Газетамизнинг бугунги сонида Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Ҳамзаевнинг Сайловолди ташвиқоти бўйича мақола чоп этилмоқда. Мазкур мақола Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларга Cайловолди ташвиқоти учун ажратилган бепул нашр майдони доирасида эълон қилинмоқда.
***
“Яшил” Тараққиёт учун овоз беринг!
Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Ҳамзаевнинг сайловолди дастури кенг жамоатчилик нигоҳида
“Табиат учун бирлашайлик!”. Бу Ўзбекистон Экологик партиясидан Президентликка номзод Абдушукур Ҳамзаев илгари сураётган ғоя ва таклифлар асосини ташкил этади. Зеро, бугун дунёни тобора эгаллаб бораётган экологик муаммолар ечими учун жаҳон афкор оммаси, мамлакатлар, минтақалар бирлашмоқда. Она табиатни экологик хавфдан қутқариш учун ҳамфикр ва ҳамжиҳатликда курашмоқда.
Дунё бўйлаб кузатилаётган иқлим ўзгаришлари, қурғоқчилик, чўлланиш каби экологик таҳдидлар бизнинг минтақамизга ҳам бевосита дахлдор масала ҳисобланади. Экологик вазият, бу борада юзага келаётган ҳар бир хавф чегара билмаслиги, жуда тезлик билан муайян минтақа доирасидан чиқиб, глобал муаммога айланишини Орол фожиаси мисолида ҳам яққол кўрдик.
Шунинг учун ҳам мамлакатда атрофмуҳит ҳолатини яхшилаш ва экологик муаммоларни тизимли равишда ҳал этишга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш ҳар доимгидан-да долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистоннинг нафақат бугунги ҳаёти, балки эртанги куни, фарзандларимиз келажаги учун ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш энг устувор вазифалар сирасига киради.
Мамлакатимизда бошланган муҳим сиёсий жараён — Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Экологик партияси ҳам ўз номзоди билан иштирок этаётгани жамиятимиз ҳаётида партиямизнинг ўрни ва нуфузини янада ошириш ва бевосита энг долзарб масалалар бўйича яқиндан мулоқот қилишга катта имкониятдир.
Партиямиздан Президентликка номзоднинг Сайловолди дастуридан Ўзбекистоннинг бугуни ва келажаги учун хизмат қиладиган кенг кўламли чора-тадбирлар мажмуи ўрин олган.
Хусусан, унда мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлаш ва “яшил” иқтисодиётга ўтишини жадаллаштириш, экологик хавфсизлик, энергетика хавфсизлигини таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, аҳоли учун қулай атроф-муҳит шароитларини яратиш каби йўналишлар бугун халқимиз дуч келаётган экологик муаммоларнинг олдини олиш ва уни бартараф этишга ечим бўладиган аниқ таклифлар мужассам.
Шунингдек, иқлим ўзгаришларига мослашиш, табиатни муҳофаза қилиш ва унинг ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи ҳудудини ижтимоий, иқтисодий ривожлантириш ҳамда қулай атроф-муҳит яратиш, табиий-техноген ҳолатлар оқибатида рўй бериши мумкин бўлган барча вазиятлар юзасидан тизимли ишларни олиб боришга оид дастурий мақсадлар ҳам сайловчиларни бефарқ қолдирмайди.
Бундан ташқари, давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан ва маданий-маърифий соҳаларни янада ривожлантиришга қаратилган таклифлар Ўзбекистоннинг “яшил” тараққиёт йўлига асослангани билан аҳамиятлидир.
Шу ўринда Ўзбекистон Экологик партиясидан Президентликка номзод Абдушукур Ҳамзаевнинг Сайловолди дастури ҳақида партия фаоллари ўз фикр-мулоҳазалари билан бўлишди.
***
Борий АЛИХОНОВ,
Олий Мажлис Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси, партия Марказий Кенгаши аъзоси:
— Мен Абдушукур Ҳамзаевни кўп йиллардан буён самимий инсон, билимли раҳбар ва олим сифатида яхши танийман. Бу инсонни нафақат республикамизда, қолаверса, минтақада экологик муаммолар ечими бўйича тажрибали ва етакчи мутахассислардан бири сифатида биламан. У меҳнаткашлиги, қатъиятлилиги ва ўз олдига қўйган мақсадлари билан тажрибали, юқори салоҳиятга эга экологларни атрофида бирлаштира олди.
