда маҳаллий кенгашларга қатор ваколатлар берилди. Хусусан, ижро ҳокимиятининг маҳаллий кенгашлар олдидаги ҳисобдорлиги, бюджет жараёнини назорат қилиш каби ваколатлар шулар жумласидандир.

Номзод ўз дастурида илгари сураётган ҳокимларга нисбатан ишончсизлик билдириш ҳуқуқини маҳаллий Кенгашларга берилиши эса, келажакда ҳокимларнинг ўзларига юклатилган вазифани масъулият билан, ҳисобдорликни ҳис этган ҳолда бажаришини ва шу билан бирга, ҳокимиятларнинг ўзаро тийиб туриш механизмининг тўлақонли татбиқ этилишини таъминлайди.

Президентликка номзод Робахон Маҳмудова маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари тўлиқ хатловдан ўтказилиб, такомиллаштирилиши тарафдори. Шунингдек, маҳаллий бюджет маблағларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш учун ушбу маблағлар ҳисобидан молиялаштирилаётган штатлар сонини мақбуллаштириш ташаббуси илгари сурилмоқда.

Номзоднинг халқ вакиллари ваколатини кенгайтиришга оид яна бир ташаббуси — депутатлар иш вақтининг ярмини ўз сайловчилари билан мулоқотда ўтказишини белгиловчи тартибни жорий этиш таклифидир.

Ушбу ташаббуснинг амалиётга жорий этилиши келгусида халқ билан мулоқот қилиш тизимининг янги бир механизми шаклланишига олиб келади. Зеро, ўз сайловчилари билан кўпроқ мулоқот қилган халқ вакиллари, жумла дан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари мавжуд муаммолардан яқиндан хабардор бўлиш, аниқланган муаммолар ечимини парламент имконият ва ваколатларидан фойдаланган ҳолда таъминлаш ҳамда мулоқотлар жараёнида сайловчилар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббуслар асосида қонунчиликдаги “оқ доғларни” бартараф этиш имкониятига эга бўлади.

Номзоднинг парламент қўмиталарининг раиси ва раис ўринбосари бир партиядан бўлишини тақиқлаш ташаббуси ҳам кун тартибидаги муҳим масалалардан бири саналади.

Парламент қўмиталари раиси ҳамда ўринбосарларининг айнан битта партия фракциясидан шакллантирилишини тақиқлаш келгусида бошқа партия фракцияларининг парламент ишига, хусусан, турли соҳалар, йўналишлар бўйича қонун ижодкорлиги, парламент назоратига оқилона таъсирини оширишга сабаб бўлади.

Шунингдек, номзод ўз сайловолди дастурида давлат бошқарувида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, унда фуқаролар иштирокини кенгайтиришнинг замонавий ва самарали усулларини жорий қилиш тарафдори эканини маълум қилган.

Бу борада адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат қуришнинг барча жабҳаларида қонунийлик ва инсонпарварлик тамойилларига амал қилиш учун жамоатчилик назоратини кучайтириш катта аҳамият касб этади. Бундай назоратни ташкил қилишда сиёсий партиялар, жумладан, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси жамоатчилик ва ижтимоий ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда ҳаракат қилади.

Асосий шиори “Адолатли келажакни танлаймиз!” бўлган номзод инсон ҳуқуқларини таъминлаш учун янги имкониятларни очиш тарафдори. Шунингдек, яна қатор чора-тадбирларни амалга ошириш жамиятда демократия ривожланишига хизмат қилади, деб ҳисоблайди. Жумладан:

— тадбиркорлик субъектларига қўшимча харажатлар юклайдиган барча қоидалар фақат қонунлар орқали қабул қилинишига эришиш;

— қонунларни тўғридан-тўғри ишлайдиган механизмлар билан биргаликда қабул қилиш, бу борада парламент қўмиталари ишини кучайтириш;

— тадбиркорлик субъектлари ишига аралашмаслик, уларга оид масалаларни ижро органларидан талаб қилиш юзасидан парламент назоратини амалга ошириш.

Давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши лозимлиги янгиланган Конституциямизнинг 20-моддасида муҳим қоида сифатида алоҳида мустаҳкамлаб қўйилди.

Яъни давлат инсоннинг бирор ҳаракати учун жарима ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чорасини белгиламоқчи бўлса, мазкур принципга амал қилиши лозим. Кам аҳамиятли қилмиш учун унга мутаносиб бўлмаган оғир жазо чорасини белгилаш мумкин эмас.

Мутаносиблик билан боғлиқ нормалар кўплаб давлатлар конституцияларида белгиланган ва кўп мамлакатларнинг миллий суд амалиётида қўлланилади. Бу тамойил Марказий ва Шарқий Европанинг деярли барча давлатида, шунингдек, Лотин Aмерикаси мамлакатлари, Aвстралия ва Янги Зеландия, Жанубий Корея каби давлатларда ҳам мавжуд.

“Адолат” СДП номзоди ўз олдига юқорида қайд этилган эзгу мақсадвазифаларни белгилаб олган. Улар адолатли жамият ва ҳуқуқий давлат қуриш — ижтимоий ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш, меҳнаткаш халқимиз учун муносиб фаровон ҳаётни барпо этиш, мамлакатимизда барқарорликка ва ижтимоий адолат устуворлигига эришишга қаратилгандир.

Ишонамизки, номзоднинг бундай эзгу мақсадлари сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланади! Ўзбекистон — бизнинг умумий уйимиз. Шундай экан, унинг ҳар бир фуқароси эркин ва адолатли жамиятда, тинчлик ва фаровонликда яшашга ҳақлидир! Адолатли жамият ва ҳуқуқий давлатни биргаликда қурамиз!

Абдукамол РАҲМОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари.