Мўйноқ туманида Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Хамзаевнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари,партия Марказий аппарати ва Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ходимлари, партия фаоллари,кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Учрашувда номзоднинг Қорақалпоғистон Республикасидаги ишончли вакили Лейли Сеитова Президентликка номзод Абдушукур Хамзаевнинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Шундан кейин Ўзбекистон Экологик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Абдушукур Хамзаев сўзга чиқиб, Оролбўйи минтақасида ижтимоий-иқтисодий ва экологик ҳолатни яхшилаш энг аҳамиятли вазифаларимиздан эканлигини таъкидлаб ўтди ҳамда сайловолди дастури билан таништирди.
Таъкидланганидек,дунёда инсониятни ўйлантираётган экологик муаммолар борган сари мураккаблашиб бормоқда. Йилдан йилга глобал иқлим ўзгаришлари, ҳаво ҳароратининг исиб бориши, қурғоқчилик каби катта экологик хавфлар дунё халқини ташвишга солмоқда. Олимлар, сиёсатчилар, ҳар бир давлат, минтақа олдига янги вазифалар қўйилмоқда. Юқорида келтирилган масалалар Ўзбекистон учун ҳам долзарб ҳисобланади. Ўзбекистон Экологик партиясидан Президентликка номзод А.Хамзаевнинг “Яшил тараққиёт учун!” шиори остидаги сайловолди дастурида экологик барқарорликни таъминлаш ва табиий ресурсларрдан самарали ҳамда оқилона фойдаланиш, “Яшил” иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш орқали халқимизнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқариш,халқимиз ва келажак авлод учун муносиб турмуш шароитларини яратиш каби вазифалар қамраб олинган.
Жумладан, дастурда экологик барқарор тараққиётга йўналтирилган “яшил сиёсат” ни ҳаётга татбиқ этиш, халқнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш,қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришга қаратилган “Яшил энергетика Стратегияси”ни ишлаб чиқиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, Орол инқирози оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи минтақасини янада ривожлантиришга қаратилган аҳамиятли таклиф ва ташаббуслар ўрин олган.
Қайд этилганидек, сўнгги йилларда Қорақалпоғистонда маҳаллий саноат сезиларли даражада ўсиб янги иш ўринлари яратилди. Шунингдек, халқнинг муносиб яшаши ва ишлаши учун шароитларни яхшилаш бўйича ечимини кутаётган аҳамиятли масалалар ҳам кўп.
Номзоднинг дастурида иқлим ўзгаришининг асосий фактори бўлган Орол денгизининг экологик инқирози оқибатларини юмшатиш орқали минтақада экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни, халқнинг яшаш шароитларини яхшилаш бўйича бир қатор чоралар энг аҳамиятли вазифа сифатида белгиланган.
Жумладан, Оролбўйи ҳудудида ижтимоий-иқтисодий ва экологик ҳолатни яхшилашга давлат бюджети, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтларнинг маблағларини мақсадли сарфлаш,денгизнинг қуриган тубини ўрмонзор билан қоплаш бўйича тадбирларни давом эттириш, кўчат етиштириш ва ўрмончилик фаолиятига давлат хусусий шериклик тизимини татбиқ этиш орқали Оролбўйи халқининг бандлигини таъминлаш мақсад қилинган. Шунингдек, Нукус, Бухоро, Урганч, Хива, Навоий, Мўйноқ каби аҳоли пунктлари атрофида “Яшил белбоғлар” яратиш ишлари жадаллаштирилади.
Халқаро аҳамиятга эга бўлган сувли-ботқоқли ҳудудлар (Рамсар конвенцияси) рўйхатига киритилган Айдар-Арнасай кўллар тизими, “Теңгиз көл”, “Қуйимзар”, “Тодакөл”, “Судочье-Ақбеткей” сув сақлагичлари экотизимини муҳофаза қилиш, ҳудудларда иқлим ўзгариши билан боғлиқ жараёнларни назорат қилиш мақсадида замонавий илмий станцияларни ташкил этиш каби аҳамиятли ташаббуслар илгари сурилган.
-Бутун дунёда глобал иқлим ўзгариши бўйича ҳолат мушкуллигича қолмоқда. Дунё экспертларининг фикрига кўра, 2050 йилга бориб глобал исиш жараёнлари янада жадаллашади ва ҳаво ҳарорати ҳозиргига солиштирганда 2-3 градус иссиқ бўлиши башорат қилинмоқда.
Айниқса, Марказий Осиё мамлакатларида Орол денгизининг қуриши билан боғлиқ ҳолатлар халқнинг саломатлигига янада кўпроқ таъсир кўрсатиши таъкидланмоқда. Бу бўйича шошилинч чоралар кўрилмаса,келажакда глобал даражадаги муаммолар бундан ҳам аянчли бўлиши мумкин. Юқоридаги вазифаларни амалга оширишда менга қорақалпоғистонлик ватандошларимизнинг ишончи жуда муҳим, -дейди Абдушукур Хамзаев.
Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати М.Гаипов, Самарқанд ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали директори А.Есимбетов, Қорақалпоғистон Республикаси экология ва атроф муҳитни ҳимоя қилиш қўмитаси бўлим бошлиғи Б.Ибрагимов ва бошқалар сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод ва унинг дастурини қўллаб-қувватлашга чақиришди.