Номзоднинг сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалар жамият ва давлат ҳаётининг энг муҳим масалаларини ўз ичига олган. Жумладан, мамлакатда атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш ва экологик муаммоларни ҳал этишга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш, барқарор экологик ривожланиш мақсадларига эришиш орқали атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш жараёнларини жадаллаштириш, табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, аҳолининг қулай атроф-муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини ҳамда экологик хавфсизлигини таъминлаш каби устувор вазифалар белгиланган.
Экологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида шаҳарлар Бош режасини тузишда уларда яшил майдонлар камида 30 фоизни ташкил этиши, янги турар жой бинолари қурилишида яшил ҳудудлар аҳоли сонига мутаносиб равишда бўлиши лозимлиги ҳақидаги талаб қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилади. Мана шунинг ўзи сўнгги йилларда яшил ҳудудлар қисқариб бораётгани юзасидан кенг жамоатчилик билдираётган ҳақли талабларга айни жавоб бўлади.
Яшил ҳудудларда, тоғ ён бағирлари, дарё ва кўллар соҳилларида ҳар қандай қурилишлар, албатта, экологик экспертиза ва жамоатчиликнинг тегишли хулосасидан сўнг амалга оширилишига оид талаб ҳам кўпчиликнинг дилидаги гап бўлди.
Сўнгги йилларда айрим яшил ҳудудлар ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб қурилишлар қилингани, қанча дарахтлар кесилгани ҳеч кимга сир эмас.
Охир оқибатда булар нафақат ҳудуднинг экологик ҳолатига, балки аҳолининг саломатлиги ёмонлашувига, яшаш сифати пасайишига олиб келади. Шунинг учун ҳам бугун қандай даражадаги қурилиш бўлмасин, албатта, унинг “яшил зоналари” ҳисобга олиниши шарт.
“Барқарор экологик ривожланиш Стратегияси”ни, тармоқлар ва ҳудудларнинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш индекси”ни ишлаб чиқишга оид ташаббуслар мамлакатимиз эртанги куни учун улкан аҳамиятга эга, деб ҳисоблайман. Чунки дунё ҳамжамиятида қайси мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантирмайлик, албатта, мамлакатимиз экологик ҳолатининг мана шундай кўрсаткичлари ҳам муҳим ўрин тутишини унутмайлик.
Дастурда экология соҳасидаги тарқоқ қонунчилик ҳужжатларини кодификация қилиш орқали табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш тартиби ва талабларини ягона соҳавий кодекслар, жумладан, Экология кодекси, Сув кодекси, Ўрмон кодексида мустаҳкамлашдек долзарб вазифа қўйилган.
Мамлакатимизда экология соҳасидаги қонунчиликни кодификациялаш ушбу ҳуқуқ тармоғини ривожлантириш бутунжаҳон тенденцияларига мос келади.
Номзод ўз Сайловолди дастурида чиқиндилар соҳасини тартибга солувчи, хавфли чиқиндилар, тиббиёт ва биологик чиқиндилар ҳамда қурилиш чиқиндиларини бошқаришни такомиллаштириш, атроф-муҳитга зарар етказувчи қадоқлаш материаллари ҳамда товарларга экологик йиғимнинг ҳуқуқий механизмларини белгиловчи янги таҳрирдаги “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш таклифини илгари сурмоқда. Бу эса, соҳани ҳуқуқий тартибга солиш билан бирга, чиқиндилар муаммосини ҳал этиш имконини беради.
Барчамизга аёнки, аҳолини, айниқса, ёшларни она табиатга ҳурмат руҳида тарбиялаш атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг муҳим жиҳати, гарови, десак муболаға бўлмайди. Номзод дастурида мазкур масаланинг ҳам ечими ўз аксини топган.
Шунингдек, экологик муаммоларни ҳал этишга доир стратегия ва дастурларни амалга ошириш учун давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ОАВ ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларини жалб этиш ташаббуси ҳам эътирофга лойиқ.
Сайловчиларни Ўзбекистон Экологик партиясидан номзод Абдушукур Ҳамзаевга овоз беришга чақираман!
