Нукусда “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудованинг қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия Марказий аппарати ва Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ходимлари, партия фаоллари, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Учрашувни номзоднинг ишончли вакили партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Нурлибай Қайипбергенов кириш сўзи билан очди. Шундан кейин бош ишончли вакил Иномжон Қудратов учрашув қатнашувчиларини номзоднинг таржимаи ҳоли ва меҳнат йўли билан таништирди.
Тадбирда “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудова сўзга чиқиб, деярли икки миллионга яқин халқ яшаётган Қорақалпоғистон Республикасида сўнгги йилларда иқтисодиёт, саноат, қурилиш, ахборот технологиялари, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳалари жадал ривожланиб, янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга алоҳида ҳисса қўшаётганлигини таъкидлаб ўтди. Учрашув иштирокчиларини ўзининг сайловолди дастурининг аҳамиятли йўналишлари билан яқиндан таништирди.
Таъкидланганидек, дастурда илгари сурилган ғоя ва мақсадлар Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг дастурий мақсадларига ҳар томонлама уйғун бўлиб, давлат ва жамият турмушининг барча соҳаларида адолат тамойилини тизимли таъминлашга хизмат қилади.
Жумладан, номзоднинг дастурида ҳуқуқий давлат барпо этиш, ижтимоий адолатни ўрнатиш, миллий иқтисодиёт, илм-фан, инновациялар ва таълим соҳаларини доимий ривожлантириш,халқнинг саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, хотин-қизлар ва ёшларнинг сиёсий фаоллигини ошириш каби аҳамиятли вазифалар илгари сурилмоқда.
— Маълумки, янги таҳрирдаги Конституциямизда Ўзбекистон дунёвий давлат деб эълон қилинди, -дейди ўз маърузасида Президентликка номзод Робахон Махмудова. -Биз ушбу конституциявий тамойилни амалда тўлиқ татбиқ этиш, мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш йўлидан борамиз.
Шунингдек, номзод ўз маърузасида инсонларнинг кескин бўлинишига йўл қўймайдиган ижтимоий сиёсат юритиш масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Номзоднинг дастурида дунё сиёсий амалиётида кенг қўлланиладиган ижтимоий демократик ғоялар-эркинлик, адолат, ўзига хос миллийлигимиз, халқимизнинг менталитетига уйғун ҳолда ифода этилгани учрашув қатнашчиларида алоҳида қизиқиш уйғотди. Қолаверса, Орол минтақасида яшовчи кўп миллатли Қорақалпоғистон халқининг тақдири билан узвий боғлиқ бўлган экологик муаммоларга ижобий ечим топиш масалалари ҳам номзоднинг дастуридан ўрин олган.
Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Қўмитаси раиси, партиянинг Жўқорғи Кенгесдаги фракцияси раҳбари Д.Қурбаниязов, Тўрткўл туманидаги Яшнобод маҳалла фуқаролар йиғини раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Ў.Аллабергенова, партия фаоли П.Хожабеков, Ёшлар парламенти аъзоси Д.Хакимбоевлар сўзга чиқиб,партиядан Президентликка кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастури хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Шунингдек, сўзга чиққанлар тадбир қатнашчиларини бўлажак сайловда партиядан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлашга чақирди.
— Номзоднинг сайловолди дастурида илгари сурилган адолатли жамият ва ҳуқуқий давлатни барпо этишда таълим, илм-фан ва инновациянинг аҳамиятини орттириш,таълим соҳаси ходимлари ва илм-фан билан шуғулланувчиларни қўллаб-қувватлаш масалалари менда алоҳида қизиқиш уйғотди, -дейди партия фаоли Палмурза Хожабеков.
-Айниқса, илмий тадқиқотлардан олинган ижобий натижаларни, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларга тадбиқ этиш орқали мамлакатнинг иқтисодий қудратини янада мустаҳкамлаш жуда аҳамиятли масала. Бу илм-фан, таълим-ишлаб чиқариш тизимларининг ўзаро боғлиқлигини таъминлашга,мамлакатимизнинг янада ривожланишига хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Робахон Махмудова учрашув қатнашувчиларининг қизиқтирган саволларига жавоб берди.