БУНЁДКОРЛИК МЕҲНАТ ОРТИДАН ЯРАЛАР


Хўжайли туманида аёл-қизларнинг муаммоларини ҳал қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва муносиб турмуш шароитини яратиб бериш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар кўзни қувнатади. Жумладан, тумандаги «Шағала кўл» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Шарофат Юлдашева аёл-қизлар учун яратиб берилаётган имкониятлардан фойдаланиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлаган қўли гул тикувчилардан.

– Мактаб давридан тикувчиликка қизиққанман, бирор жойга борсам ёки кимнидир эгнида  чиройли русумдаги либосни кўрсам, дарров ўшани тикиш ҳаракатига тушардим. Неча бор хато қилганман. Қизиқишим устун келиб қайта-қайта уринардим. Йиллар ўтди. Билдимки, қизиқишнинг ўзи етмас экан. Устозлар кўмагида қўлим анча келишиб қолди ва 1995 йилдан уйда тикувчилик билан шуғуллана бошладим. Кейинчалик дизайнерликни мустақил ўргандим. Ҳозирда аксар либосларга ўз чизмаларим асосида тикишни йўлга қўйганман. Қачонлардир қилган орзуларим ушалиб, кичиккина бўлса-да тикув цех фаолиятини бошлаганмиз. Ҳатто, “Аёллар дафтари”дан чиқиб ҳам олдик.  Бизда тадбиркорлик ёки бошқа бирор ишни қилиш истагида бўлганлар учун  имкониятлар эшиги кенг очилган.

Ниятим, цехни кенгайтириш орқали яна 30-40 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш. Гўзалликни қадрлайман. Шу боис либосларнинг чиройли ва сифатли чиқишига алоҳида эътибор қаратаман. Шогирдларимдан ҳам шуни талаб қиламан. Чунки сифат бирламчидир. Эрталаб ишга отланар эканман, равон йўллар, кўркам бинолар ҳайратимни оширади, меҳнаткаш халқимнинг эртанги кун умидидаги ширингина ташвишлари  менга илҳом бағишлайди, -дейди Шарофат Юлдашева дилидаги гапларини тилига чиқариб.

2022 йил бошида имтиёз асосида 33 млн. сўм кредит олиб тикув машиналари харид қилган Шарофат 20 нафардан зиёд иш ўрни яратишга эришди. Маҳоратли тикувчи эмасми, қозоғистонлик буюртмачилар билан ҳамкорликниям яхши йўлга қўйган. Миллийликни замонавийлик билан уйғунлаштириб либос тикаётган цех ишчиларининг буюртмалари кундан кунга ортиб бораётгани оилаларига даромад бўлиб кираётгани, қизларни янада руҳлантираётган бўлса ажабмас. Чунки  маҳсулотлари харидоргир. Бу эса моддий таъминотни яратади.

Бугунги кунда «Аёллар дафтари» ижтимоий ҳимояга муҳтож кўнгилларга малҳам бўлиб келмоқда. Мақола қаҳрамонларидан бири “Саришунгил” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи,1-гуруҳ ногирони Насиба Абдуллаева ревматизмнинг оғир турини бошдан кечирган бўлиб, асоратлар йиллар ўтиб уни тўшакка михлаб қўйган. Бахтга қарши оиласида ҳам келишмовчиликлар юзага келиб, ижтимоий шаҳарчадан унга бир хонали уй ажратиб берилган. Қизи Бегзодахон билан мазкур шаҳарчада истиқомат қилаётган Насиба «Отанг маҳалла-онанг маҳалла» тушунчасини мазкур шаҳарчада ҳис қилиб яшамоқда. Уни бу ерда ёлғизлатиб қўйишмайди. Маҳалла ва ҳокимият ёрдамида оёғи операция қилиниб, тиззага эндопротез қўйилган. Унинг айтишича, иккинчи оёғига операцияни кузда қилишар экан. Оёққа туриб, юриб кетишини орзиқиб кутаётган Насиба шу ҳолида ҳам тиним топмас, қўл ишларини бажаришдан чарчамайди.

– Ҳаёт синовларга тўла экан. Оёқларимдаги оғриқлар йиллар ўтиб кучая борди ва оқибатда юролмай қолдим. Кимнингдир ёрдамига муҳтож бўлиб қолиш оғир нарса. Шукрким, давлатимиз мени ташлаб қўймади, ҳозирда бир оёғимда ҳаракат бор, қўлтиқтаёқда бўлса-да, ҳаракатланяпман. Бошпанам борлиги эса кўнглимга хотиржамлик бағишлайди. ”Ўз уйим, ўлан тўшагим” дея бежиз айтишмаган экан. Бундай шароитларни яратиб бераётган Президентимизга ташаккурларимни сўз билан ифода қила олмайман. Қизим ўқишдан остона хатлаб уйга кирар экан, унинг кўзларида қувончни кўраман. Бундай  ҳисни туйиб яшаш ҳам бир бахт, -дейди Насиба Абдуллаева.

“Аёллар дафтари”ни варақлар эканмиз, ҳеч бир кимса эътибордан четдан қолмаётгани-ю, гарчи, дард оғирлик қилса-да,  у билан курашаётган, ҳаётдан розилиги бисёр Насибанинг турмушига мазмун киргани, мақсадларидан  асло ортга чекинмай  ўз йўлини аллақачон топган Шарофат сингари аёл-қизларнинг юртимиз ривожи йўлидаги сай-ҳаракатларида боқимандаликдан йироқ фазилатларни кўриш мумкин. Меҳнаткашлик қонимизда бор халқмиз, фаровон ҳаёт, бунёдкорлик меҳнат ортидан яралади.

Фотима АБДУРАИМОВА.