***
Айсанем БЕГИМОВА,
Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси:
— Президентликка номзод Абдушукур Ҳамзаев Оролбўйи минтақасидаги экологик муаммоларнинг олдини олиш, экологик муаммолар ва уларнинг салбий оқибатларини бартараф этишга қаратилган дастурлар ва лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилишида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда Орол денгизи қуриши оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи минтақаси аҳолисининг соғлиғи, ижтимоий ҳимояси, ҳудудни иқтисодий ривожлантиришга ҳамда экологик мувозанатни яхшилашга катта эътибор қаратилмоқда. Номзоднинг сайловолди дастурида айнан Оролбўйи минтақасида амалга оширилаётган ишларни тизимли равишда давом эттириш кўзда тутилган.
Хусусан, Орол денгизининг экологик фалокати оқибатларини юмшатиш орқали Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни, аҳолининг яшаш шароитларини янада яхшилашга эътибор қаратилиши белгиланмоқда.
Номзоднинг дастурида Оролбўйи ҳудудидаги аҳолининг бандлигини таъминлаш, Нукус, Бухоро, Урганч, Хива, Навоий, Мўйноқ каби аҳоли яшаш пунктлари атрофида “яшил белбоғлар” барпо этиш каби муҳим масалалар белгилангани жуда аҳамиятлидир.
Мўйноқ, Қўнғирот, Қораўзак, Нукус, Чимбой ва Шуманай каби Оролбўйига яқин туманлар аҳолисини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, муҳим лойиҳаларни амалда татбиқ қилиш бугунги куннинг долзарб масаласи саналади.
Орол денгизи фожиаси натижасида сув ресурслари танқислиги, чўлланиш хавфининг ортиши, биологик хилма-хилликнинг камайиши, иқлим ўзгариши ва бошқа глобал экологик муаммолар тобора кескинлашиб бормоқда. Номзод Сайловолди дастурида Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятни юмшатишга доир вазифаларни таклиф қилар экан, айни шу масалаларга эътибор қаратмоқда. Оролбўйи минтақасига экологик инновация ва технологияларни татбиқ этиш ишларини кучайтириш орқали аҳолини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаймиз ва улар учун муносиб яшаш шароитларини яратиб, турмуш даражасини жиддий тарзда яхшилаймиз.
Шунинг учун ҳам атроф-муҳит масалаларига бефарқ бўлмаган барча юртдошларимизни Абдушукур Ҳамзаевга овоз беришга чақириб қоламан!
***
Зиновий НОВИЦКИЙ,
Ўзбекистон Экологик партияси фаоли, қишлоқ хўжалик фанлари доктори:
— Абдушукур Худойқулович республикамизда экология, қишлоқ, сув ва ўрмон хўжалиги соҳасида таниқли олим. Унинг 300 га яқин илмий иши республика ва халқаро миқёсдаги нашрларда эълон қилинган.
Номзод қишлоқ хўжалиги ва экология соҳаси илмининг инноваторларидан бири ҳисобланиб, ёнғоқ мевали экинларнинг 13 та янги навини яратган ва республиканинг 9 та ҳудудига татбиқ этган. Шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги учун муҳим бўлган картошка, тарвуз, ширин маккажўхори ва батат каби экин навларини ҳам яратган. Абдушукур Ҳамзаев томонидан 15 дан зиёд ихтиро бўйича патент гувоҳномаси олиниб, ишлаб чиқаришга кенг жорий этилган.
Мазкур тадқиқот натижалари нафақат мамлакатимизда, балки бир қатор ривожланган давлатларда юқори эътирофга сазовор бўлган. Номзоднинг мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасида илгари сураётган таклифлари ҳам юқорида таъкидланган илмий тажрибаларга асослангани ва аниқ мақсадлар кўзлангани билан аҳамиятлидир. Жумладан, суғориладиган майдонларни кенгайтириш имконияти чекланганини инобатга олган ҳолда, қишлоқ хўжалигида “ақлли” ва ресурстежамкор технологияларни амалиётга тезроқ ва жадал татбиқ этиш таклиф этиляпти. Бу орқали мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ҳар йили қарийб 1 миллионга кўпаяётган аҳолимизнинг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини қондириш, бозорларда нарх-навонинг сунъий ошиб кетмаслигига эришиш мумкин бўлади.
Абдушукур Ҳамзаевнинг илмий асосланган таклифларидан яна бири — “органик” қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кучайтириш ҳамда кимёвий воситалар ва гени модификацияланган организмлардан фойдаланишни тартибга солишдир. Олим сифатида айтишим мумкинки, Ўзбекистонда шаклланган анъанавий сабзавотчилик ва боғдорчилик маданияти генларни модификация қилиш технологияларини қўлламасдан ёки камроқ қўллаб ҳам мазали таъмга ҳамда истеъмол хусусиятларига эга бўлган экологик тоза мева-сабзавотлар етиштириш имконини беради. Бу таклиф қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий изланишлар олиб бораётган олимларимизни ҳам бефарқ қолдирмайди, деб ўйлайман.
Шу билан бирга, номзод дастурида илм-фан соҳасини ривожлантиришда экологик тадқиқот ва инновацион фаолият кўламини кенгайтиришга алоҳида аҳамият қаратилгани эътиборга молик. Бунда, энг аввало, экологик тоза, чиқиндисиз ва ресурстежамкор технологияларни ишлаб чиқишга қаратилган илм-фан ривожини жадаллаштириш ҳамда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш асосида илмий маҳсулотлар ҳажмини ошириш ва инновацион усулларни кенг жорий этиш белгиланмоқда.
***
Ҳокимхон МАКСУМОВ,
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгаши аъзоси:
— Абдушукур Ҳамзаевнинг сайловолди дастурида мамлакатда полиэтилен, полиамид таркибли қадоқлаш маҳсулотлари, бир марталик ишлатиладиган пластик ва бошқа идишлардан фойдаланишдан босқичма-босқич воз кечиш масаласи чиқиндилар билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда муҳим омил ҳисобланади.
Шунингдек, дастурда ҳар қандай инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишда, табиий ресурслар билан боғлиқ лойиҳаларни амалга оширишда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишда уларнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш ҳамда атроф-муҳитга таъсирини баҳоловчи субъектларга нисбатан қўйиладиган талабларни белгилаш каби вазифалар илгари суриляпти.
Бу табиатга етказилиши мумкин бўлган зарарнинг олдини олишда ва уни ҳисоб- китоблар асосида аниқлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шу билан бирга, ернинг унумдор қатламини муҳофаза қилиш, ундан самарали фойдаланиш, тупроқ эрозиясининг олдини олиш ва унумдорлигини сақлаш, уни қайта тиклашга қаратилган чора-тадбирлар режаси ҳам номзоднинг дастуридан ўрин олган. Кўп йиллардан буён экология соҳасида ишлаб, тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, бугун жуда кўп миқдордаги унумдор ерларимиз, ҳосилдор тупроқли катта-катта майдонлар муҳофазага муҳтож. Масалан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун ишлатилаётган кучли заҳарли пестицидларни қисқартириш таклиф этилаётгани ҳам ерларни муҳофаза қилишга ва мамлакатда экологик тоза маҳсулотлар етиштиришни йўлга қўйишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Маълумотларга кўра, республикамизда қишлоқ хўжалиги экинларини зарарли ҳашарот, касаллик ва бегона ўтлардан ҳимоя қилишда ҳар йили юқори қийматда заҳарли кимёвий препаратлар ишлатилмоқда. Бу инсон саломатлиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ масала ҳисобланади. Номзод бу усулдан воз кечиш, ўсимликларни эса касаллик-зараркунандалардан ҳимоя қилишнинг биологик усулларини тизимли жорий қилиш ташаббусини илгари сурмоқда.
Номзоднинг Сайловолди дастурига кўра, бу мақсадларнинг ҳаммасини жамлаган ҳолда, мамлакатда маҳсулотларни етиштиришда пестицидлардан фойдаланишдан тўлиқ воз кечишга йўналтирилган “Яшил Ўзбекистон — 2030” дастури ишлаб чиқилади ва амалга оширилади.
Мен номзодни ва унинг сайловолди дастурини тўлиқ қўллаб-қувватлайман ҳамда барчани Абдушукур Ҳамзаевга овоз беришга чақираман!
***
Шавкат ҲАСАНОВ,
Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиали директори, иқтисод фанлари доктори, профессор:
— Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Ҳамзаев билан меҳнат фаолиятимизни Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида бошлаганмиз.
Очиғи, сўнгги йилларда ўрмончилик соҳаси бўйича жуда кам диссертация ҳимоя қилинган, кўплаб изланувчилар илмий ишларини охирига етказа олмаган эди. Абдушукур Ҳамзаевнинг ташаббуси билан кўплаб ёшлар соҳага қайта жалб этилиб, 5-6 йил ичида 20 дан зиёд диссертация ҳимоя қилинди. Натижада ўрмон хўжалиги соҳасида фаолият кўрсатаётган олимларнинг ўртача ёши 71 дан 52 ёшга ёшарди, институтда илмий салоҳият 17 фоиздан 47 фоизга ошди.
Номзоднинг Сайловолди дастурини диққат билан ўқиб чиқдим. Айтишим керак, дастурда бугунги экологик ҳолатларга, мавжуд муаммоларга реал баҳо берилган, аниқ ечимлар таклиф этилган.
Илм-фан соҳасида фаолият юритган мутахассис сифатида сайловолди дастурида таълим, илм-фан соҳаларини янада ривожлантиришга катта эътибор қаратилганини алоҳида эътироф этмоқчиман. Жумладан, экологик таълимни ривожлантириш концепциясини ҳаётга изчил ва самарали татбиқ этиш, аҳолининг экологик билимларини оширишга қаратилган “Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш тўғрисида” дастур қабул қилиш, узлуксиз таълимнинг барча босқичларида экологик таълим-тарбия тамойилларини жорий этиш, фойдали қазилмаларни аниқлаш, қазиб олиш ва қайта ишлашнинг илмий-техник даражасини оширишга қаратилган илмий-тадқиқотларни ривожлантириш каби муҳим вазифалар устувор этиб белгиланмоқда.
Бу эса мамлакатимизда илм-фанни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
***
Васила АЛИМОВА,
Республика болалар ижтимоий мослашув маркази директори, партия Марказий Кенгаши аъзоси:
— Номзоднинг Сайловолди дастурида белгиланган тиббиёт соҳасидаги вазифалар ўзининг аҳамияти ва халқимизнинг қулай атроф-муҳитда яшаш ҳуқуқлари таъминланиши билан бевосита боғлиқ эканини таъкидламоқчиман.
Тан олайлик, экологик номақбул бўлган ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолини қийнаб келаётган касалликларни аниқлаш, табиат ва ҳайвонот дунёсига етаётган тиббий зиёнлар даражасини баҳолаш ва вазиятни яхшилаш борасидаги вазифалар бугунги кунда долзарб аҳамиятга эга.
Боиси, чекка ҳудудларда ҳам янги тиббиёт масканлари бунёд этилаётгани билан, замонавий билим ва кўникмаларга эга кадрлар билан таъминлаш, бепул бериладиган дори-дармон таъминотини яхшилаш, тез тиббий хизмат тизимини яхшилаш, аҳоли ўртасида касалликлар кўпайиши ва камайиши, сурункали касалликлар турининг ўзгариб бориш тенденциялари бўйича ҳали қилинадиган ишлар бисёр.
Яна бир масала. Кейинги вақтларда йирик шаҳарларимизда атмосфера ҳавосининг ифлосланиши билан боғлиқ вазият жиддий муаммога айланиб боряпти. Номзод томонидан таъкидланган атмосфера ҳавосига салбий таъсир кўрсатувчи ҳар қандай хўжалик фаолияти турини ифлослантирувчи моддаларни тозалаш ускуналари билан жиҳозламасдан лойиҳалаштиришни тақиқлаш, бу борада жамоатчилик назоратини кучайтириш, ҳар қандай ноқонуний қурилиш учун жазо муқаррарлигини таъминлаш аҳолимизнинг айни кўнглидаги истаклар, дейиш мумкин.
Атроф-муҳитга меъёрдан ортиқча ифлослантирувчи моддаларни чиқарганлик учун компенсация тўловларини 5-10 баробаргача ошириш ташаббусини ҳам халқимиз саломатлигини таъминлаш учун, албатта, самарали чора сифатида баҳолайман.
Мен бир шифокор сифатида мазкур ҳаётий муҳим бўлган масалалар Президентликка номзоднинг Сайловолди дастуридан ўрин олганлигини олқишлайман ва ҳаётга жорий этилиши аҳоли саломатлигини муҳофазалашга ҳисса қўшади, деб ҳисоблайман.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, атрофмуҳит масалаларига бефарқ бўлмаган барча юртдошларимизни Абдушукур Ҳамзаевга овоз беришга чақириб қоламан.
***
Носиржон АМИНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзоси:
— Номзоднинг Сайловолди дастурида мамлакатимиз аҳолиси учун қулай яшаш шароитларини яратиш мақсадида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида барча чораларни амалга ошириш белгиланган.
Аввало, инсон саломатлиги ва хавфсизлиги учун муҳим бўлган марказлашган ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимларини яхшилаш бўйича дастурий вазифаларни амалга ошириш орқали аҳолининг тоза ичимлик сув таъминотини тубдан яхшилаш, шунингдек инсоният ҳаёти учун энг муҳим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг сифат кўрсаткичлари экологик нормативларга мувофиқлигини таъминлаш, ер ресурслари муҳофазасини таъминловчи устувор вазифаларни амалга ошириш белгиланган.
Ер ресурслари аҳоли турмуш фаровонлиги, давлатнинг иқтисодий салоҳияти учун моддий неъмат бўлиб, ундан ҳар қандай шароитда ҳам оқилона, унумли фойдаланишни ташкил этиш мамлакатнинг бугуни ва келажаги учун ўта муҳим вазифа ҳисобланади. Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиққан ерларни қайта фойдаланишга киритиш бўйича аниқ мақсадлар кўзда тутилмоқда. Тупроқнинг унумдор қатлами бузилиши билан боғлиқ жараёнларда, кейинчалик ерни рекультивация қилиш ёки унумдорлиги паст ерларда фойдаланиш учун тупроқнинг унумдор қатлами олинишига чек қўйиш борасида давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш таклиф этиляпти.
Бир сўз билан айтганда, номзод томонидан таклиф этилаётган дастурий мақсадлар жамиятимизнинг бугунги кундаги долзарб муаммолари ечимига йўналтирилган стратегик вазифаларни тўлиқ қамраб олган бўлиб, уларни амалга оширишда давлат дастурларига мувофиқлаштириш мамлакатнинг барқарор ривожланишига, халқнинг фаровон ҳаётига замин яратади.
Барчани Абдушукур Ҳамзаев номзодини қўллаб-қувватлаб овоз беришга чақираман!
***
Ҳафиза АРТИКОВА,
Бухоро давлат университети агрономия ва биотехнология факультети декани, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор:
— Мен олий таълим тизимида ишлайман. Дунёда ривожланган давлатларнинг тараққиёт тенденциясини кўрсангиз унга фақат илм-фан ривожини таъминлаш орқали эришилганига гувоҳ бўласиз. Олим инсон ҳар бир ишга илмий ёндашади ва энг муҳими, ҳар бир иш натижасининг зарар келтирувчи жиҳатлари бўлмаслигига эътибор қаратади.
Президентликка номзод Абдушукур Ҳамзаевнинг мамлакатимиздаги кўзга кўринган олимлардан бири эканини алоҳида эътироф этган ҳолда, Сайловолди дастурида ҳам кўзланган мақсадларга илмий ёндашилгани, аниқ ечимлар таклиф этилганини таъкидлаш жоиз.
Дастурда пластмасса маҳсулотлари учун муқобил материаллар ва маҳсулотларни ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, пластмасса маҳсулотлари ишлаб чиқариш, улардан фойдаланиш ва утилизация қилиш қоидалари ижроси устидан назоратни кучайтириш таклиф этилмоқда. Бунинг аҳамияти шундаки, шу орқали тобора долзарб масалага айланиб бораётган чиқинди муаммоларининг олдини олиш мумкин. Мисол учун, бугун мамлакатимиз саноат корхоналарида йилига ўртача 115-120 миллион тонна саноат чиқиндилари ҳосил бўлмоқда, полигонларда 3,5 миллиард тоннага яқин шундай чиқиндилар йиғилиб қолган.
Бундан ташқари, номзод чиқиндилардан иккиламчи фойдаланиш чора-тадбирларини амалга ошириш учун бир қатор амалий таклифларни ўртага ташламоқда. Сайловолди дастурида қайд этилганидек, бир марталик ишлатиладиган пластик ва бошқа идишлардан фойдаланишдан босқичма-босқич воз кечиш вақти етди.
Экологик мувозанатни таъминлашда биохилма-хилликнинг аҳамияти беқиёс. Номзод томонидан айнан биохилма-хилликни сақлаш, унинг иқтисодий, эстетик, соғлиқни сақлаш, туризм ривожига таъсир этиш жиҳатларини эътиборга олган ҳолда, ноёб турлар ва экологик тизимларни сақлаб қолишнинг самарали йўллари таклиф этиляпти. Жумладан, камёб ва кескин камайиш хавфи остида турган ҳайвонларни овлаш ва ўсимлик турларини табиатдан ажратиб олишга 10 йиллик мораторий эълон қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.